Швеция ҳақида Обидхон қорининг гувоҳликлари

Ризқ берувчи, тақдир битувчи – Аллоҳ.

Оврўпо давлатига келганимиздан сўнг биз эришган энг катта неъмат диний фаолиятимизни бемалолроқ давом эттириш имконияти бўлди.

Бу ерда масжид ва исломий мактаб ташкил қилиш, болалар учун хусусий боғчалар очиш, хоҳлаганча китоблар чоп этиш, газета-журналлар чиқариш, турли ташкилот ва бирлашмалар тузиш, шахсий завод-фабрикаларга, катта бизнесга эга бўлиш ва ҳоказо ишларга йўл очиқ.

Бу ерда билимингиз ва мутахассислигингиз бўлса, сиз жуда қадрли одам бўласиз. Билимингиз бўлмаса, ўқишингиз учун шароит яратиб беришади, пул тўлашади – илм оласиз. Бу ерда ҳамма меҳнат қилади ёки ўқийди. Меҳнатига яраша ҳақ олади.

Биз каби ўзга мамлакатдан келганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонунда ерли аҳоли билан баб-баробар қилиб қўйилган…

  • Ижтимоий адолат:

Бу ердаги ижтимоий адолат Ўзбекистон учун ўрнак бўладиган даражада.

Бу тартибларни кўриб тарих китобларида ўқиганларимиз эсга тушади. Инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти, фаровонлиги учун Ислом динимиз кўрсатмаларининг қанчалик зарур ва фойдали эканига иқрор бўламиз.

Бу ернинг аҳолиси Ислом динига эътиқод қилмаса ҳам, давлат ва жамият бошқарувининг жуда кўп жабҳаларида, айниқса ижтимоий адолат соҳасида Ислом дини талаб қилган меъёрларни қўлламоқда.

Ушбу мамлакатдаги кўпгина тартиблар бир пайтлар мусулмонларда амалда бўлган…

  • Сўз эркинлиги ва уламоларнинг мавқелари:

Бу ердаги сўз эркинлигини мушоҳада этиб, бир Ўзбекистондаги юқоридан белгилаб бериладиган расмий фикрни, бир халифалар замонидаги эркинликларни кўз олдингизга келтирасиз.

Бу мамлакатдаги мухбир ва журналистларнинг таъсири шунчалик юқорики, буни кўриб мен қадим замонлардаги уламоларнинг мавқеларини эслайман. Уламолар ўша даврларда давлат бошлиқларига бемалол ўз сўзларини айтар, насиҳатлар қилар эдилар. Ўша пайтларда подшоҳлар уламолардан чўчиб туришган.

Уламолар худди бугунги матбуот каби халқнинг ташвишу қувончларини, орзу умидларини ифода этишган.

Машҳур олимлардан Имом Авзоий вафот бўлганларида шаҳар ҳокими у кишининг қабри устида шундай деган экан:

«Эй Имом, Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, Аллоҳга қасамки, мен ўзимни бу мансабга тайинлаган одамдан кўра кўпроқ сиздан қўрқар эдим».

Яъни ҳоким уни тайинлаган подшоҳдан эмас, бирор мансаби йўқ бир олимнинг ҳақ сўзидан чўчир эди.

Бу мисол ўша замон аҳлининг сўз ва эътиқод эркинликлари қай даражада бўлганини кўрсатади…

Бугун бу ерда матбуот шунга ўхшаш вазифани бажармоқда. Бу ерда ҳам давлат бошлиқлари, амалдорлар матбуотдан жуда-жуда эҳтиёт бўлишларини кўрдик. Матбуот ва суд мустақил кучга эга. Амалдорлар ҳам шунга мослашган. Улар тўғри ишлашга ҳаракат қилади ва матбуот билан бемалол мулоқот қилишга ўрганган. Оддий мухбирлар ҳам давлат раҳбаридан заррача чўчимайди. Агар телевидениеда Бош вазир билан бир журналист суҳбат ўтказаётган бўлса, уларнинг ўзини тутишини кўриб, Бош вазирдан кўра журналист эркинроқ деб ўйлайсиз. Давлат раҳбари матбуотга таъсир ўтказишни хаёлига ҳам келтирмайди. Агар шундай қилишга салгина уринса, обрўси тўкилади. Бирор мансабдорнинг қандайдир айби билиниб қолса, ҳамма ёқда шов-шув кўтарилиб кетади. Одамлар матбуотга қаттиқ боғланган.

  • Адолат ҳукмронлиги:

Оддий инсонлар каби мен ҳам атрофдагиларни кузатар эканман, уларнинг кўзга ташланиб турадиган алоҳида сифатларига эътибор қаратаман. Инсонга баҳо беришда ҳар кимнинг ўзига хос ўлчов меъёри бўлади. Мен учун инсоннинг (хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ мусулмон бўлмасин), адолатга муносабати муҳимроқдир. Чунки мана шу нуқтада Одам боласининг маънавий қиёфаси яққол намоён бўлади.

