Халқнинг аҳволига бепарво намозхондан эзгу ишлар қилиб юрадиган бенамоз афзалми?

Савол:

Сизларга бир саволим бор эди: мен шундай инсонларни биламан, улар беш вақт намоз ўқийди. Ҳеч кимга ёмонлик ва ҳеч кимга ғамхўрлик ҳам кўрсатмайди. Яна бир одам борки, намоз ўқимайди, баъзи-баъзида ичиб ҳам туради. Агарда кимдир ундан кўмак сўраса дарҳол ёрдамга ошиқади.

Энди айтингчи, мен танийдиган инсонларнинг қайси бири афзал?

Жавоб:

* Намозни тўла-тўкис бажо этиш лозим;

Намоз Аллоҳга иймон келтириб, Исломга кириш билан дарҳол бошланиши лозим бўлган энг улуғ ибодат. Ҳақиқий намоз яхши амалларга чорлаб турадиган энг катта куч.

Кимки намозхон бўла туриб бошқа эзгу амалларга қизиқмас экан, яхшиликларга бепарво бўлиб юраверар экан, демак у одам намозларни мукаммал адо этмаётганлиги, балки чалакам чатти қилиб юрганлиги ўзига маълум бўлиши керак. Ундай одам Аллоҳ таолога тезроқ тавба-тазарру қилиб, барча ибодатларни мукаммал адо этишга ҳаракат қилсин.

* Яхшиликлари кўринмаётган одам яхшилик қилмаётгани аниқми?

Бироқ бир намозхон киши бизнинг кўзимизда намоздан бошқа ҳеч қандай яхши амаллар қилмаётгандай кўринаётган бўлса, у ҳақиқатан ҳам шундай экан деган хулосага боришимизга сабаб бўлмаслиги лозим. Чунки биз унинг кўп яхши хислатлари ва солиҳ амалларидан бехабар бўлишимиз мумкин.

Асл қоида шуки: иймони комил мўминлар ўзларининг кўпдан кўп солиҳ амалларини риёдан узоқ бўлиш мақсадида одамлардан яширишга ҳаракат қиладилар. Жамоат бўлиб бажаришга буюрилган, таълим-тарбия ва ибрат учун бажариладиган амаллар бундан мустасно.

Ундан ташқари бугунги Ўзбекистон шароитида ўзининг яхши амалларини янада қаттиқроқ яшириб юришга мажбур ҳам бўлади, инсон. Сабабки, ҳукуматнинг жосуслари мусумонларни қаттиқ кузатиб туришлари, арзиган-арзимаган нарсаларни баҳона қилиб қамоққа олишлари ва қийноқларга солишлари ҳеч гап эмас.

* Бенамознинг халқпарварлиги қиёматда фойда берадими;

Баъзи бенамоз инсонларнинг бировларга ёрдам беришга ошиқиши эса худди пойдеворсиз уй қуришга ўхшаб кетади.

Балки у инсон ўзининг бенамозлик ва ароқхўрлик каби гуноҳларини шу йўл билан ювиб тураман деб ўйлаётган бўлиши ҳам мумкин.

Балки холис Аллоҳ учун эмас, одамларнинг олдида мақтовга, обрўга эришиш учун ва ўзининг нафсига, табиатига ёқимли иш бўлгани туфайли қилаётгандир . Агар шундай бўлса шу дунёдаги мақсадига эришар, аммо қиёматда унга ҳеч қандай савоб бўлмайди.

* Намоз ёмон амаллардан сақловчи қўрғон;

Гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилмоқчи бўлган одам энг биринчи ўринда намозга мустаҳкам бўлишдан бошлаши лозим. Чунки намоз – Аллоҳ буюрган ҳақиқий намоз – юқорида айтганимиздек ҳаром ишлардан ҳам сақланиш учун энг асосий пойдевордир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ}. (العنكبوت : 45).

«(Эй Расулуллоҳ), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб — Қуръонни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур». (Анкабут: 45).

* Бенамоз одам мусулмон бўлиши мумкинми?

Бировларга яхшилик қилаётган инсон агар холис Аллоҳ учун бажараётган бўлса албатта унинг ажр-савоби буюк бўлади.
Лекин шу билан бирга бенамозликнинг нақадар улкан гуноҳ эканилигини асло унутмаслигимиз даркор.

Мутақаддим уламолардан ҳам, ҳозирги замон уламоларидан ҳам бир қанчалари «намоз ўқимаган одам кофир бўлади», деб фатво берганлар ва оят-ҳадислардан далилларини келтирганлар.

Жумладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида огоҳ этиб айтадиларки:

» العهد الذي بيننا وبينهم الصلاة فمن تركها فقد كفر».  رواه أحمد والترمذي والنسائي وابن حبان والحاكم .

«Биз билан улар (мунофиқлар)нинг ўртамиздаги аҳд намоздир. Ким намозни тарк қилса дарҳақиқат у кофир бўлибди». (Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоятлари).

Бизнинг мазҳабимизда эса бенамозлик куфри акбар деб айтилмаса ҳам, куфри акбарнинг ёнида турадиган энг улкан гуноҳ эканлигида шубҳа йўқ. Бу мавзуда ояту ҳадислар жуда ҳам кўп ва уламолар умматга насиҳат қилиб, кўпдан кўп асарларини ёзиб қолдирганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳаблари шарҳланган фиқҳ китобларида қуйидаги мазмунлар битилган:

«Намозни тарк килувчи одам тавбага чақирилсин. Агар яхши гаплар ва насиҳатлар кор қилмаса шаръий маҳкама қарорига биноан қамаб қўйилсин ва жазолансин, тавба қилмаса ўлгунга қадар озод қилинмасин!».

* Кофирларнинг эзгу ишлари;

Ҳадисларда келганки, Исломга киришдан аввал яхши амаллар қилиб юрган кофир кишининг яхшиликлари савоби сақланиб туради. Агар Исломга кирса ана шу яхши амалларининг қиёматдаги савобини ҳам сақлаб қолган бўлади.

Аммо Исломга кирмасдан ўтиб кетадиган бўлса қиёматдаги савобларидан ўзини ўзи маҳрум қилган бўлади.
Шу билан бу дунёда орзу қилгани одамларнинг мақтовлари ва ҳурматлари унга кифоя. Энди унинг учун охиратда ҳеч қандай савоб йўқ. Аллоҳ асрасин.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти