Илм ва амал ниҳолларини парвариш этишдан тўхтаманг, асло!

Биродари азизлар!

Биз охири замонда яшаяпмиз. Қиёматга жуда ҳам оз вақт қолган. Ҳадиси шарифларда Қиёматга яқин турли-туман фитналар кўпайиб кетишидан – уларнинг қаршисида заифлашиб, таслим бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз учун – қайта-қайта огоҳ этиб қўйилган.

(Бу мавзда кенгроқ маълумот учун қуйидаги ҳаволага мурожаат қилишингиз мумкин:

* Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажак фитналар ҳақида

* Фитна мавзуси ҳақида маърузалар )

Фитна ва мусибатларнинг кўплигидан баъзи инсонлар бироз тушкунликка тушиб, Аллоҳнинг нусрати яқинлигига ишонолмай ҳам қоладилар.

Инсоннинг хаёлига баъзан шундай фикр келиб кетиши аслида айб эмас. Чунки у ҳатто пайғамбарлардек улуғ зотларда ҳам ўзларининг даврларидаги кофирларнинг даҳшатли фитналари туфайли рўй берган. Бироқ, ана шундай фирк-хаёлларга таслим бўлиб қолиш асло жоиз эмас.

Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига шундай пайғамбарлар келишадики, улар дунёда Аллоҳ учун халойиққа хизмат қилиб, бутун умрларини одамларни бахт-саодатли ҳаётга етказиш йўлида фидо қилиб ўтган бўлсалар ҳам, бирор бир инсон уларга иймон келтирмаган бўлади, қавмлари орасидан фақат битта ўзлари ёлғиз ҳолда борадилар. (Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда собит бўлган).

Ана шундай оғир даврларда яшаган пайғамбарлардан «Аллоҳнинг нусрати қачон келаркин», деб юборганлари ҳам бўлган экан.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{أَمْ حَسِبْتُمْ أَن تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَأْتِكُم مَّثَلُ الَّذِينَ خَلَوْا مِن قَبْلِكُم ۖ مَّسَّتْهُمُ الْبَأْسَاءُ وَالضَّرَّاءُ وَزُلْزِلُوا حَتَّىٰ يَقُولَ الرَّسُولُ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ مَتَىٰ نَصْرُ اللَّهِ ۗ أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ} . [البقرة: 214].

Маъноси:

«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми?! Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймон келтирган кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди: ) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир»». (Бақара сураси, 214-оят).

Пайғамбарлар ҳам, уларнинг изларидан юрадиган мўминлар ҳам ана шундай умидсизлик туйғуларига таслим бўлиб қолишдан қатъий қайтарилганлар.

* Мусибатлардан нажот топиш учун умид ва ҳаракат:

Яъқуб алайҳиссалом аввал ўғиллари Юсуфдан айрилдилар. Кейин яна бир ўғиллари Бинёмин ҳам йўқолди. Устига-устак кўп йиғлаганликлари туфайли икки кўзлари ҳам кўрмай қолди.

Лекин барибир Аллоҳдан умидларини узмадилар. Балки қолган фарзандларини ҳам умидсиз бўлмасдан изланишда давом этишга буюрдилар.

Натижада Аллоҳ таоло йўқолган неъматларнинг барчасини қайтариб берди.

{يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِن يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَيْأَسُوا مِن رَّوْحِ اللَّهِ ۖ إِنَّهُ لَا يَيْأَسُ مِن رَّوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ}. [يوسف: 87].

«Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг укасини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур».

(Юсуф сураси, 87-оят).

* Аллоҳнинг мағфиратидан умидвор бўлиб, тавбага шошилиш:

Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг марҳамати шу даражада чексизки, инсонлар ҳар қанча улкан гуноҳ-маъсиятлар қилсалар ҳам, балки ҳатто куфру ширк ботқоқларига ботиб кетган бўлсалар ҳам, Аллоҳга тавба қилишга шошилишлари ва У Зотнинг марҳаматидан асло умид узмасликлари даркордир.

Аллоҳ барча халойиқни Ўзининг марҳаматидан умидвор этиб айтади:

{قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ (53) وَأَنِيبُوا إِلَىٰ رَبِّكُمْ وَأَسْلِمُوا لَهُ مِن قَبْلِ أَن يَأْتِيَكُمُ الْعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ }. [الزمر: 53-54].

«(Эй Расулуллоҳ), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар, куфру ширк амалларини қилиш билан ўзларига ўзлари зулм қилган) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (тавба қиладиган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Ғафур(кечиримли) ва Раҳийм (меҳрибон) бўлган Зотдир. 54. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишингиздан илгари Парвардигорингизга қайтинглар (тавба-тазарру қилиб олинглар) ва Унга бўйинсунинглар!». (Зумар сураси, 53-54 оятлар).

Шунинг учун биз ҳам Аллоҳ ва Расулининг васиятларига амал қилиб, Ислом динида собитқадам туриб, илм, таълим, тарбия ва даъват йўлидан асло чекинмаслигимиз даркор.

Илоҳо Парвардигор! Ўзинг бизларни ҳақ йўлда собитқадам эт, фитналар атрофимизни ўраб олиб, бутун дунёга тўлиб-тошиб кетса ҳам биз ҳидоят йўлидан асло тўхтаб қолмайлик! Айрим кимсалар ўзларидан кейин фақат бузғунчилик, фитна-фасод қолдириб кетаётган бўлсалар, биз фақат яхшилик, эзгулик, манфаатли илм – ҳидоят йўлини мерос қилиб кетишимизга Ягона Ўзинг муваффақ айлагин…

Баъзилар бизларни кофирларнинг куч-қуввати кўплигидан, золим ҳукуматларнинг қўли барча ерларга етиб боришидан қўрқитмоқчи бўладилар.

Биз уларга жавобан қуйидаги ояти каримани тиловат қиламиз:

{قُل لَّن يُصِيبَنَا إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَنَا هُوَ مَوْلَانَا ۚ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ (51) قُلْ هَلْ تَرَبَّصُونَ بِنَا إِلَّا إِحْدَى الْحُسْنَيَيْنِ ۖ وَنَحْنُ نَتَرَبَّصُ بِكُمْ أَن يُصِيبَكُمُ اللَّهُ بِعَذَابٍ مِّنْ عِندِهِ أَوْ بِأَيْدِينَا ۖ فَتَرَبَّصُوا إِنَّا مَعَكُم مُّتَرَبِّصُونَ}. [التوبة: 51-52].

Маъноси:

«Айтинг (эй Расулуллоҳ), бизга фақатгина Аллоҳ биз учун битиб қўйган нарса (бизнинг манфаатимиз учунгина тақдир қилиб қўйган мусибат) етади. У Зот бизнинг мовлойимиз (хожамиз)дир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар! (51) Айтинг (эй Расулуллоҳ), сизлар бизнинг устимизга тушишини кутиб турган нарса фақат иккита яхшиликдан бири холос (яъни, ё дунёдаги ғалаба ёки шаҳидликдир). Биз эса сизларнинг устингизга Аллоҳ Ўзининг ҳузуридан бир азоб юборишини ёки уни бизнинг қўлимиз билан етказишини кутиб турибмиз. Бас, кутиб тураверинглар, биз ҳам сизлар билан кутиб турамиз». (Тавба сураси, 51-52 оятлар).

Ушбу оятларнинг тафсирида имом, вазир Абулмузаффар Яҳё ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Ояти карима «Аллоҳ бизнинг манфаатимиз учун битиб қўйган нарса» деб айтди. «бизнинг устимизга – бизнинг зараримизга битиб қўйган» деб айтмади (ваҳоланки бу ерда мусибат ҳақида сўз бораяпти). Чунки, бу нарса мўмин киши учун тааллуқли бўлган нарсадир. Мўмин кишининг бошига тушадиган нарсалар фақат ва фақат унинг фойдасига бўлади. Агар яхшилик (ғалаба ва ютуқлар) бўлса дунёдаги яхшиликлардан бўлади. Агар (зоҳиридан қаралгандаги) ёмонлик бўлса, у ҳам барибир Охиратда унинг учун яхшиликдир (Муттафақун алайҳи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берганларидек). (Зайлу табақотул-ҳанобила китоби: 2/142).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида хабар бериб айтадилар:

» يأتي علَى النَّاسِ زمانٌ الصَّابرُ فيهِم على دينِهِ كالقابِضِ على الجمرِ».

رواه الترمذي وغيره، وصححه الألباني وغيره.

«Одамларга шундай замон келадики, уларнинг ичида ўз дини устида сабр қилиб турган киши худди чўғни ушлаб тургандек бўлади». (Имом Термизий ривоятлари, Албоний: саҳиҳ ҳадис).

Дунё фитналари ҳар қанча даҳшатли бўлиб кетган тақдирда ҳам, Қиёмат соатининг даҳшати олдида ҳеч нарса эмас.

Энг даҳшатли воқеалар Қиёмат қоим бўлиш вақти келганда бошланади.

Динимиз эса, ҳатто ана шу пайт (Қиёмат қоим бўлиш лаҳзаси келган вақтда) ҳам эзгу ишлардан асло тўхтаб қолмасликка буюрган, гарчи у иш одамларнинг назарида ҳар қанча оддий, ҳар қанча кичкина иш деб қаралса ҳам.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига васият қилиб айтадиларки:

«إن قامت الساعة وفي يد أحدكم فسيلة فليغرسها».

رواه الهيثمي وغيره. وصححه الألباني وغيره.

«Қиёмат қоим бўлаёт лаҳзада қўлингизда бир ниҳол турган бўлса, (агар уни экиб қўйишга улгурсангиз) албатта экиб қўйинг!»

