“Гўшангада қандай қонун-қоидаларга эътибор бериш керак?”

Бўлимлар: 12. Урф-одат

Савол: Жавоб учун аввалдан раҳмат. Мен яқинда уйланмоқчиман. Гўшангада қандай дуо ўқиш ва қайси исломий қонун-қоидаларга эътибор бериш керак? Ислом дини нақадар гўзал ва муққаддас диндир, ҳамма масалага жавоб бор, алҳамдулиллоҳ.

Зиёдулла.

Жавоб: Аллоҳ сизга бўлажак аёлингиз билан бахтли-саодатли бўлишни насиб айласин.

Маълумки, гўшанга ўзбекларнинг миллий одатларидан. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида гўшангага берилган таърифда «Никоҳ тўйининг биринчи кеча куёв билан келиннинг бошқалардан холи ўтириши ва тунаши учун уй бурчагига тортилган оқ чодир; чимилдиқ.» дейилган. Гўшанга ёки чимилдиқ тортиш никоҳ тўйининг Исломда буюрилган шартларидан эмас. Агар унинг ахлоқ ёки эътиқодга зарари бўлмаса, тақиқланмайди. Аммо гўшанга тикиб, унинг атрофида аёллар ўтиришлари, келин-куёвнинг гапларига қулоқ солиб туришлари, уларни кузатишлари мумкин эмас.

Ўзбекларнинг урф-одатларида тўй куни ҳар икки томондан келган қариндош аёллар кечқурун меҳмондорчилик тугагандан сўнг келин-куёвни улар учун тайёрланган уйга киритиб қўядилар. Буниси майли, аммо аёлларнинг бу хонага кириб ўтиришлари тўғри эмас. Маҳрам аёллар икки ёшни холи қолдириб, чиқиб кетишлари керак.

Саволда «гўшангада қандай дуо ўқиш керак» деб сўралган. Гўшанга исломий одат эмас экан, гўшанга учун хос дуо ҳам айтилмаган. Аммо никоҳдан сўнг биринчи учрашувда ўқиладиган дуо бор…