Давомийлик

Дунё фитналари ҳар қанча даҳшатли бўлиб кетган тақдирда ҳам Қиёмат соатининг даҳшати олдида ҳеч нарса эмас.
Энг даҳшатли воқеалар Қиёмат қоим бўлиш вақти келганда бошланади.

Динимиз ҳатто ана шу пайт (Қиёмат қоим бўлиш лаҳзаси келган вақтда) ҳам эзгу ишлардан асло тўхтаб қолмасликка буюрган, гарчи у иш одамларнинг назарида ҳар қанча оддий, ҳар қанча кичкина иш деб қаралса ҳам.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига васият қилиб айтадиларки:

“إن قامت الساعة وفي يد أحدكم فسيلة فليغرسها”.

رواه الهيثمي وغيره. وصححه الألباني وغيره.

“Қиёмат қоим бўлаётган лаҳзада қўлингизда бир ниҳол турган бўлса, (агар уни экиб қўйишга улгурсангиз) албатта экиб қўйинг!”

(Имом Ҳайсамий ривоятлари, Албоний: саҳиҳ ҳадис).

Қиёмат қоим бўлиш лаҳзаси келганда оддий бир кичкина ниҳолни ҳам экиб қўйишдан тўхтамасликка буюрилган эканмиз, бугунги айрим фитналар қаршисида собитқадам туриш, Исломдек энг улуғ динни маҳкам ушлаб, унга илм ва ҳикмат ила хизмат қилишда давом этиш ҳақида нима дейишимиз мумкин?

Албатта ҳеч қандай тараддудсиз айтамизки: бошқа вақтлардан кўра айни шу кунларда муборак динимизга яна ҳам кўпроқ хизмат қилиб олишимиз даркор.

عن أم المؤمنين عائشة رضي الله عنها أن رسول الله صلى الله عليه وسلم سئل:

أي العمل أحب إلى الله؟

قال:

“أدومه وإن قل”.

رواه مسلم.

Уммулмўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди:

“Аллоҳга энг суюкли амал қайси амал?

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

“Оз бўлса ҳам давомийроқ бўлгани”.

(Имом Муслим ривоятлари).

══════ ❁✿❁ ══════

«Ислом Овози» телеграми

https://telegram.me/islomovozi

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg