“Етим бола боқсак, балоғат ёшига етгач номаҳрам бўлиб қолмайдими?”

Савол: Домла, кўп йилдан бери яратган Раббим фарзанд бобида синов беради… Етимхонадан бола олиб боқса бўладими? Ўғил бола олсак, балоғат ёшига етганда менга номаҳрам бўлиб қолмайдими? Қандай болани олиб боқса бўлади? Наслини билишимиз шартми? Шулар ҳақда озгина маълумот берсангиз. Жазокаллоҳу хайран. Аллоҳ сизларни доим паноҳида сақласин, омин. Жавобингизни кутамиз.

Муслима.

Жавоб: Етимхонадан бола олиб боқиш жоиз. Етимни ўз қарамоғига олиш улуғ савобли амаллардандир. Аммо боланинг наслини албатта суриштириш лозим. Аллоҳ таоло айтади:

ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّهِ فَإِن لَّمْ تَعْلَمُوا آبَاءهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ. (الأحزاب\5 ).

«Уларни ўз оталари номи билан чақирингиз. Шу Аллоҳ ҳузурида энг адолатли йўлдир. Агар уларнинг оталарини билмасангиз, бас улар сизларнинг диндаги биродарларингиз ва ёрдамчиларингиздир». (Аҳзоб/5).

Аллоҳнинг кўрсатмаларидан маълум бўладики, Исломда ҳар бир инсонинг насл-насаби сақланиши зарур. Агар бола кимнинг наслидан экани маълум бўлса, унга исм берганда фалончининг ўғли (қизи) деб, албатта ўз отасига нисбат берилади. Агар наслини билишнинг иложи бўлмаса, боланинг ўзига исталган бирор чиройли исмни бериб, отасининг номи ўрнида умумий исмлардан бири айтилади. Масалан, Абдуллоҳ ўғли, Абдурраҳмон ўғли ва ҳоказо. Чунки отасининг номи аслида қандай бўлишидан қатъиназар маънан Абдуллоҳ (Аллоҳнинг қули), Абдурраҳмон (Раҳмоннинг қули) эканида шубҳа йўқ. Болани сақлаб олган одам унга ўзининг фамилиясини бериши мумкин эмас.

Болани икки ёшгача бўлган муддатда эмизган аёл унинг эмизган («разоан») онаси саналади ва маҳрамга айланади. Эмизган онанинг мақоми ҳамма ҳолатларда туққан она мақоми билан тенглаштирилади. Масалан, бундай она-бола бир-бирига меросхўр бўлади. Бу аёлнинг фарзандлари бу болага эмикдош ака-ука ва опа-сингиллар саналади ва бола улар билан туғишган ака-ука сингари баробар ҳуқуққа эга бўлади.

Агар аёл болани эмизишга қодир бўлмаса, бола балоғатга етгандан сўнг номаҳрам бўлиб қолади. Агар қиз бола бўлса, аёлнинг эрига номаҳрам бўлади. Бу муаммонинг ечими қандай? 

Бундай пайтда гўдакнинг ўғил ёки қиз эканига қараб икки хил ҳолатдан бирига амал қилиш мумкин:

Биринчи ҳолат: Агар асранди гўдак ўғил бола бўлса ва тарбия қилмоқчи бўлган аёлнинг сути бўлмаса, болани аёлнинг опа-синглиси ёки опа-синглисининг қизи ё эса ака-укасининг қизи эмизиши мумкин. Шунда аёл бола учун хола ё амма сифатида маҳрамга айланади ва болага худди ўз ўғлидек муомала қила олади.  

Иккинчи ҳолат: Агар гўдак қиз бола бўлса, бу қизни эркакнинг опа-синглиси ёки опа-синглисининг қизи ёки ака-укасининг қизи эмизиши мумкин. Шунда эркак қиз учун тоға ёки амаки сифатида маҳрам бўла олади, унинг тарбиясини ўз зиммасига ола билади.  

Аллоҳ сизларга яхши ниятларингизга яраша ажр-савоблар ва солиҳ зурриётлар ато айласин.