(Имом Ҳайсамий ривоятлари, Албоний: саҳиҳ ҳадис).

Қиёмат қоим бўлиш лаҳзаси келганда оддий бир кичкина ниҳолни ҳам экиб қўйишдан тўхтамасликка буюрилган эканмиз, бугунги айрим фитналар қаршисида собитқадам туриш, Исломдек энг улуғ динни маҳкам ушлаб, унга хизмат қилишда давом этиш ҳақида нима дейишимиз мумкин? Албатта ҳеч қандай тараддудсиз айтамизки: бошқа вақтлардан кўра айни шу кунларда муборак динимизга яна ҳам кўпроқ хизмат қилиб олишимиз даркор.

عن أم المؤمنين عائشة رضي الله عنها أن رسول الله صلى الله عليه وسلم سئل:

أي العمل أحب إلى الله؟

قال:

«أدومه وإن قل».

رواه مسلم.

Уммулмўъминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди:

«Аллоҳга энг суюкли амал қайси амал?

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Оз бўлса ҳам давомийроқ бўлгани».

(Имом Муслим ривоятлари).

Талабаларга манфаатли илмларни ўргатиб келаётган уламолар, фарзандларимизни гўзал ахлоқ-одоблар билан тарбия этаётган ота-оналар, мураббийлар ва халойиқни ҳақ динда мустаҳкам бўлишга даъват қилиб турган устозларга нидо қиламизки: сизлар энг улуғ ибодат устидасизлар, умматимизнинг энг кучли пойдеворисизлар. Сизлар пайғамбарларнинг меросхўрлари, пайғамбарларнинг вазифаларини давом эттирувчдирсизлар. Бас, ўлим соати етиб келгунга қадар ушбу ҳақ йўлда мустаҳкам ва собитқадам ҳолингизда давом этингиз.

* Натижа ва самаралар Ягона Аллоҳнинг қўлида:

Ҳақиқий мўминлар ислом ва мусулмонлар учун тақдим этаётган хизматларининг самараларини бу дунёда берилишини кутиб яшамайдилар.

Сизу биздан фақат ихлос, илм, ҳикмат, сабру матонат билан ҳаракат қилиш ва шу йўлда собитқадам туриб яшаш талаб қилинади, холос.

Натижа ва самаралар эса Ягона Аллоҳнинг қўлида.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам хитоб қилиб айтганки:

{وَإِن مَّا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ الَّذِي نَعِدُهُمْ أَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ الْبَلَاغُ وَعَلَيْنَا الْحِسَابُ}.[الرعد: 40].

«Биз сизга (кофирларга) ваъда қилган айрим нарсаларни (яъни уларнинг устига юборадиган азобларимизни) кўрсатсак ҳам ёки сизни (уларни азоблашдан илгари) вафот қилдирсак ҳам, албатта, сизнинг зиммангизда фақат (ҳақ динни одамларга тўла) етказиш, Бизнинг зиммамизда эса ҳисоб-китоб қилишдир». (Раъд сураси, 40-оят).

Инсоннинг иймони, илми ва амаллари худди бир дарахт кабидирки, доим унга тоза сув қуйиб, парвариш қилиб туриш лозим. Акс ҳолда борган сари қуриб, мевалари йўқолиб, барглари тўкилиб, чирий бошлайди. Аллоҳ асрасин.

Қуйидаги ҳаволаларда ушбу мавзуга оид долзарб маърузалар ва савол-жавоблар бор. Ҳар бир толиби илм уларни такрор-такрор эшитиб туриши фойдадан холи эмас:

* Илм ва даъват масалаларига оид савол-жавоблар

* Илм, уламолар ва саҳобаи киромлар ҳақида туркум маърузалар

* Охират куни ва Қиёмат аломатлари силсиласи

Эй Раҳмону Раҳийм бўлган Парвардигор!

Бизлар Сенинг ожиз бандаларингмиз, Сен Ягона Ўзинг ҳеч қандай айб-нуқсони йўқ бўлган Буюксан, биз каби ожизу нотовон бандаларингга Ўзинг раҳм қилувчи Зотсан, бас, хато-камчиликларимизни, гуноҳ-маъсиятларимизни Ўзинг кечиргин, Ўзинг бизларни ҳақ динингда собитқадам қилгин, турли-туман фитналар қаршисида кучли мўмин бандалар бўлиб, уларнинг устидан ғолиб келиб, Сенинг ҳузурингга иймону исломда, солиҳ амалларга ҳамроҳ бўлган ҳолимизда етиб боришимизга муваффақ қилгин, умматимизни барча мусибатлардан Ўзинг қутқаргин, барча мусулмон халқларга икки олам бахт-саодатини насиб айлагин.

والله أعلم، وصلى الله وسلم وبارك على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين، ومن تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.