«Билиб-билмай қилган хатоларингизни тан оласизми? Ҳукуматдан афв сўрасангиз кечирар …»

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

1- савол: Ҳозир Ўзбекистонда динга ва мусулмонларга қарши қаттиқ кураш кетяпти. Баъзи мусулмонлар фикрида бунга сабаб Абдували қори аканинг очиқ даъватга чиқишлари ёки сизнинг очиқдан очиқ ҳукуматни баъзи бир ўринларда танқид қилишингиз ёки мусулмонларни шошқалоқликлари деб айтишади. Нима дейсиз балки даъват услубида янглишилдими? Агар шундай бўлса ўзингизни бу тазйиқларни келиб чиқишига сабабчи ва айбдор деб биласизми?
(Muhammad Solih Toschkandiy, Madina)

2- савол: Сиз Ўзбекистонда эканлигингизда динимизни даъват қилишда билиб-билмай қилган хатоларингизни тан оласизми? Ҳадеб ватандан ва сиёсатдан норизо бўлавериш тўғрими? Балки сиз ҳукуматдан авф сўрасангиз сизни кечирар, фақат холис жавоб беринг, илтимос. Саволим сизни ранжитган бўлса рози бўласиз.
(Abdulloh, Toshkent)

3- савол: Фаолиятингиз давомида ҳозир йиллар ўтиб ҳеч бир нарсада «қандайдир хато бўлган, яна бир имкон берилганда уни бошқа тарзда қилган бўлар эдим» деган ҳолатингизни эслайсизми ёки биласизми?
(Buston, UK)

1- саволнинг жавоби:

Бу даъволар асоссиздир ва улар фақат ғараз билан айтилади. Чунки, агар динга ва мусулмонларга қарши курашнинг сабаби Абдували қори ёки мен бўладиган бўлсак, мана ҳозир майдонда у киши ҳам, мен ҳам йўқмиз-ку?! Энди нима учун динга кенг йўл очиб бермаяпти ҳукумат? Нима учун ҳукуматни танқид қилмаган имомлар ҳам қамоққа ташланди? Мен ҳозир ҳукуматга содиқ бўлгани ҳолда сал тақволироқ бўлгани учун қамоқхоналарда азобу уқубатлар тортиб, касалманд бўлиб чиққан бир қатор имомларнинг номларини келтиришим мумкин эди. Аммо бу уларнинг хавфсизлигига зид бўлади, деб ўйлайман.
Ҳукуматнинг ёнини оладиганларга савол: нима учун давлат мусулмонларга ўз уйларида йиғилиб бир-бирларига фақат ва фақат Қуръондан дарс беришларига рухсат бермайди? Бунинг нимаси жиноят? Агар ҳукумат мусулмонларнинг ихтиёрларини ўзларига берса, ҳар бир маҳаллада биттадан Қуръон курслари очилади. Агар ҳукумат мусулмонлар манфаатини кўзлаётган экан, нима учун дин ҳақидаги қонунда: “Жамоат жойларида диний либосда юриш мумкин эмас”, деб ёзиб қўйибди?! Нима учун мактабларда қизларнинг рўмол ўраб келишига бўлаётган қаршиликлар тўхтамаяпти? Нима учун қамоқхоналарда қийноқлар давом этаяпти?

Демак, ҳукуматнинг динга қарши қатағонларида айрим исломий намояндаларни айблаш ёки мусулмонларнинг шошқалоқлиги деб гапириш ё ниҳоятда соддаликдан ёки қалбнинг касаллигидан бўлади. Ўйланг, ҳукуматга мухолифат йўқ, халқ қашшоқ, аёллар мардикорчилик қилмоқда, болалар ишлаяпти. Қозоқлар ўзбекистонликларни қул қилиб сотмоқда. Ўзбек қизлари пул топаман деб ҳатто Таиландда шармандалик кўчаларига кириб юришибди. Бунга ҳам Абували қори айбдормилар?

Нима учун мусулмонларнинг ҳуқуқларини тиклаш ҳақида ўйлашнинг ўрнига кучсиз деб билган одамларига тош отадилар?! Майли, фаразан, янглишмовчилик мусулмонлардан ўтган, улар шошқалоқлик қилишган ҳам дейлик, унда мана орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтди. Аҳвол эса ўша-ўша. Нима учун президентни яхши кўрадиган мусулмонлардан биронтаси у кишига чиройли насиҳат ёки маслаҳат билан хат ёзмади? “Жаноб президент, айб қилган мусулмонлар жазосини олди, қамалди, қувилди, ўлди, энди бу ёғига биз ўзимиз қолдик, қолган ишларга бизнинг кучимиз етади. Энди қамоқдагиларнинг ҳаммасини озод қилаверинг, ўғирланганлар ҳақида ўзингиз очиқ бирор нарса денг, ёпилган қатор хусусий мадарасаларимизни қайтадан очишга буйруқ беринг”, деб очиқ айтиш шунақа ёмон нарсами?

