Келаётган душанба Қуёш тутилиши кўринадиган жойларда кусуф намози ўқилади

Келаётган душанба 2017 йил 21-август куни (бу сафар асосан Америка осмонида) Зулқаъда ойи тугаб, Зулҳижжа ойи бошланиш лаҳзаларида Қуёш тутилиши кузатилади, дея хабар қилинмоқда.

Ўтган ҳафта эса, айрим минтақаларда Ой тутилган эди. (Одатда Ой тутилиши ҳижрий ойнинг ўрталарида, Ой тўла бўлган кечада рўй беради, Қуёш тутилиши эса ҳижрий ойнинг якунида ёки янги ҳижрий ой бошланаётган лаҳзада кундузи рўй беради).

Буюк Парвардигоримиз яратган коинотда рўй берадиган бундай воқеалар Аллоҳ таоло бандаларни қўрқитиб туриш учун тақдир қилиб қўйган улкан мўъжизаларидан биридир.

Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомлар ривоят қилишган ҳадиси шарифда келади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кунлардан бирида Қуёш тутилди. Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этганди. Одамлар «Иброҳимнинг ўлими туфайли Қуёш ҳам ғамгин бўлиб тутилиб қолди», дейишди. (Жоҳилият даврида одамлар Қуёш ва Ой улуғ зотлар вафот этиши туфайли тутилади, деб эътиқод қилар эдилар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, Қуёш тутилганини кўриб Қиёмат қоим бўлиб қолармикин деган қўрқув билан дарҳол ўринларидан туриб, масжидга кириб, одамларни жамланишга тарғиб этиб, намоз ўқишни бошладилар. Намозларида узоқ муддат тик туриб тиловат қилдилар, ҳар бир ракъатда икки марта рукуъга ва икки марта саждага борганларида узоқ муддат дуо қилдилар.

Намозни тамом қилганларидан сўнг хутбага чиқиб шундай дедилар:

إن الشمسَ والقمرَ آيتان مِن آياتِ اللهِ ، لا يَنْكَسِفان لموتِ أحدٍ ولا لحياتِه ،(ولكنهما  يُخوِّفُ اللهُ بهما عبادَه)، فإذا رأيتُم ذلك فادعُوا اللهَ، وكبروا وصلوا وتصدَّقوا .

ثم قال :

يا أمةَ محمدٍ، واللهِ ما من أحدٍ أغيرُ من اللهِ أن يزني عبدُه أو تزني أمتُه يا أمةَ محمدٍ والله لو تعلمون ما أعلم لضحكتُم قليلًا ولبكيتُم كثيرًا .

«Қуёш ҳам Ой ҳам Аллоҳнинг оятлари (мўъжизалар)идан бўлмиш икки оят – мўъжизадир. Улар ҳеч кимнинг ўлими ёки ҳаётга келиши туфайли тутилмайди. Балки Аллоҳ Ўзининг бандаларини мана шундай (мўъжизалар билан) қўрқитиб туради. Бас, қачонки шундай ҳолатни кўрсангизлар (Аллоҳдан қаттиқ қўрққан ҳолингизда) дарҳол У Зотга дуо-илтижо қилинглар, такбир айтинглар, намоз ўқинглар, садақа беринглар».

Яна насиҳатларида давом этиб айтдилар:

«Эй Муҳаммаднинг уммати! Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ! У Зотнинг бандаси ёки чўриси зино қилган пайт Аллоҳнинг (жуда қаттиқ) рашки (ва ғазаби) келади. Эй Муҳамммад уаммати! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсаларни сизлар ҳам билганингизда эди, кам кулиб кўп йиғлаган бўлардингиз!».

Бу борада собит бўлган ҳадиси шарифларнинг шарҳида уламолар Қуёш ва Ой тутилишининг иккита сабабини эслатадилар:

1. Одамларнинг гуноҳ-маъсиятлари кўпайиб кетиши Аллоҳ таоло уларни қўрқитиб тавбага чақириш учун шундай мўъжизаларни юборади;

2. Осмону фалакда Аллоҳ тақдир қилиб қўйган сабаблардан айримлари :

– Қуёш тутилишининг зоҳирий изоҳи: Ой Қуёш билан Ернинг орасини маълум вақт тўсиб туриши туфайли бўлади.
– Ой тутилишининг зоҳирий изоҳи: Ер Қуёш билан Ой орасини маълум вақт тўсиб туриши туфайли бўлади.

Агар Қуёш ёки Ой тутилиши оддий кўз билан қаралганда кўринмайдиган бўлса кусуф намози ўқилмайди.

  • Эслатма:

Мутахассислар Қуёшга оддий кўз билан тикилиб қарашнинг кўзга зарари борлигини айтиб огоҳлантирадилар. Айниқса, Қуёш тутилган пайт қараш яна ҳам хатарлироқ бўлади. Шунинг учун албатта эҳтиёт бўлиш лозим. Валлоҳу аълам.

  • Кусуф ва хусуф намозининг сифати:

Кусуф ва хусуф намози Қуёш ёки Ой тутилган пайтда ўқиладиган, икки ракъатдан иборат бўладиган суннати муаккада намоздир. Ҳар бир ракъатда икки марта рукуъ, икки марта сажда қилинади.

Бу намозни имкон қадар узоқроқ вақт – Қуёш очилиб кетгунга қадар ўқиш афзал. (Агар ой тутиладиган бўлса ой очилиб кетгунга қадар ўқиш афзал бўлади).

Бошқа намозлардан ажраб турадиган асосий сифати – юқорида айтилганидек – ҳар бир ракъатда икки марта рукуъ қилинади ва биринчи рукуъдан кейин яна фотиҳа сурасини ўқиб, зам сура қилинади.

Намоз тамом бўлгандан кейин имом хутбага чиқиб, Аллоҳ таолга ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар йўллаб, одамларни тавба-тазарруга чақиради, бироз чиройли ва таъсирли панд-насиҳатлардан эслатади. Хутбани одамларни малоллантириб қўймаслик учун имкон қадар қисқа қилиш афзал.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi