“Қўш хотин олиш вожиб”, деган инсонга нима деб жавоб қилса бўлади?

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол: Биз 3 фарзандлик оила Россияда бир ичкиликбоз кишининг уйида, 18 кв/м.лик хонасида бир неча йилдан бери ижарада турамиз. Яқинда Андижондан бир биродар келиб, “Бир кунлик тирикчилик пулини топа олган одамга қўш хотин олиш вожиб, бўлмаса Қиёмат куни жавобгар бўласиз”, деяпти. Хўжайинимнинг яна уйланишга умуман хоҳишлари йўқ, бунинг устига анчагина қарзимиз ҳам бор. Лекин Қиёмат куни гуноҳкор бўласиз деган сўз бизни ўйлантириб қўйди. Ўзбекистондаги бева аёлларнинг ҳолатини тушунамиз, уларни дуо қиламиз, лекин уларга уйланиш мажбурийми? Жавобингизни оят ва ҳадислар ёки олимларнинг фатволари билан берсангиз. (Дарвоқеъ, уйланишни тавсия қилаётган биродарнинг ўзи 3 фарзанди билан аёлини Андижонга ташлаб, Россияга 17 яшарли ёш аёлини олиб келган).

Россиядан Муслима.

Жавоб: Исломда биттадан ортиқ аёлга уйланиш вожиб деган сўз йўқ. Оила қуриш ҳақидаги оят ва ҳадислардан бундай маъно чиқмайди. Аммо зарурат туғилса, вазият кўтарса ва аёллар ўртасида адолат қила олса бошқага уйланиши мумкин.

Биттадан ортиққа уйланиш ҳақидаги оятнинг маъноси

وَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تُقْسِطُوا فِي الْيَتَامَى فَانْكِحُوا مَا طَابَ لَكُمْ مِنَ النِّسَاءِ مَثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تَعْدِلُوا فَوَاحِدَةً أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ذَلِكَ أَدْنَى أَلَّا تَعُولُوا

“Агар етимлар масаласида адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар, ўзингизга ёққан аёллардан иккита-иккита, учта-учта, тўртта-тўртта никоҳлаб олинглар. Агар адл тура олмасликдан қўрқсангизлар, бас биттага уйланинг ёки қўлингиз остидаги чўрилар билан кифояланинг. Ана шу сизларнинг зулм қилишдан сақланишингизга ёрдамдир”. (Нисо, 3)

Муфассирлар бу оятда бойлик билан қолган етим қизлар ҳаққини ҳимоя қилиш буюрилганини баён этадилар. Ўз ҳимоясидаги қариндош етим қизга унинг бойлигига қизиқиб уйланмоқчи бўлаётган, аммо адолат қилиши даргумон бўлган одамлар учун у қизлардан кўра бегона аёлларга совчи қўйиш яхшироқ экани айтилади. Аллоҳ таоло эркаклар учун бошқа аёлларга майли иккитаданми, учтаданми, тўрттаданми уйланишлари мумкинлигини маълум қилади. Аммо бунда ҳам адолат шарти қоимдир. Биттадан ортиқ аёллар орасида холис ва адл тура олмайдиган одамлар учун биттаси ҳам етарли, дейди. Ё эса улар чўрилари билан кифояланишлари мумкин.

Уламолар бу оятда оила қуриш вожиб деган ёки биттадан ортиққа уйланиш вожиблигига далолат қиладиган маъно йўқлигини айтишади. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя). Адолат шарти билан жоизлик маъноси бор холос.

“Биттаси билан кифояланиш мустаҳаб”

Шофеий ва ҳанбалий уламолар агар инсоннинг қатъий эҳтиёжи бўлмаса, нафсини сақлаш учун битта аёл кифоя қилса, шундан ортиғига уйланмаслиги мустаҳабдир, дейишади. Чунки биттадан ортиққа уйланишда гуноҳга йўл қўйиш хатари мавжуддир. Аллоҳ айтган: “Агар ҳаракат қилсангизлар ҳам аёллар ўртасида асло адолат қила олмайсизлар”. (Нисо, 129). (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 41/220).