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деётганларини эшитдим: “Фитналар қалбларга бўйра чўпи каби битта-битта ёпиша бошлайди. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора нуқта жойлаштирилади. Қайси қалб уларни инкор қилса, унга битта оқ нуқта жойлаштирилади. Шундай қилиб икки хил қалб пайдо бўлади. Биттаси шундай оппоқ ва силлиқ тошга ўхшайдики, унга осмонлару ер тургунча ҳам бирор фитна таъсир қилмайди. Иккинчиси эса қорамтир, тўнкариб қўйилган кўзага ўхшаган қалбки, у на яхшиликни билади ва мункарни инкор қилади. У фақат ҳавосига ёққан нарсага эргашади”. (Муслим, 207).

Аллоҳ ҳаммамизнинг қалбимизини Ўзи ислоҳ қилсин. Яхшилик нимаю ёмонлик нима эканини аралаштириб юборишдан Ўзи асрасин.

2- саволнинг жавоби:

Бу мазмундаги саволлар баъзан келиб туради ва бу табиий жараён. Шунинг учун ўзимни ранжитмасликка ҳаракат қиламан. Сиз ҳам менинг жавобларимдан ранжисангиз рози бўласиз.

Бизнинг даъватларимиз ҳақида гаплашадиган бўлсак, бу иншоаллоҳ сизга ҳам бошқаларга ҳам манфаатли бўлади деб ўйлайман. Мақтанмайман, аммо бу тажрибадан, иншоаллоҳ, кўпчилик фойдаланади.

Аввало сиз айтган хатолар ҳақида. Шуни таъкидлашим лозимки, инсон зоти борки хато қилади. Буюк уламолар ҳам ўзлари берган баъзи фатволарини кейинчалик хато эканини айтиб, ўзлари рад этганлар. Шундай экан, мен ҳам даъват асносида айрим хатоларга йўл қўйган бўлишим эҳтимол. Аммо Аллоҳга ҳамд айтаманки, менинг фаолиятим давомида жиддий хатолар бўлмаган. Бунинг сабаблари қуйидагича.

Мен яхши эслайман, маъруза қилаётган пайтимда Аллоҳнинг марҳамати билан бир неча томонларни ҳамиша ёдда тутган ҳолда гапирардим. Иложи борича эҳтиётимни қилардим. Чунки биринчидан, Аллоҳ ҳузурида жавобгарлик бор.

Иккинчидан, ҳукуматнинг Ислом даъватчиларини ёмон кўришини, МХХчилар менинг сўзларимни битта қолдирмасдан ёзиб олиб, таҳлил қилишларини, хатолар қидираётганларини билганман. Шунинг учун мен даъватни мавжуд қонунларга тескари келмайдиган, биронта шахс менга қарши ҳужжат келтира олмайдиган қилиб олиб борганман. Ҳатто ўрни билан айрим ҳукумат одамларининг яхши ишларини мақтаб қўйиш ҳам эсимдан чиқмаган.

Учинчидан, мен иш фаолиятимда анча-мунча масалаларни ўзимдан соқит қилар эдим ва нозикроқ саволларни сўраб келадиганларни диний идорага йўллар эдим. (Якка ҳолда келиб савол сўрайдиганларнинг баъзилари МХХ томонидан бўларди). Шундан бўлса керак, диний идора раҳбарлари учун мени ишдан бўшатиш можаросида ишимдан айб топиш ниҳоятда қийин бўлган.

Имомликдан бўшатишгандан сўнг, давлат биздан ўзи берган уйни тортиб олиш можаросини бошлади. Ҳокимият билан роса судлашдик ва ютиб чиқдик. Орада Тошкент шаҳар прокуратурасига чақириб, жиноий иш қўзғашга ҳаракат қилишди. Бу ҳодисада ҳам алҳамдулилоҳ, натижа бир хил бўлди. Шаҳар прокурори, ҳамма ундан қўрқадиган Эргаш Жўраев “додлаб”, бақириб, у ёққа югуриб – бу ёққа югуриб, бирор натижа чиқара олмади. Қайтага ўзи, шу иш туфайли бир қанча хатоларни қилиб қўйиб, оммага кулги бўлди ва камина сабаб “собиқ” бўлиб кетди. (Яқинда ўша кезларда бўлиб ўтган воқеаларга доир ҳужжатларни титкилаб ўтириб, Эргаш Жўраев хақидаги қоғозларни ўқиб қолдим. Хуллас анча “комедиялар” бўлган экан…) Демак, менинг фаолиятим анча қизғин шароитларда ўтди ва Ислом аҳкомларига, ҳамда давлат қонунларига тескари нуқталар бўлмади. МХХ роса ҳаракат қилди, аммо қизиғида бирор жиноят билан айблай олмади.

