Тўрт мазҳабнинг ҳаммаси ҳақ

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Обидхон қори домла, авваламбор Аллоҳ қилган хайрли ишларингиз учун мукофотласин, тинчлик ва саломатлик ато этсин. Сиз ҳақингизда кўп эшитганман. Ўткан йилги суҳбатингизда сиз Ўзбекистон ҳукумати ҳар бир соқол қўйган исонни ваҳҳобийга чиқариши мумкинлиги ҳақида айтган эдингиз, бунга қўшиламан. Аммо ҳозирда ваҳҳобийлик ёки салафийлик деган гуруҳлар борлиги ҳаммамизга маълум. Улар баъзи соҳаларда мазҳаб уламоларига қарши далиллар келтирадилар. Уларнинг даъволаридан бири илми саёз инсонлар мазҳабга эргашишлари мумкин, аммо илмли шахслар учун маълум бир мазҳабга тақлид қилиш жоиз эмас. Аксинча улар маълум бир ҳукм борасида мазҳабларнинг далилларини солиштириб, далили кучлисини танлашлари керак, дейишади. Бу борада сиз қандай фикрдасиз? Умуман салафийларнинг бу борада тутган йўлини қўллайсизми ёки қаршимисиз? Иккинчи саволим: сиз қайси мазҳабдасиз? Ўзбекистонда фаолият юритганингизда қай мазҳабда бўлгансиз? Жавобингиз учун раҳмат. Аллоҳ ҳижратда кечаётган умрингизни хайрлива саломат бўлмоғини насиб айласин. Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

(Ғариб, Швеция).

Жавоб:

Яхши тилакларингиз учун раҳмат, айтганингиз келсин. Ҳаммамизга маълумки, Ислом динимизнинг асоси Қуръон ва ҳадислардир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон шу икки манбани чуқур ўрганишга интилмоғи даркор.

Лекин ҳамма инсон ҳам Қуръон ва ҳадислар маъноларини бевосита ўзи ўқиб, тушуниб етавермайди. Шунинг учун одамлар илм ва ибодат масаласида ўз имомлари ва устозларига эргашадилар.

Устоз эса илмли, тақволи, омонатдор ва холис бўлмоғи керак.

Ислом тарихидаги мазҳаблар ҳам устоз-шогирдлик тарзида юзага келган ва ривожланиб борган. Маълум бир ҳудуддаги мусулмонлар ўзларига яқин ва мақбул бўлган олим атрофига тўпланиб илм ўрганишган, ҳаётда учрайдиган турли хил муаммо ва масалаларга улардан жавоб олишган. Ана шундай уламолар Ислом тарихида алҳамдулиллоҳким, жуда ҳам кўп бўлишган. Уларнинг авваллари саҳобаи киромлар ва тобеинлар бўлсалар, кейингилари тўрт мазҳаб имомлари ва ана шу даврда яшаган буюк уламолардирлар.

Мазҳаб уламоларидан сўнг буюк муҳаддис олимлар ҳам етишиб чиқдилар. Бу зотларнинг барчалари соҳиби мазҳаблар каби мужтаҳид уламолар бўлишган. Шунинг учун уларнинг баъзилари тўрт мазҳабдан бирига асосланишни ўзларига шарт деб билмаганлар. Уларни аҳли ҳадислар деб ҳам айтилади.

Аммо улардан кейинги даврларда яшаган машҳур уламоларнинг деярли ҳаммалари талабалик даврларида машҳур ва мўътабар мазҳаблардан бирига асосланган ҳолда илм олишган. Чунки мазҳабга асосланган ҳолда илм олиш толиби илм йўлини енгиллаштирган. Ўқиладиган фанларни жуда хам қулай тарзда тартиблаб берган ва ҳар хил ихтилофли масалаларга чалғиб кетишдан сақлаган.

Аҳли сунна мазҳабидаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг ҳаммаси ҳам ҳақ. Уламолар шу мазҳабларнинг қайси бирига бўлса ҳам иложи борича илмий асосда эргашган одам иншоаллоҳ нажот топишини айтадилар. Мен ўзим ҳанафий мазҳабидаман. Имомлик пайтимда ҳам шу мазҳабга биноан фаолият юритганман.

“Салафийлик” деган масалага келсак, бу калима арабча “салафа” деган сўздан олинган бўлиб, “ўтган” деган маънони билдиради. Яъни, “салафий” динда ўзича янги йўллар ихтиро қилмайдиган, балки ўзидан аввал ҳақ йўлда ўтган зотларга эргашадиган одам деганидир. Шу жиҳатдан қаралса, тўрт мазҳаб имомлари ва аҳли ҳадисларнинг ҳаммалари ҳам салафийдирлар.

Лекин бу номни даъво қилишнинг ўзи билан инсон ҳақиқатан ҳам салаф уламоларимиз йўлидан юрган бўлиб қолмайди. “Мен мусулмонман” дейишнинг ўзи билан ҳам мақсад ҳосил бўлмайди-ку. Шунинг учун “салафийман” деганларимиз ҳам, “ҳанафийман” деганларимиз ҳам Расулуллоҳ ва саҳобаи киромларнинг, буюк уламоларимизнинг илмларидан, айниқса хулқларидан ибрат олишимиз керак. Шунда албатта ҳар икки дунёда ҳам нажотга эришамиз, иншоаллоҳ.

(Шайх Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)