«Мен ҳам айнан ўша бегуноҳ қиз каби алданиб турмушга чиққандим…»

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ

Аллоҳ сизлардан рози, бўлсин ҳозирги ёритилаётган мавзудан қаттиқ таъсирландим. (Йигит бир қизга унаштирилган, лекин бошқаси билан гаплашиб юради …).

Чунки, ўзимнинг бошимдан ўтган. Ҳаммаси бирма бир кўз олдимга келди. Мени ҳам ҳаётим айнан ўша бегуноҳ қиз каби алданиб турмушим бошланганди ва – Аллоҳнинг синови экан – кўп қийналдим.

Аслида у йигитни яхши солиҳ йигит, қори дейишгани ва илми бор бўлгани учун рози бўлгандим. Кейин тўйдан бироз ўтиб бир қиз билан юрганини, унга уйланишга ваъда берганини, мени солиҳа муслима бўлганим учун уйланганини ва 2 чи аёл сифатида бўлишимни айтди.

«Исломда 4 тагача ҳаққим бор, сен қарши чиқсанг динга қарши чиққан бўласан» деди.

Мен аввалига у аёл билан танишишни хоҳладим. Телефонда гаплашиб, ҳижобга кириши ва намоз ўқиши шарти билан розилигимни билдирдим. Аммо у «мени шундай қабул қилсин» деб, мени ҳақорат этди.

Эрим менга ота-онаси учун уйлангани, аслида уни яхши кўришини айтди.

Шу кундан ҳаётим ўзгарди, ҳомила ҳолимда 2 чи бўлишга рози бўлмаганим учун ажрашдик.

Ҳозирда фарзандим ота меҳридан маҳрум бўлиб ўсмоқда.

Албатта бу Аллоҳнинг синови, алҳамдулиллаҳи ало кулли ҳол.

Сизга буни ёзшимдан мақсад:

Истардимки, йигитларимиз яна ҳам яхшироқ ўйлаб, турмушга чиқаётган аёллар Аллоҳ томонидан берилган омонат эканликларини ва бу омонат ҳақида Аллоҳнинг ҳузурида сўроққа тутилишларини эсдан чиқармасликларини эслатсангиз.

Хато ёзган бўлсам узр сўрайман .

Албатта ёритаётган мавзуларингиз ва юбораётган маърузаларингиз жуда ҳам гўзал ва батафсил далиллар билан келтирмоқдасизлар.

Аллоҳ рози бўлсин, жазакаллоҳу хойрон.

(Умму Абдуллоҳ)

Таҳририят муносабати:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ

Муҳтарам синглимиз Умму Абдуллоҳ.

Авваламбор, Аллоҳ таоло сизга сабру сабот ато айласин, мусибатлардан нажот берсин, фарзандингизни икки оламда бахтли ҳаёт кечиришга муваффақ қилсин.

Агар сиз айтган гаплар ҳақиқатан ҳам худди шу тарзда рўй берган бўлса ва у одам Аллоҳдан қўрқиб тезроқ тавба қилмаса мусулмонлар шаънига доғ текизаётган ва ўзини ўзи ҳавойи нафсига қул қилаётган кимса бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай кимсалар ҳақида огоҳ этиб айтади:

{أَفَرَأَيْتَ مَنِ اتَّخَذَ إِلَٰهَهُ هَوَاهُ وَأَضَلَّهُ اللَّهُ عَلَىٰ عِلْمٍ وَخَتَمَ عَلَىٰ سَمْعِهِ وَقَلْبِهِ وَجَعَلَ عَلَىٰ بَصَرِهِ غِشَاوَةً فَمَن يَهْدِيهِ مِن بَعْدِ اللَّهِ ۚ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ} [الجاثية: 23].

«(Эй Расулуллоҳ), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!». (Жосия: 23).

Исломдан фақат ўзининг ҳавойи нафсига ёқадиган жойини ҳужжат қилиб оладиган кимсаларнинг ўзи биринчи бўлиб динга қарши чиқадиган, худди яҳуду насоролар қўллаган макр-ҳийлаларни такрорлайдиган бўлади.

{أَفَتُؤْمِنُونَ بِبَعْضِ الْكِتَابِ وَتَكْفُرُونَ بِبَعْضٍ ۚ فَمَا جَزَاءُ مَن يَفْعَلُ ذَٰلِكَ مِنكُمْ إِلَّا خِزْيٌ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۖ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يُرَدُّونَ إِلَىٰ أَشَدِّ الْعَذَابِ ۗ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ}. [البقرة: 85].

«… Китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми?! Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, Қиёмат Кунида эса энг қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир». (Бақара: 85).

Ислом дини кўпхотинлик учун маълум ва машҳур шарту шароитларни, улкан ҳақ-ҳуқуқларни белгилаб қўйган.

Мусулмон киши бир ишга қўл уришидан аввал унинг аҳкомларини яхши ўрганиб олиши фарз бўлади.

Никоҳ ва талоқ аҳкомларини ўрганмасдан туриб уйланиб олган одам зиммасида фарз бўлган талаби илмни тарк қилгани ёки кечиктирганлиги биринчи гуноҳ бўлса, оилавий ҳаётни бошлаганидан сўнг илмсизлиги туфайли йўл қўядиган ҳар бир хато-камчиликлари ортидан унинг гуноҳлари яна баттар ортиб боради.

Шунинг учун уйланмоқчи бўлаётган йигитларга ва турмушга узатилаётган қизларга энг биринчи насиҳатимиз шуки: сизлар ниятларингизни холис Аллоҳ учун ислоҳ қилган ҳолингизда никоҳ ва талоқ аҳкомларини эътиборли уламоларга мурожаат қилиб, яхшилаб ўрганиб олишларингиз даркор.

Устозимиз Обидхон қори ака – Аллоҳ шифойи комил ато этсин – бу мавзуга доимо катта аҳамият бериб келганлар.

Қуйидаги ҳаволалар орқали у кишининг муфассал маърузалари ва савол-жавоблари билан танишиб, жуда муҳим ва долзарб илмларни ўрганишингиз мумкин.

Аллоҳ таоло Ўзи барчамизни турли туман фитна-фасодлардан узоқ қилсин, ҳавойи нафсига қул бўлиб қоладиган кимсаларан қилиб қўймасин. Гуноҳ-маъсиятларга кириб қолаётган мусулмонлар тезроқ тавба-тазарру қилиб, диний ва дунёвий аҳволларини ислоҳ қилишлари учун тавфиқ берсин.

* Оила ва турмуш силсиласи

* Аёл ва оила ҳақида савол-жавоблар

* Никоҳ масалаларига оид савол-жавоблар

* Фарзанд тарбияси ҳақида савол-жавоблар

* Талоқ масалаларига оид савол-жавоблар

* Ахлоқ ва одобга оид савол-жавоблар

* Ҳалол-ҳаром, гуноҳ, жиноят мавзулари ҳақида савол-жавоблар