Фарзандларини ташлаб кетган отанинг ҳақ-ҳуқуқи

Савол:

Маслаҳат сўрайдиган мавзу бор эди. Ота-онам кичкиналигимда ажрашиб кетишган, онам бошқасига турмушга чиққан. Биз шу (ўгай) дадамиз қарамоғида ўсганмиз. Отам бизга ҳозиргача оталик қилмаган. Мен ҳозир 23 ёшдаман. Шу кунларда қариндошим менга насиҳат қилиб: «у сенинг отанг, сен ундан хабар олиб, розичилигини сўрашинг керак», деди. Мен: «у ота бизга умуман отачилик қилмаган бўлса, мен ундан нима учун розичилик оламан?», дедим. Биздан хабар олмаса, ота бўлиб бизга қизиқмаса ҳам, мен ундан хабар олиб, розилигини сўрашим керакми? Шариатимиз бу борада нима деган? Шу мавзуга очиқлик киритиб берсангизлар, илтимос.

Яна бир саволим: менинг эрим ҳам у отамни кўргани боришимга рухсат бермаган. Мен нима қилишим керак. Рухсат бермаса ҳам бораверсам гуноҳкор бўлиб қолмайманми? Ёки албатта эримнинг рухсатини олишим шартми?
Аллоҳ йўлида хизмат кўрсатаётганларга Аллоҳ Ўзи ажр берсин.

(Ҳурмат билан муслима синглингиз)

Жавоб:

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Расулуллоҳга салоту саломлар бўлсин…

Баъзи ота-оналар ўз фарзандларининг ҳаётига, тарбиясига, келажагига ва энг муҳими Охиратига эътиборсиз бўлишлари мўмин кишини жуда ҳам қаттиқ қайғу ва аламга чўмдиради.

«Иннаа лиллаҳи ва инна илайҳи рожиувн».

Ота-онанинг ҳақ-ҳуқуқи жуда ҳам улкан бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари жуда улкан. Фарзандларнинг диний ва дунёвий ҳақларини адо этмаган ота-оналар қиёмат куни Аллоҳ берган омонатга хиёнат қилиш гуноҳи билан аламли азобга гирифтор бўлишлари мумкин, агар Аллоҳ кечирмаса. Аллоҳ Ўзи инсоф ва ҳидоят берсин…

Бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам, ота-онанинг ҳақ-ҳуқуқи фарзанднинг зиммасидан ҳеч қачон соқит бўлмайди. Ота-онадан ҳар қанча камчиликлар ўтган бўлса ҳам, фарзанд уларнинг ҳақларини адо этишда асло бепарво бўлмаслиги керак.

Шунинг учун сиз ҳам отангизга албатта яхши фарзанд бўлиб хизмат қилишга ҳаракат қилинг. У киши сизга ота бўлганлигининг ўзи буюк ҳақ. Сизни шу дунёга келишингизга сабабчи бўлган. Ота-она ҳатто кофир бўлса ҳам уларнинг ҳуқуқлари жуда улкандир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

{وَإِن جَاهَدَاكَ عَلَىٰ أَن تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا ۖ وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا ۖ وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ}. [لقمان: 15].

«Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга мажбурласалар у ҳолда (бундай куфр ва ширк ишларида) уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!..». (Луқмон сураси, 15-оят).

Муфассирлар «уларга дунёда яхши муомалада бўлгин» деган оятда «ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг аҳволларидан хабар олиб, қурби етганича хизматларини бажо этиб туриш кўзда тутилган», деб тафсир қилганлар.

Сиз отангиз йўл қўйган хатоларга бирор сабаб бўлгандир, деб, яхши гумон қилиб, дарҳол алоқангизни яхшиланг, ҳолларидан хабар олинг, ҳожатларини қўлингиздан келганича бажо этишга ҳаракат қилинг, шояд сиз сабабли отангиз ҳам ҳақиқий мўмин бўлиб, Аллоҳга тавба-тазарру қилиб, солиҳ инсонлардан бўлиб кетсалар. Бу эса сиз учун жуда ҳам улкан бахт, чексиз ажр-савоблар конидир.

Бундай улуғ фурсатга сиз дарҳол шошилинг, унинг қадрига етинг, камтарона ва ҳеч қандай миннатсиз, холисона хизмат қилинг.

Эрингиз рухсат бермаслиги масаласига келсак, сиз у кишига ширин сўзлар билан аста-секин тушунтирнг, Шариат хатога хато билан жавоб қайтаришга рухсат бермайди. Эр ўз аёлининг ота-онасини зиёрат қилишига вақти-вақти билан рухсат бериб туриши вожиб, ота-она ва қариндошлик ҳуқуқларига эътиборсиз бўлиш асло жоиз эмас. Бундай ҳақ-ҳуқуқлар ислом динимизнинг энг улкан аҳком ва одобларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш фарзлигини доимо Ягона Ўзига ибодат қилиш ҳаққи билан бирга эслатади.

Раҳмону Раҳийм бўлмиш Парвардигоримиз барчаларимизни иймону исломда собитқадам қилиб, солиҳ амалларга муваффақ айласин…

«Ислом Овози» таҳририяти

* Мавзуга оид маърузалар: