Қўшни ҳаққи жуда ҳам улуғ

Шайх Обидхон қори, Швеция
1430 ҳ. 4 зулҳижжа (2009 м. 21 ноябр)

Савол:

Қўшнига зарар берса кофир бўладими? Илтимос, жавоб беринг.

Муҳаммад Умар.

Жавоб:

Қўшнига зарар берса кофир бўлмайди. Аммо қўшнисини ҳурмат қилмаган, қўшнилик ҳаққини билмаган одам жуда қаттиқ гуноҳкор бўлади. Шу гуноҳ билан у жаҳаннамга улоқтирилади. Шунинг ўзи улкан азоб дегани.

Қўшничилик ҳаққини чиройли адо этишга Аллоҳ ҳам, Пайғамбар ҳам буюришган. Қўшнилик ҳаққини Исломчалик таъкидлаган, улуғлаган таълимот йўқ бу дунёда. Исломда қўшни миллатидан, ҳатто динидан қатъиназар эҳтиромга сазовор кўрилади.

Қўшнига озор етказиш ёмон гуноҳлардандир:

قال الرسول صلى الله عليه وسلم: والله لا يؤمن، والله لا يؤمن، والله لا يؤمن. قيل: مَنْ يا رسول الله؟ قال: مَن لا يأمن جاره بوائقه. ( رواه البخاري)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни: «Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди», дедилар. Одамлар «ким?» деб сўрашди. Расулуллоҳ: «Қўшниси унинг ёмонликларидан омон бўлмаган одам», дедилар. (Бухорий ривоятлари).

عن عَبْدِ اللَّهِ ، قَالَ : قَالَ رَجُلٌ : يَا رَسُولَ اللَّهِ , كَيْفَ لِي أَنْ أَعْلَمَ إِذَا أَحْسَنْتُ ، قَالَ:  إِذَا سَمِعْتَ جِيرَانَكَ يَقُولُونَ : أَحْسَنْتَ ، فَقَدْ أَحْسَنْتَ ، وَإِذَا سَمِعْتَهُمْ يَقُولُونَ : قَدْ أَسَأْتَ ، فَقَدْ أَسَأْتَ  .(رواه النسائي)

Расулуллоҳнинг олдиларига бир одам келиб сўради: «Мен яхшилик қилганимни қандай билсам бўлади?» Расулуллоҳ дедилар: «Қўшниларинг сен ҳақингда «бу яхшилик қилди», деётганларини эшитсанг, яхшилик қилган бўласан, агар уларнинг сен ҳақингда «бу ёмонлик қилди», деётганларини эшитсанг, ёмонлик қилган бўласан». (Насоий ривоятлари).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида келади:

«أَحْسِنْ إِلَى جَارِكَ تَكُنْ مُؤْمِنًا«. (رواه الترمذي ، حديث حسن)

«Қўшнингга яхшилик қил мусулмон бўласан». (Термизий ривоятлари).

«لا يدخُلُ الجنَّةَ مَن لا يأمَنُ جارُه بوائِقَه«. (رواه البخاري ومسلم)

«Қўшниси унинг зарарларидан омон бўлмаган одам жаннатга кирмайди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

«مَا زَالَ يُوصِينِي جِبْرِيلُ بِالْجَارِ، حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ». (رواه البخاري ومسلم)

«Жаброил менга қўшни ҳақида узлуксиз равишда шундай тавсиялар берар эдики, ҳатто мен «Яқинда қўшни қўшнидан мерос олишини ҳам буюрса керак», деб ўйладим». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

«Ён қўшни – жон қўшни». «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги ёт яхши». «Ҳовли олма қўшни ол». Бу мақоллар ҳам бекорга айтилмаган.

Қўшни сизнинг яхшию ёмон кунингизда кор келади. У сизнинг яхшилигу ёмонлигингизга, савобу гуноҳингизга гувоҳ. Айбларингизни ёпадиган, яхшиликларингизни ёядиган ҳам қўшни. Қўшниларингиз сизни ёмон деса ёмонсиз. Қўшниларингиз сизни яхши деса яхшисиз.

Аллоҳ барчамизни қўшнилик ҳаққини чиройли адо этишимизни, қўшнининг яхши гувоҳлигига мушарраф бўлишимизни насиб этсин…