Яна масжиддаги даъватга қайтсам. Мени эҳтиёт бўлиб, ўрта йўлда ишлашга ундаган сабаблардан бири, агар мен даъватни ва дарсларимни қаттиқлаштириб юборсам ёки бирор ножўя ҳаракатлар қилсам, одамлар менинг сўзларимдан безиб, даъват ва дарслардан узоқлашиб кетишларини ўйлардим. Шунинг учун одамларга ҳам фақат мавжуд қонунлар доирасида йўл кўрсатдим. Дин ва давлат қонунлари орасида ҳаракат қилиб, мақсадга эришиш усулларини ўргатдим. Шунинг учун ҳам одамлар золимлардан қўрқмадилар. Мени ишдан бўшатишлари, уйдан ҳайдамоқчи бўлганлари, ҳамма ҳаммаси давлатнинг энг юқори поғонасидан туриб бошқарилаётганини одамлар яхши билиб турдилар. Аммо, шундай бўлса ҳам, улар чўчимадилар ва бизни қўллаб-қувватлашни тарк этмадилар. Чунки одамлар, ҳатто хорижий ташкилотлар ҳам бизнинг ҳақ эканимизни, ҳукуматнинг 100 фоиз ноҳақлигини билардилар. Биз ҳар бир ўзгаришга маҳаллий ва хорижий инсон ҳуқуқи ташкилотларидан, хорижий давлатларнинг элчихоналаридан вакиллар таклиф қилардик. “Би-би-си”, “Озодлик” каби радиоларнинг журналистларига хабар берардик. Кимлардир шу воқелар сабаб бўлиб одамлар қамалди деса, бу тўғри хулоса бўлмайди. Чунки ҳукумат фақат гуноҳкорларни ёки менинг тарафдорларимни қамашни мақсад қилмаган. Қамалганлар омма мусулмонлар эди. Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган қатағонларда қамалган 30 000 мусулмон менинг шогирдларим бўлмаган. Ҳукумат менга эмас, Ислом ва мусулмонларга қарши эди.

Менинг даъват ва таълим ишида ўрта йўл тутганлигим баъзи гапларни гапиришдан тийилишимга сабаб бўлган эса-да, ҳақ сўзни айтишдан унчалар кўп тўса олмаган.

Аллоҳ Ўзи яхши кўрадиган, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадиган мўминларни мақтаган. Аллоҳ уларни: “маломатчиларнинг маломатидан қўрқмайдилар”, деб олқишлаган. (Моида сураси, 54-оят).

Абдуллоҳ, қаранг, сиз кабилар мен кабиларни Исломни даъват қилишда қаттиқ ҳаракат қилиб юбордингиз, деб маломат қиласизлар. Аммо сизларни эса мусулмонларни ўғирлаб кетадиган пасткаш ва золим ҳукуматнинг ҳимоячилари, деб эслашади. Қайси бири яхши??!!

Мен учун албатта сизнинг маломатларингиз яхши!

“Бу Аллоҳ Ўзи хоҳлаган инсонга ато қиладиган фазлу марҳаматдир. Аллоҳ марҳаматлари кенг бўлмиш, ҳамма нарсани билувчи Зотдир”. (Моида сураси, 54-оят).

Сиз ҳукумат билан муроса қилишни эслатдингиз. Тўғри, ҳамма ерда муросаю мадора керак. Мусулмонлар билан ҳам, ҳукумат билан ҳам муроса қилиш лозим. Мен ҳукумат деганда МХХ мисолида гапираман. Шунда гапларим сиз талаб қилганингиздек холис бўлади, иншоаллоҳ. (Аммо шу сабабли МХХ сиздан ранжиб қолса, мени маъзур тутасиз). Менинг МХХ билан қилган мулоқотларим ҳам Исломда ўрта йўл тутишга мисол бўла олади.