Аллоҳнинг оятлари беҳикмат эмас.

Юқорида айтилганлар билан бир қаторда бу оят ва ҳукмлар бекорга жорий бўлмаганини таъкидлаб ўтишимиз керак. Ҳамма ҳукмда ҳикмат ва фойда бор. Аллоҳнинг қонунлари Қиёматга қадар амал қилади. Замон ва маконнинг холиқи Ўз ҳукмларини ҳам барча замонлар ва маконлар учун мос қилиб жорий этган. Буни шубҳа остига олган киши ўзининг Аллоҳга бўлган иймонида шак ва нуқсон борлигини намоён қилади.
Ҳаёт одамлар ўйлаган ва хоҳлагандан кўра мураккаброқ ва мазмунлироқдир. Биттадан ортиққа уйланиш баъзи одамлар учун ҳаётий зарурат бўлиши мумкин. Одам боласида шундай вазиятлар вужудга келадики, аёли бўлгани ҳолда яна бошқага уйланишга мажбур бўлади. Биринчи аёли ҳам шунга рози ёки шуни тавсия қилиб қолади. Яна бошқа сабаблар бўлиши мумкин.

Демак, гап бу масаланинг кимнингдир кўнглига ёқмаслиги ёки ёқишида эмас. Балки жамият ва инсоният ҳаёти учун қанчалик аҳамиятга эга эканида. Дунёда бизга ёқмайдиган, аммо вазият тақозо қилганидан кўнишга мажбур бўладиган ҳолатлар қанча.

Ислом аҳкомларининг биронта ҳам ортиқчаси йўқ. Уларнинг ҳаммаси ўз ўрни билан ишлайди. Шундай бўладики, ундан бошқаси бунинг ўрнини боса олмай қолади. Одамлар Исломда бор нарсани йўқ қилиб ёки кенг нарсани тор қилиб олишлари керак эмас. Аллоҳ юборган Ислом ўз ҳолида сақланади ва амал қилади. Аммо ҳар бир ҳукм ақл ва ҳикмат билан татбиқ қилиниши зарур.

Ҳукмлар алоҳида шахсларнинг истакларига бўйсундирилиши, маълум гуруҳларнинг тор манфаатларига боғлиқ қилиб қўйилиши ёки суистеъмол қилиниши мумкин эмас.

Қўлингиздан келадиган ишми?

Битта оилани боқишга қурби етмагани ҳолда бошқага уйланишга ҳаракат қиладиган ёки ўзининг оиласи ва болалари билан яхши муносабатда бўла олмайдиган одам кўпинча нафс йўлига кириб кетади ва кейин жанжалу низолардан боши чиқмай юради. Кўпчиликни норози қилади.

Инсон уйланишдан аввал одамийликни билиши, одам билан муроса қилишни ўрганиши лозим. Қўлидан келмайдиган ишга киришмаслиги, охиригача чиройли олиб боролмайдиган ишлардан сақланиши керак.

Иккинчи аёлга уйланишни қўйиб турайлик, умуман оила қуришнинг ҳукми ҳамма учун бир хилда эмас. Исломда турмуш қуриш ким учундир фарз, ким учундир суннат, ким учундир макруҳ, баъзи одам учун ҳатто ҳаром саналади. Оила қуриш кимга ҳаром бўлиши мумкин? Оила юкини елкасига ола билмайдиган, одам билан муомала қила олмайдиган инсон учун оила қуриш ҳаромдир. Шундай экан, иккинчи аёлга уйланмоқчи бўлаётган одам бу талабларга бир марта яхши жавоб бера олганми? Келишмовчиликлар қаршисида сабр ва ақл билан иш кўриши синовдан ўтганми? Муросасизлар билан ҳам муроса қилиб кўрганми? Агар “ҳа” бўлса, яхши. Жавоб номаълум бўлса, унда шошмаслик керак.