‘Андижон қирғинининг таҳқирли оқибатлари’

Бўлимлар: Матбуот

 

«Қўшма Штатлар, Оврўпо Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар Андижон қирғинидан 11 йил ўтиб Ўзбек ҳукуматини ҳисоб беришга чақириш даъватларини янгилашлари лозим», деб баёнот берган Human Rights Watch.

«Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашидаги ҳаддан зиёд ёмон кўрсаткичлар борасидаги хавотирларни ҳам изҳор этмоқлари лозим. Улар Ўзбек ҳукуматининг БМТ кузатув ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни мунтазамлик билан рад этиб келаётганига қарши чиқишлари, мамлакатдаги инсон ҳақлари вазиятини изчил назорат қилиш ва бу борада хабар тарқатишни таъминлаш учун экспертларнинг қатъий мавқеини барпо этиш керак», дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Инсон ҳақлари ташкилотларининг қирғин гувоҳларига таяниб эълон қилган кўп сонли ҳисоботларига кўра, 2005 йил 13 майида Андижон шаҳри марказидаги Бобур майдонида ҳукумат кучлари аксарияти қуролсиз бўлган тинч намойишчиларни ўққа тутгани оқибатида аёллар ва болалар дохил, юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, Human Rights Watch ташкилоти яраланиб ётган инсонларни ҳам ҳукумат кучлари отиб ўлдирганини айтади.

Қуршовдаги Бобур майдонидан чиқиб Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги Тешиктошга етиб олганлар 14 май эрта тонгда Ўзбек ҳарбийларининг ўқ ёмғири остида қолганлар.

Ўзбек ҳукуматининг қирғин қурбонлари ҳақидаги маълумотлари бутунлай бошқа.

Расмийларга кўра, «Акромийлар» деб номлаган диний оқим аъзолари Андижонда ҳокимиятни қуролли қўзғолон йўли билан босиб олишга уринди, дейди ва асосан террорчилардан иборат 187 киши ҳалок бўлган, дейди.

Ўзбекистон ҳукумати қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги чақириқларни шу кунгача рад этиб келади.

Ўзбекистон расмийлари Бирлашган Миллатларнинг Инсон Ҳақлари Кенгашига «Андижон мавзуси ёпилган»ини айтишган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари воқеаларни «қирғин» дея тасвирлашади.

БМТ, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ўзбек ҳукуматини намойишчиларга қарши «ҳаддан ташқари куч ишлатиш»да айблаган ва ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган.

Андижондаги намойишчилар ноҳақ қамалган яқинларининг озод этилиши, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий адолат ўрнатиш каби талабларни илгари суришганди.

Қонли воқеалардан омон қолган юзлаб андижонликлар Оврўпо ва АҚШда бошпана топишган.

Улар Ўзбекистонда қолган яқинларига босимлар шу кунгача ҳам тўхтамаганини айтадилар. Бу боисдан шоҳидлар Андижон воқеаси ҳақида гапиришни ҳам кўп ҳолларда исташмайди.

Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга уринган журналистлар ва инсон ҳақлари фаоллари қамоққа ташланган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Ўзбекистон ҳукумати қонли воқеаларнинг матбуотда ёритилишига тақиқ қўйган.

Human Rights Watch ташкилоти Андижон қирғинининг 11 йиллиги муносабати билан эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати зўравонликларга раҳбарлик қилишда айблаган Акром Йўлдошевнинг тақдири борасида ойдинлик киритишга чақиради.

Human Rights Watch Акром Йўлдошевнинг 2010 йил силдан вафот этгани ҳақида хабар топганини айтган.

Халқаро ташкилот мамлакат қамоқхоналарида қолаётган сиёсий тутқунлар, инсон ҳақлари фаоллари ва мустақил журналистларни озод этишга чақирганлар.

Манба: ББСЎзбек