Кўпчиликка сир эмас, МХХ ҳамма диний намояндалар ва халқ ичида кўзга ташланган мусулмонлар билан албатта махфий ва қонунсиз равишда суҳбатлашади. Мен ҳам МХХ билан муроса қилиб ишладим. Уларни масжиддан ҳайдаб солмадим. Қўпол гапирмадим. Уларга нима деганимни мана сиз ҳам эшитинг: “Сизлар ҳам шу юртнинг фарзандисизлар, биз ҳам шу мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқароларимиз. Марҳамат, хоҳлаган вақтингизда масжидга келинглар. Қандай масала бўлса, сизлар билан баробар фикр алмашамиз, муаммолар бўлса биргалашиб ечишга уринамиз”. Аммо бу гаплар МХХга оғир ботди. Улар мен билан муроса қилишни ўзига эп билмади. Чунки муроса айрим жиҳатлардан бир-бири билан тенг томонлар ўртасида бўлади. Биз мусулмонлар МХХ ходимларидан моддий жиҳатдан қуйи бўлсак ҳам, бироқ маънавий, ҳуқуқий, қонуний томондан паст эмасмиз. Ҳаммамиз бирдек фуқаролармиз. Бунинг устига имомлар расман МХХда ишламайдилар. Шунга сиз ҳам қўшиласизми?

Аммо МХХ бу фикрни ҳеч ҳазм қила олмади. У ташкилот мусулмон намояндаларни фақат хизматкордек кўришни истади. Мустақил фикр билдириш, уларнинг баъзи талабларини рад этиш мумкин эмас экан. Улар мендан ҳамкорлик қилиш учун ёзма равишда тилхат сўрашди. Ҳолбуки, уларнинг ўзини бундай тутиши шариатга ҳам, давлат қонунларига ҳам зид эди.
Абдуллоҳ, шу ўринда сизга бир неча савол бераман. МХХ сизга юқоридаги талабни қўйса, нима деб жавоб қиласиз? Сиз бирор марта МХХчиларнинг юзига уларнинг жиноятларини айтиб, танқид қилганмисиз?

Абдуллоҳ, сиз МХХ ходимларидан ўғирланган мусулмонларни қайтаришни талаб қилганмисиз? Улар одам ўғирлашдек хатосини тан олмаганда, талашиб қолганмисиз? Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, унда сиз ҳам “муросасиз” экансиз. Агар “йўқ” бўлса, унда ўзингиз айтинг, сиз ким бўлдингиз?

Ёки, сизнингча, уламолар хато қилишади, мусулмонлар хато қилади, жумладан мен ҳам хато қиламану, МХХ хато қилмайдими? Ёки уларнинг айбларини кўрсатишга президентдан бошқа одамларнинг ақли етмайдими?

Норози бўлиш ҳақидаги сўзингизга тўхталаман. Норозилик ҳар хил маъноларда қўлланиши мумкин. Ҳаром ва мункар ишни рад этиш, уни тўғрилашга ҳаракат қилиш Аллоҳ ва Пайғамбар буюрган фарз амал. Назаримда сиз шу ишларни “ватандан ва сиёсатдан норози бўлиш” деб тушунасиз. Бу тушунчангиз хато.

Аммо, инсон ўз ҳаётидан ва одамлардан норози бўлиб яшаши унинг соғлиғига, умрига, энг ёмони, иймонига зарба бўлади.
Шунинг учун сиз ҳам ўзингиз ҳимоя қилаётган сиёсатни танқид қиладиганлардан норози бўлаверманг.

Сўзимнинг охирида сизга савол бериш одобларидан айримларини эслатаман. Зеро, биз бир-биримизга ёрдам беришимиз керак. Савол берганда суҳбатдошни камситишдан сақланиш зарур. Мадиналик Муҳаммад Солиҳ биродаримизнинг саволи ҳам айнан сиз бераётган саволнинг ўзи эди. Аммо у киши ўз саволини “ Нима дейсиз балки даъват услубида янглишилдими?” дея одоб доирасида туриб сўради. Эҳтимол сиз оилада акангиз ёки отангиз билан гаплашганда уларга ҳам: “билиб-билмай қилган хатоларингиз” деб гапиришга ўргангандирсиз. Инсон оилада ота-онани ҳурмат қилишни қай миқдорда ўрганган бўлса, унинг бегоналар билан қиладиган муомаласи ҳам шу даражада бўлади.

3- саволнинг жавоби:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси тавба қилгувчилардир”, деганлар (Ибн Можа ривояти, ҳасан).

Демак, ҳар бир инсон Аллоҳга йўлиққунча ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилиб бориши, хатоларини топиши ва тузатиши лозим.
Бу нарса бировларнинг хатосини топишга уриниш, шу одатидан роҳатланишдек иллатдан инсонни холи қилади.
Мен ҳам ўз хатоларим ҳақида ўйлайман. Баъзи ишларни қилишда сусткашлик қилганимга афсус чекаман.
Аллоҳга тавба қиламан. Раббимиз фурсат берса, бундан кўра ғайратлироқ бўлишга интиламан.

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)