Исломда “башоратчи”ликнинг ҳукми

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол:

Башоратчи Ванга ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У ҳақида шариат ҳукми қандай?

Фирдавс.

Жавоб:

«Башорат» калимаси арабчадан олинган бўлиб (البَشارَة), бу сўзнинг ўзаги гўзаллик билан зоҳир бўлиш, деган маънони ифодалайди.

«Башара» инсон терисининг зоҳир бўлиб турадиган қисмидир. «Башорат» гўзаллик дегани.  Инсониятнинг «башар» деб айтилиши уларнинг бу оламда зоҳир бўлганлари учундир». (Назратун-наийм 2/780).

Бирор нарса хақида башорат бериш, деган маънодаги калима араб тилида «бишорат» ва «бушорат» шаклида талаффуз қилинади (البُشارَة). Башорат таърифида луғат китобларида бундай келтирилган:

كلّ خبر صدق تتغيّر به بشرة الوجه، ويستعمل في الخير والشّرّ، وفي الخير أغلب. (التعريفات للجرجاني-45).

«(Башорат) Юз кўринишининг ўзгаришига сабаб бўладиган ҳар қандай рост хабардир. У ҳам яхши, ҳам ёмон хабар учун ишлатилади. Аммо яхшиликда ишлатилиши кўпроқ».  (Журжоний, Ат-Таърифот, 45).

Дарҳақиқат, кутилмаган яхши ёки ёмон хабарни эшитганда инсонда ўзгариш пайдо бўлади ва бу унинг юзида акс этади. Юқоридаги таърифга кўра, демак, «башорат» асосан хурсандлик воқеаси ҳақидаги хабардир.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида башорат деган сўзга икки хил маъно берилган: 1. эск. Хушхабар, яхши хабар; мужда… 2. Олдиндан кўриш, олдиндан айтиб бериш; олдиндан айтиб қўйилган гап.

Башорат сўзини ўзбек тилидаги биринчи маънода ишлатиш, яъни содир бўлган бирор яхшилик ҳақида хушхабар бериш жоиз. Масалан, бўлиши кутилаётган яхши ишнинг бошлангани ёки амалга ошгани бир кишига маълум бўлган бўлса, шуни бошқаларга билдириш, хушхабар етказиш хайрли амал саналади.

Башоратнинг иккинчи маъноси, яъни бирор воқеани олдиндан айтиш эса ниҳоятда нозик масаладир.

Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажак замонлар ҳақида берган башоратларини одамларга етказиш зарурий ишлардан.

Аммо ҳали содир бўлмаган, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ишни «Фалон воқеа фалон вақтда содир бўлади», деб айтиш, келажак илмини даъво қилиш мумкин эмас. Чунки келажак «ғайб» (номаълум нарса) саналади ва ғайбни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким била олмайди. Бу ҳақда Аллоҳнинг Ўзи бундай деган:

قُلْ لا يَعْلَمُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللهُ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ (النمل-65)

«Айтинг: «ғайбни осмонлар ва ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди»…». (Намл, 65).

Келгуси замонларга тегишли бўлган бир қанча воқеалар ва ишлар ҳақида Аллоҳнинг Ўзи хабар берган. Яна бир қанча ишларни Аллоҳ таоло Ўз расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирган ва у зот умматларига етказганлар. Бу хабарларни ўрганиш ва уларни ўзгартирмасдан, ёнига бирор нарса қўшмай, улардан бирор нарсани камайтирмасдан гапириш ғайбни билишга даъвогарлик эмас, балки Исломда буюрилган талаби илм, таълим-тарбия ва амри маъруф доирасидаги ишлардандир.

Демак, келажак ҳақидаги хабарларни одамлар ичидан – агар Аллоҳ билдирса – фақат пайғамбарлар билишлари мумкин, холос. Қуръонда айтилмаган, пайғамбарлар айтмаган хабарни биламан, деб айтиш ё эса Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг пайғамбарлик даъво қилиш Ислом динидан чиқиш саналади.

Ғойибдан хабар олиб, хабар беришни даъво қилувчи ёлғончилар турли халқларда турли номлар билан аталади. Ўзбекларда фолбин, ромчи, деб аталадиган тоифалар бунга мисолдир. Саволда сўралган аёл ҳам шуларнинг биттаси.

Ғайб ишлар ҳақида гапирадиганларнинг тоифалари ҳам, услублари ҳам ҳар хил бўлади. Айримлари ўзидан аввал ўтган фолбинлардан ўрганиб, эшитганларининг ёнига ўзидан қўшиб гапиради. Айримлари жинларга ибодат қилади, уларнинг буйруқларини бажаради, сўнг жинлар ўргатаётган сўзларга суяниб хабар беради. Бадавийлари, оддийроқлари, қишлоқларда яшайдиганлари ибтидоий усулларни қўллайди. Замонавийлашганлари, дипломлилари фан-техника ютуқларидан фойдаланади.

Фолбинлар, ромчилар, коҳинлар, сеҳр қилувчилар инсон шайтонларидирлар ва улар қадим замонлардан бери мавжуд. Инсон ва жин шайтонлари Одам ва Ҳаввонинг фарзанларини Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ҳаракат қилади. Одамлар ичидаги илмсиз, жоҳил ва лақма кишилар кўпинча уларга эргашиб қолади.

Шунинг учун Ислом дини инсонларни илм олишга, иймон келтиришга, ҳақни ботилдан ажратишга чақиради. Жаҳолат, зулм ва нодонликдан озод бўлишга даъват қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни огоҳлантириб, фолбинга боришнинг қаттиқ гуноҳлигини, унга ишониш эса диндан чиқиш эканини айтиб таъкидлаганлар.

عَنْ بَعْضِ أَزْوَاجِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ:

«مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَىْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً».

(رواه مسلم).

Пайғамбарнинг аёлларидан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кимки фолбинга бориб бирор нарса сўраса, қирқ кечагача унинг намози қабул бўлмайди».

(Муслим).

عن أبي هريرة أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال:

«من أتى عرافا أو كاهنا فصدقه بما يقول فقد كفر بما أنزل على محمد».

(الألباني، صحيح الترغيب).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кимки фолбин ёки коҳинга борса ва унинг айтаётганини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди».

(Саҳиҳут-Тарғиб, Албоний).

Аллоҳ таолодан бачамизга ҳамиша илм-маърифат, ақл заковат, комил иймон ва солиҳ амаллар ҳамроҳ бўлишини сўраймиз.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1431 ҳ. 20 шаввол (2010 м. 29 сентябр)

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграми

https://telegram.me/islomovozi