Қўшнининг дарахти мевасидан фойдаланиш мумкинми?

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: Ён қўшнимизнинг ёнғоқ дарахти шохлари биз томонга ҳам эгилиб туради. Биз томонга тушган мевасини олсак бўладими?

 Учқун.

Жавоб: Сизлар қўшнингиздан рухсат сўраб ёки уни рози қилган ҳолда ҳовлингизга эгилган ёнғоқ дарахтининг мевасидан фойдаланишингиз мумкин. Аммо қўшнидан сўрамасдан унинг мевасини ейиш мумкин эмас.

Агар ҳовлидаги дарахт шохлари қўшни ҳовлига эгилган бўлиб, бундан қўшнига озор етаётган бўлса, азият чеккан одам ўз қўшнисидан дарахт шохларини кесишни ёки у томонига тортиб қўйишни талаб қилиш мумкин. 

Фатовои ҳиндия китобида бир қўшнининг хурмо дарахти иккинчи қўшнининг ҳаво йўлини тўсиб қўйган ҳолат зикр қилинган:

«Агар ҳаво йўлини очиш фақат кесиш билан бўладиган бўлса, хурмо дарахтининг эгасидан рухсат сўраш афзалдир. Токи шохларни дарахт эгасининг ўзи кессин ёки кесиш учун қўшнига рухсат берсин». (Ал-фатово ал-ҳиндийя, 5/150).

Китобда агар қўшни муросага юрмаса, қозига арз қилиниши ва қози дарахт шохларини кесишга буйруқ бериши ҳақида айтилади.

Агар қўшнилар ўзаро келишсалар, бу жуда яхши.

«Агар икки қўшни бирор нарса эвазига ёки мевасига шерик бўлиш шарти билан шохнинг қолишига келишсалар, бу жоиздир».

(Ал-мулаххас ал-фиқҳий, шайх Фавзон, 2/65).