Хотин-қизлар «байрами»

Таҳририятга одамлар томонидан ўйлаб топилган турли хил байрамларни нишонлаш ҳукми ҳақида саволлар келиб туради.

Маълумки, Ислом динида йилда фақат иккита байрам бор. У ҳам бўлса Ийдул-Фитр ва Ийдул-Азҳо байрамлари.

8 март кунини хотин-қизлар байрами қилиб олиш масаласига келсак, аёлларнинг ҳурматлари уларга муайян бир кунни байрам қилиб бериш билан бўлмайди.

Биз уларга она, қиз, сингил ва умр йўлдоши сифатида ҳар куни иззат-икром кўрсатиб, Шариат белгилаб берган ҳақ-ҳуқуқларини бажо этишимиз лозим.

Байрам масаласи диний масала бўлиб, ҳеч ким ўзича ҳеч қайси бир кунни байрам сифатида белгилаб олиши жоиз эмас.

Агар жоиз бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зотнинг мавлудларини, пайғамбар бўлиб келган кунларини, ҳижрати набавийя кунини ва Ислом тарихида рўй берган энг буюк ғалаба кунларини нишонлашга рухсат берилган бўлар эди.

Ийдул-Фитр ва Ийдул-Азҳо кунларига эътибор бериб қарасак, бу кунлар улуғ ибодат мавсумлари ортидан келади. Биз ана шу мавсумларни ғанимат билганимиз, Аллоҳ таоло у мавсумларда бизларни тоат-ибодатлар қилиб олишимизга муваффақ қилгани учун такбирлар, ҳамду сано ва шукроналар айтиб нишонлаймиз.

Демак, биз учун ҳақиқий байрам тоат-ибодатлар билан яшашга муваффақ бўлишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида Рамазон рўзаларини мукаммал тутиш ҳақидаги ояти карима сўнгида марҳамат қиладики:

{يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ}. [البقرة: 185].

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва (тоат-ибодатларга) ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».

Қуйида устозимиз шайх Обидхон қори аканинг ушбу мавзуга оид маърузалари ва савол-жавобларидан баъзиларини илова қилмоқдамиз:

* Расулуллоҳни яхши кўриш шартлари ва мавлуд масаласи

* Суннатга эргашайлик, бидъат ва ширклардан узоқ бўлайлик

* Ширкдан узоқ бўлиш бахт ва шифо

* Туғилган кунни нишонласа бўладими?

* Янги йил учун дастурхон ёзиш мумкинми?