Агар инсон мусулмонман десаю адолатни яхши кўрмаса, ҳаётда адолатга интилиб яшамаса, у куфрга яқинлашиб, Аллоҳдан узоқлашаётган одам бўлади. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири Ал-Адлдир. Адлни ёқтирмаган, адлга интилмаган одам ўзи биладими, билмайдими Аллоҳни ёқтирмаётган, Унга интилмаётган, балки Ундан узоқлашаётган, жаҳаннамга яқинлашаётган одамдир.

Агар инсон кофир бўлса ҳам адолатни ёқтирса, унга интилса, одамлар унга ўзларини яқин оладилар. Мусулмонлар учун ҳам бу инсон эътиборли ва қадрлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам адолатли инсонларни мақтаганлар. У зот Макка мушрикларининг мусулмонларга нисбатан таъқиблари, қийноқлари ҳаддан ошган пайтда ҳимоясиз инсонларни Ҳабашистонга ҳижрат қилишга буюрган эдилар. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом насоро динида бўлган ҳабаш ҳукмдори Нажошийни адолатли подшоҳ деб мақтаганлар. Бугунги кунда кўплаб мусулмонларнинг Оврўпо давлатлари каби насроний мамлакатларга ҳижрат қилишлари мана шунга қиёсланади.

Қуръони каримда айтилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ لِلَّهِ شُهَدَاءَ بِالْقِسْطِ وَلا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلا تَعْدِلُوا اعْدِلُوا هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ [ المائدة: 8 ]

«Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳ учун адолатга гувоҳ бўлган ҳолингизда ҳақ билан ҳамиша қоим турингиз . Бир қавмга бўлган нафратингиз сизларни адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолатли бўлинг. Бу тақвога яқиндир. Аллоҳдан қўрқингиз. Шубҳасиз Аллоҳ ҳамма қилаётган ишларингизни яхши билувчидир».

(Моида, 8).

Муфассирлар бу оят тафсирида айтишади:

«Хоҳ дўст бўлсин, хоҳ душман бўлсин, ҳар бир инсон учун адолатли бўлинг».

(Ибн Касир).

Бундан кўринадики, дўсту душманга баробар адолатли бўлиш Аллоҳдан қўрқадиган одамларнинг сифатларидир.

Биз бу ерга келгунимизча ҳам, бу ерга келиб ҳам адолат ва ҳақиқат ҳақида кўп ўйлаймиз, суҳбатлашамиз…

  • Суд тизимининг мустақиллиги:

Бу ерда судларнинг мустақиллиги ҳам аҳамиятга молик масала.

Ҳамма ерда бўлгани каби бу мамлакатда ҳам мусулмонларга шубҳа кўзи билан қарайдиганлар учрайди. Ислом динига нафратини ошкор кўрсатадиган одамлар чиқади. Аммо бу ерда ҳар ҳолда қонунлар амал қилади. Ўз ҳақингизни ҳимоя қиламан десангиз, сизга йўл очиқ. Одамлар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб ютиб чиқишга ишонадилар. Ҳижобга қаршилик қилгани учун судга тортилиб, катта жарималар тўлаб қутулган амалдорлар ёки хизматчилар ҳақида хабарлар чиқиб туради.

Ўзбек ҳукумати эса мусулмонлик даъво қилгани ҳолда «ибодат либоси» деган чучмал иборалар билан ҳижобга қарши қонун чиқариб қўйган.

Маълумки, судлар ҳамма даврларда, Ислом мамлакатларида ҳам, ғайри исломий юртларда ҳам адолат рамзи бўлиб келган. Суднинг мустақиллиги ниҳоятда муҳим масала.

Қанийди, бизнинг юртларда ҳам суд ҳокимияти мустақил бўлсаю ҳокимлар, вазирлар қора стулларга ўтқазилиб тергов қилинётганини Ўзбекистон телевидениеси суд залидан бевосита дунёга узатиб турса!.. Президентнинг судъялар рўпарасида туриб жавоб бераётганини-ку, одамлар тасаввур ҳам қила олмайдилар. Аммо Аллоҳга осон, хаёлда эмас, ҳаётда шу нарса амалга ошиб қолса-чи?!…

  • Дўзахий ва жаннатий қозилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида келади:

«Қозилар уч тоифа бўлади. Уларнинг икки тоифаси дўзахда, бир тоифаси жаннатдадир. Нохақ ҳукм чиқарган ва буни ўзи ҳам билиб турган қози дўзахдадир. Ўзи билмаган ҳолда одамларнинг ҳаққини йўққа чиқарган қози ҳам дўзахдадир. Қайси қози ҳақ билан ҳукм қилса у жаннатдадир».

(Термизий ривояти).

Ўзбекистонда неча минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритган қозиларнинг қандай аҳволга тушишларини одамлар яқинда Қиёмат куни кўрадилар.

  • Адолатли давлат узоқ умр кўради, золим давлат умри қисқа:

Уламолар айтадилар: агар давлат адолат билан ҳукм юритар экан, у кофир давлат бўлса ҳам Аллоҳ давомли қилиб қўяди. Давлат агар адолатдан айрилса, у исломий бўлса ҳам албатта қулайди. Чунки Аллоҳ бандаларига зулмнинг узоқ давом этишига рози бўлмайди.

Биз яшаётган мамлакат адолат борасида Ўзбекистон учун ибрат ва намуна бўла олади.

Бу айтилганлар билан бир қаторда бу ернинг ўзига хос мураккаб томонлари, қийинчиликлари ҳам мавжуд.

Аммо инсон ўз иймонида ва ҳақ сўзида мустаҳкам бўлса, қаерда бўлса ҳам иншоаллоҳ Аллоҳнинг мадади ва нусратига мушарраф бўлади.

  • Швед ҳукуматининг болаларга бўлган эътибори:

Швед ҳукуматининг болаларга бўлган эътибори жуда ҳам кучли экани биз ўзбекистонликлар учун ниҳоятда муҳим.

Бу мамлакат мусулмон мамлакати эмас, шунинг учун эътиқод, урф одат ва аҳлоқи, турмуш тарзи ўзига хос.

Бироқ бу ерда болалар ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамма нарсадан устун туради. Ўзбекистонда эса бу йил ҳатто 8 ёш болаларгача далага олиб чиқилгани ҳақида матбуотда ёзилди.

Бу ерда боғчаларни қўяверасиз, аммо мактаблару касалхоналарнинг ҳаммасида, кўпгина магазинларда болалар учун алоҳида бўлимлар ташкил қилиниб, турли-туман ўйинчоқлар қўйиб қўйилган бўлади.

Буларни кўриб юртимиздаги синиб, эскириб кетган ўйинчоғи бор болани кўрганда ҳавас билан қарайдиган болалар кўз олдимизга келади.

Бу ерда мактаб ўқувчилари ниҳоятда қадрланади. Таълим системасининг афзал томонлари кўп. Мактабда ўқув шароитлари жуда кенг.

  • Диний эркинликлар:

Мусулмонларнинг фарзандлари учун қўшимча шароитлар яратилган. Мактабга қандай кийимда келиш ўқувчининг ўзининг ихтиёри. Муслима қизлар дарсга ҳижобда қатнашади. Намоз ўқиш учун мусулмон ўқувчиларга алоҳида хоналар берилган. Мактабда улар учун алоҳида қозонда ҳалол овқат тайёрланади.

  • Ҳар бир миллат она тилини ва урф-одатларини сақлаши:

Агар битта мактабда, масалан, бешта ўзбек боласи бўлса, шулар учун мактаб маъмурияти она тилларини ўқитадиган алоҳида ўқитувчи ёллайди. Фарзандларимиз алҳамдулиллоҳ мактабда ўз она тиллари – ўзбек тилини ҳам ўқияптилар. Яқинда мактаб ўқувчилари учун бир ҳафтали каникул таътил берилди. Бир биродаримиз ўзининг 8 ёшли ўғлини каникулда дам олиб кетиш учун биз турган шаҳарга юборди. У бола бир ўзи 900 км узоқдаги шаҳардан самолётда учиб келди. Швеция ҳаво йўллари хизмати доирасида болаларнинг сафар қилишлари учун алоҳида хизмат турлари ташкил қилинган. Қайси бир ота-она боласини бошқа шаҳарга юбормоқчи бўлса, аэропротга олиб чиқади. Аэропорт ходимлари болани қабул қилиб оладилар ва сафар давомида унга ҳамроҳ бўладилар. Самолёт манзилга қўнганда болани кутиб турган қариндошига топширадилар.

  • Она ватанимизга қайтиш орзуси:

Агар Ўзбекистон диёри мусулмонлар учун эркин мамлакатга айланса, биз иншоаллоҳ ҳаммамиз албатта қайтамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда муаммоларнинг ҳал бўлиши, жамият тараққиёти, унинг покланиши, турли иллатлардан халос бўлиши мусулмонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигига боғлиқ.

Ўзбекистондаги муаммолар ва уларни ислоҳ қилиш йўллари жуда кўп жиҳатдан давлат ва дин орасидаги муносабатга боғланиб қолган.

Агар давлат мусулмонларга нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирса, аҳвол ҳам тубдан ўзгаради…

(Шайх Обидхон қори, Би Би Си радиоси, тақдирлар рукни, 2008 йил)

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi