Мадинаи мунаввара ҳурмати (2-қисм)

Иймон Мадинага жамланади

6- ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан риоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«إِنَّ الإِيمَانَ لَيَأْرِزُ إِلَى الْمَدِينَةِ كَمَا تَأْرِزُ الْحَيَّةُ إِلَى جُحْرِهَا».

متفق عليه.

«Иймон албатта Мадинага қайтади (ва Мадинада мустаҳкам ўрнашади), худди илон ўз инига қайтиб, ўрнашиб олганидек».

(Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим ривоятлари).

***

7- ҳадис:

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«إنَّ الإيمَانَ بَدَأ غَرِيباً وَسَيَعُودُ كَمَا بَدَأ، فَطُوبَى لِلْغُرَبَاءِ إِذَا فَسَدَ النَّاسُ، وَالَّذِي نَفْسُ أَبِي القَاسِمِ بِيَدِهِ لَيَأْرِزَنَّ الإيمَانُ بَيْنَ هَذَيْنِ الْمَسْجِدَيْنِ كَمَا تَأرِزُ الْحَيَّةُ إِلَى جُحْرِهَا».

رواه أحمد وأبو يعلى والدورقي وقال أحمد شاكر والألباني: إسناده صحيح.

«Иймон ғариб бўлиб бошланди. Яқинда қандай бошланган бўлса ана шундай бўлиб яна қайтади. Одамлар бузилган пайтда (одамлар диндан узоқлашиб, ёки бидъатларга кириб, тўғри йўлдан адашиб кетишган пайтда иймон ва солиҳ амалларда собитқадам турадиган) ғарибларга Тубо (жаннат) бўлсин. Абулқосим (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга (Аллоҳга) қасамки, иймон мана бу икки масжид (Масжидул-ҳаром ва Масжиди набавий) орасига қайтади (шу ерда мустаҳкам ўрнашади), худди илон ўз инига қайтиб, ўрнашиб олганидек».

(Аҳмад, Абу Яъло, ва Даврақий ривоятлари. Аҳмад Шокир ва Албоний: санади саҳиҳ ҳадис).

***

Мадина аҳлининг ҳурмати

8- ҳадис:

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لاَ يَكِيدُ أهْلَ المدينةِ أَحَدٌ إلاَّ انْمَاعَ كَمَا يَنْمَاعُ الْمِلْحُ فِي الْمَاءِ».

رواه البخاري ومسلم.

«Кимки Мадина аҳлига қарши ҳийла-найранг қилса туз сувда эриб кетганидек эриб (йўқ бўлиб) кетади».

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

***

9- ҳадис:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«مَنْ أخَافَ أهْلَ الْمَدِينَةِ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللهِ وَالمَلاَئِكَةِ وَالنَّاسِ أجْمَعِينَ، لاَ يَقْبَلُ اللهُ مِنْهُ صَرْفاً وَلاَ عَدْلاً، وَمَنْ أخَافَ أهْلَهَا فَقَدْ أخَافَ مَا بَيْنَ هَذَيْنِ»، وأشار إلى ما بين جنبيه.

رواه البخاري في التاريخ الكبير وابن أبي شيبة في المصنف واللفظ له.

«Кимки Мадина аҳлини қўрқитса, бас, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, малоикаларнинг ҳам, барча одамларнинг ҳам лаънати бўлсин. Аллоҳ ундан на фарз амални ва на нафл амални қабул қилади. Ким Мадина аҳлини қўрқитса менинг мана шу икки тарафимнинг ўртасини (яъни, қалбимни ёки бутун вужудимни) қўрқитган бўлади».

(Бухорий «Тарихи кабир» китобларида ва Ибн Аби Шайба «Ал-Мусаннаф» китобларида ривоят қилганлар).

***

10- ҳадис:

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«المَدِينَةُ مُهَاجَرِي، وَمَضْجَعِي، فِيهَا بَيْتِي، وَحَقٌّ عَلَى أُمَّتِي حِفْظُ جِيرَانِي».

