«Ишдан чарчаб келаман. Хуфтон намозини бомдод намозигача ўқиб олсам бўладими? …»

Савол:

Кўпинча ишдан чарчаб келаман. Хуфтон намозини ўқишга ҳолим ҳам қолмайди. зўрба-зўр ўқийман.  Хуфтон намозини бомдод намозигача ўқиб олсам бўладими?

Жавоб:

Хуфтон намозини имкон қадар ярим кечадан кечиктирмаслик керак.

Шомдан кейин хуфтон ўқимасдан ухлаш макруҳ иш саналади.

Имом Бухорий, Термизий, Насоий ва бошқа муҳаддис уламолар ривоят қилишган ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдин ухлашни, хуфтондан кейин гаплашишни ёқтирмас эдилар, деб айтилган.

Сиз кечқурунга бориб тўкилиб қоладиган даражада чарчаб қолмаслигингиз учун кундузи пешиндан кейин ёки олдинроқ бир вақт топиб, бироз ухлаб олишингиз мумкин.

Имом Суютий ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай уйқуга тарғиб этилган. Унинг номини араб тилида қайлула деб номланади.

Одамлар бугун қайлула уйқусининг фойдалари муҳимлигини англаб етганлари туфайли Японияга ўхшаган моддий жиҳатдан ривожланган баъзи давлатларда ўқув юртларида ҳам, ишхоналарда ҳам ана шу уйқу учун (20-30 дақиқа атрофида) алоҳида вақт ажратиб бериш қонунга киритилгани ҳақидаги расмий хабарларни бир неча йил олдин ўқигандик.

Ислом дини эса 14 аср муқаддам бу нарсага тарғиб этиб қўйган.

Хуллас, хуфтон намозини ўқимасдан ухламасликни тавсия қиламиз.

Намоз учун чарчаб-тўкилиб келиш эса асло одобдан ҳисобланмайди.

Бутун оламларнинг парвардигори ҳузурида туриладиган пайт бундай аҳволда туришдан уялишимиз керак!

Салафи солиҳларимизнинг ҳаётларидан ибрат олайлик. Улар кундузлари беш вақт фарз намозларни масжидда жамоат билан адо этиб, илм олиб, даъватларда юриб, жиҳодлар қилиб ва бошқа оғир машаққатли амалларни бажариб, орада озгина вақт қайлула қилиб олишарди. Ана шу уйқуларига Аллоҳ барака бериб, кечанинг охирги қисмларида таҳажжуд намозларини ўқиб, Қуръони карим тиловатлари билан банд бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурида тик туриб, рукуъ-саждалар ва дуо-илтижолар қилиб чиқардилар.

Бизчи?

Аллоҳ таоло Ўзи барчаларимизнинг иймону тақвойимизни кучайтирсин, ибодатларни ўз вақтида мукаммал тарзда бажо этишимизга муваффақ айласин, хато-камчиликларимизни Ўзи кечирсин …

«Ислом Овози» таҳририяти