«Исломга тўлалигича киринглар” оятининг маъноси нима?

Савол: «Исломга тўлалигича киринглар, бўлмаса Исломнинг сизларга ҳеч эҳтиёжи йўқ» маъносидаги оят ёки ҳадис борми, бўлса унинг маъноси нима?

Мўмин.

Жавоб: Сизнинг саволингизга Бақара сурасидаги қуйидаги икки оят жавоб бўлади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ (208)  

«Эй иймон келтирган инсонлар, барчангиз тинчликка мукаммал дохил бўлингиз. Шайтоннинг йўлларига эргашиб кетмангиз. Шубҳасиз, у сизларга очиқ душмандир». (208).

«Айсарут-тафосир» китобида бу оятнинг тафсирида бундай ёзилади:

«Тинчлик бу Исломдир… Чунки Исломга кириш билан тинчлик бўлади… Ҳақ таборак ва таоло мўмин бандаларини Исломга мукаммал киришларини буюриб нидо қилаяпти. Токи, улар Аллоҳнинг шариати ва аҳкомлари орасидан ўзларининг манфаатлари ва ҳавойи нафсларига мос келадиганини қабул этиб амал қиладиган, мос келмаганини рад этадиган ёки ташлаб қўядиган бўлмасинлар. Улар учун Ислом қонунлари ва аҳкомларининг барчасини бирдек қабул қилиш лозимдир. Аллоҳ мўминларни шайтоннинг ёмонни яхши деб, мункарни чиройли қилиб кўрсатишига алданишдан, унга эргашиб кетишдан қайтарди…

Аллоҳ мўминларни шайтонга эргашиш оқибатидан огоҳлантиради, чунки бу буткул ҳалокатдир ва инсонга адоват сақлаб келадиган шайтоннинг истаган нарсаси шудир…» («Айсарут-тафосир», 1/187).

فَإِنْ زَلَلْتُمْ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَتْكُمُ الْبَيِّنَاتُ فَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ (209)

«Бас, агар аниқ ҳужжатлар келгандан сўнг йўлдан тойсангиз, билингизки, албатта Аллоҳ Азиздир, Ҳакимдир». (209).

Бу оятга муфассирлар имоми Табарий бундай шарҳ берганлар:

«Бас, эй мўминлар, агар сизларга Менинг ҳужжатларим ва ҳидоятим далиллари келиб, Ислом ишининг тўғрилиги узрга ўрин қолдирмайдиган исботлар билан аниқ бўлгандан кейин ҳақ йўлни йўқотсангиз ва ундан адашиб кетсангиз, Исломга ва унинг шариатига хилоф йўл тутсангиз, билингизки, албатта Аллоҳ иззат соҳибидир сизлардан интиқом олишдан бирор нарса Уни тўса олмас. Унинг амрига тескари иш қилганингиз ва Унга гуноҳкор бўлганингиз учун сизларни жазолашдан Уни ҳеч ким қайтара олмас…» (Тафсири Табарий, 4/259).

Мусулмонлар Аллоҳ буйруқларининг ҳаммасига тоқатлари етганича амал қиладилар. Амал қилишга шароитлари бўла туриб, нафсларига ёқмагани учун Аллоҳ амрини тарк этадиганлар юқоридаги оятларга кўра азобга тортиладилар.

Аммо инсон баъзан Аллоҳнинг бир буйруғини бажаришга қўлидан келганича ҳаракат қиладию унинг уддасидан чиқа олмайди. Бундай пайтда ўша амални кейинроқ, имконият туғилган заҳоти адо этишни ният қилиши билан гуноҳдан сақланади. Ёки қила олмаган амалининг ўрнини босадиган бошқа ибодатни бажаради. Масалан, касал бўлиб рўза тута олмаса, соғайган вақтда тутиб беришни ният қилади. Соғайишидан умид узилган бўлса, фидя беради. Шунда у Аллоҳнинг ибодатидан бош тортган саналмайди ва иншоаллоҳ савоб ва ажрга мушарраф бўлади.