رواه ابن أبي خيثمة وغيره. وقال الرفاعي في كتابه «الأحاديث الواردة في فضائل المدينة»: هذا إسناد صحيح…

«Мадина менинг ҳижрат қилган маконим, ётадиган жойим, уйим шу ерда, умматимнинг зиммаларида менинг қўшниларимни асрашлари ҳақ – вожибдир».

(Имом Ибн Аби Хайсама ривоятлари, Рифоий: санади саҳиҳ ҳадис).

***

Масжиди набавий фазилати

11-ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайи ва саллам айтдилар:

«صَلاَةٌ فِي مَسْجِدِي هَذَا أفْضَلُ مِنْ ألْفِ صَلاَةٍ فِيمَا سِوَاهُ إلاَّ الْمَسِجَدَ الْحَرَامَ».

رواه البخاري ومسلم وغيرهما.

«Менинг мана бу масжидимда ўқилган (битта) намоз, бошқа масжидларда ўқиладиган мингта намоздан афзалдир. Магар (Маккадаги) Масжидул ҳаромдаги намоз (Мадинадаги Масжиди набавийдан юз баробар афзал)».

(Бухорий, Муслим ва бошқа кўпдан кўп муҳаддислар ривоят қилганлар).

***

Масжиди набавийда толиби илм ва муаллимлар фазилати

12-ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«مَنْ دَخَلَ مَسْجِدِنَا هَذَا يَتَعَلَّمُ خَيْراً أوْ يُعَلِّمُهُ كَانَ كَالْمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ الله، وَمَنْ دَخَلَهُ لِغَيْرِ ذَلِكَ كَانَ كَالنَّاظِرِ إلَى مَا لَيْسَ لَهُ».

رواه أحمد وابن ماجه وابن أبي شيبة وغيرهم.

«Кимки бизнинг ушбу масжидимизга яхшилик ўрганиш ёки ўргатиш учун кирса, бас, у худди Аллоҳ йўлида юрган мужоҳиддек бўлади. Кимки бошқа мақсадда кирса у одам ўзиники бўлмаган нарсага қараётган кимсадек бўлади».

(Аҳмад, Ибн Можаҳ, Ибн Аби Шайба ва бошқалар ривоят қилишган).

***

Мадинада бидъат ёки ҳаром ишга қўл уриш улкан жиноят

13-ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«المَدِينَةُ حَرَمٌ! فمَنْ أَحْدَثَ فِيْهَا حَدَثًا ، أَوْ آوَى مُحْدِثًا فَعَلَيْهِ لَعْنَة اللهِ  وَالْمَلاَئِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِين ، لاَ يُقْبَلُ مِنْهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَدْلٌ وَلاَ صَرْفٌ».

رواه مسلم وأحمد وأبو عوانة وغيرهم.

«Мадина ҳарамдир! Бас, кимки у ерда бирор бир ҳадас (бидъат ёки ҳаром иш) қилса ёки муҳдис (ҳаром иш қиладиган ёки бидъатчи) кимсага бошпана берса, бас, унга Аллоҳнинг лаънати, малоикаларнинг лаънати ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин. Ундан ҳеч қандай амал (фарзу нафл амалларининг биронтаси) қабул қилинмайди».

(Муслим, Аҳмад, Абу Авона ва бошқа имомлар ривоят қилганлар).

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчаларимизни муқаддас диёрларни улуғлайдиган, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги ҳожилар, умрачилар, зиёратчилар, уламолар, илм талабалари ва омма мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, ҳурматларини сақлайдиган мўмин бандаларидан қилсин, барча Ислом диёрларини Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Мусулмон халқларни бугунги золиму ваҳшийлар устидан ғолиб қилиб, мазлум ва мазлумаларга нажот берсин.

* Мавзуга оид мақолалар:

Мадинаи мунаввара ҳурмати (1-қисм)

Ҳаж ва ҳожилар (1)

Ҳаж ва ҳожилар (2)