Таҳорат ва ғуслга оид зикрлар

Ҳожатхонага киришдан олдин ўқиладиган зикр: 

“اللّهُمَّ إنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الخُبُثِ وَالخَبَائِثِ“.

متفق عليه.

Маъноси: “Эй Аллоҳ, мен Сендан урғочи ва эркак жинлардан (барча ёмонликлардан ва нопок нарсалардан) асрашингни сўрайман”.

(Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоятлари).

* Ҳожатхона одобларининг хулосаси:

1. Ҳожатхонага киришда биринчи қадам чап оёқ билан босилади. Чиқишда ўнг оёқ билан чиқилади.

2. Ҳожатхонада қиблага юзланиб ҳам, қиблага орқасини қилиб ҳам ўтирилмайди.

3. Ҳожатхонада ҳеч қандай зикр ўқилмайди, оддий сўзлар ҳам гапирилмайди.

4. Ҳожат ушатилгандан сўнг нажосат теккан жойларни чап қўл ёрдамида уч дона кесак ёки тош билан яхшилаб артилади, сув билан ювилади. Авратларни тозалашда ўнг қўл ишлатилмайди.

Ҳожатхонадан чиққандан сўнг айтиладиган зикр:

«غُفْرَانَكَ»

(Абудовуд ва Термизий ривоятлари).

Маъноси: «Эй Аллоҳ, гуноҳларимни кечиргин».

Таҳорат қилишни бошлашда айтиладиган зикр:

«بِسْمِ الله»

(Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можаҳ ривоятлари. Албоний: ҳасан ҳадис, деган).

– Таҳорат қилиш асносида бошқа ҳеч қандай зикр собит бўлмаган. Валлоҳу аълам.

Таҳорат қилингандан сўнг ўқиладиган зикрлар:

Биринчи зикр:

«أشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إلاَّ اللهُ وَأنَّ مُحَمَّداً عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ».

(رواه مسلم).

Маъноси: «Шак-шубҳасиз Аллоҳдан ўзга (ибодат қилинишга ҳақли) ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ягона Аллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳ, деб гувоҳлик бераман. Албатта Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва Унинг элчиси деб гувоҳлик бераман». (Муслим ривоятлари).

Иккинчи зикр:

«اَللَّهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ التَّوَّابِينَ وَاجْعَلْنِي مِنَ الْمُتَطَهِّرِينَ».

(زيادة الترمذي).

Маъноси: «Эй Аллоҳ, Ўзинг мени кўп тавба қилгувчилардан қилгин ва покланиб юргувчилардан қилгин». (Термизий ривоятлари).

Учинчи зикр:

«سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ أنْتَ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأتُوبُ إِلَيْكَ».

(رواه النسائي).

Маъноси: «Эй Аллоҳ, Сен нақадар пок Зотсан, барча ҳамдлар Сенингдир. Сендан ўзга (ибодат қилинишга ҳақли) ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Сен Ўзинг Ҳақ Илоҳсан. Сенга истиғфор айтаман ва Сенинг Ўзинга тавба қиламан». (Насоий ривоятлари).

– Ушбу зикрлар оддий таҳоратдан кейин ҳам, катта таҳорат ҳисобланадиган ғуслдан кейин ҳам ўқилади. Валлоҳу аълам.

– Қуйидаги аудиолавҳа орқали ушбу зикрларни Нуриддин Обидхон қори ўғиллари овозида тинглашингиз мумкин.

وصلى الله وسلم على نبينا محمد وعلى آله وصحبه ومن تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.