«Золим раҳбарларни тавбага чақирганлар адашган, жим ўтирганлар тўғри йўлда»ми?

Бўлимлар: Шубҳа ва жавоб

Савол:

Сизга саволим бор эди, фақат илтимос жавоб беринг:

Дунё катта салаф уламолари, улардан Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Барбаҳорий, Усаймин, Албоний, Аллоҳ Ўз раҳматига олсин, жуда кучли далиллар билан, ҳукуматга, султонга, ҳаттоки золим ҳокимга қарши чиқиш суннатга зид деб айтишган. Шунга сизни фикрингиз, сиз ҳам шу манҳаждамисиз? (Тушунчада?) Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларини «Мажму Фатово» (22/61) ва «Минҳожус-сунна» (3/391) ва Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг «Фатово Ибн Боз» (8/23) ва Ибн Усаймин «Лиқоатул-бобил-мафтуҳ» (3/126) да Мана шундай деб айтишган. Сизнингча шу фатволардан кейин ҳам Ўзбекистон мусулмонлари Каримовга қарши чиқадиган бўлса суннатга зид бўладими? Ҳукуматга қарши чиқиш бу бизга ўзга диндан келмадимикан?? Илтимос, Радио ходимлари, менинг саволим Обид қори акага етиб борса!!! Бу жуда муҳим. Олдиндан раҳмат.

(Abou Daoud Ziyadllah, Qahira Misr)

Жавоб:

Дарҳақиқат бу мавзу долзарб, муҳим масала. Бу мавзу шунинг учун ҳам муҳимки, у мамлакат аҳолисиинг диндорига ҳам, ўзгача фикрлисига ҳам баб-баробар тааллуқлидир. Аҳолининг динга амал қилмайдиган қисми бу ўринда фақат дунёвий қонунлар асосида фикр юритади. Мусулмонлар эса ҳам шариат қонунларига, ҳам дунёвий қонунларга назар соладилар.
Биз ҳозир бу борада Ислом қонунларида нима дейилгани ҳақида тўхталайлик.

Ҳанафий уламолардан Имом Таҳовий “Ақийдаи Таҳовийя” китобида ёзадилар:

“Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан бирор кишига қарши қилич кўтаришни жоиз санамаймиз. Илло куч ишлатиш вожиб бўлган ўринлар бундан мустасно. Имомларимиз ва раҳбарларимизга қарши бош кўтаришни мумкин деб билмаймиз. Уларни дуои бад қилмаймиз ва уларга бўйсунишдан бўйин товламаймиз. Агар гуноҳ ишларга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилишдек фарз деб биламиз… Адолатли ва омонатдор кишиларни яхши кўрамиз. Зулмкор ва хиёнаткор кимсаларни ёмон кўрамиз”.

Бу қоидалардан кўринадики, мусулмон подшоҳлар ва раҳбарлар гарчи золим бўлсалар ҳам уларга қарши қурол кўтариш жоиз эмас. Чунки бундай иш бегуноҳ инсонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлади.

Савол берувчи биродаримиз зикр қилган уламолар ҳам айнан шу нарсаларни кўзда тутишган. Улар ўз фатволарида қуролли қўзғолон кўтаришга монеълик қиладиган икки омилни зикр қилишади:

1. Раҳбарнинг очиқ куфрга кетмаслиги;
2. Қуролли инқилоб мавжуд зулмни бартараф этишнинг ўрнига ундан кўра баттарроқ мусибатларни келтириб чиқариш хавфи.

Ҳукуматга қуролли қаршилик кўрсатишдан қайтарилган экан, аммо уламоларнинг ҳеч қайсилари золим ҳукмдорни танқид қилиш ёки хатоларини кўрсатиш мумкин эмас, деб айтишмаган. Ёки мутлақ сукут сақлаш афзал дейишмаган. Аксинча Улуғ Раббимиз Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, барча суннат олимлари золимларнинг зулмини имкон борича рад этишга буюришган. Золимлар чиқараётган қонун ва фармонларнинг Қуръонга зид келадиган ўринларига итоат қилмаслик лозим эканини таъкидлашган. Зеро, Ислом адолат ва ҳақиқат олиб келган дин. Ислом халқни подшоҳларнинг зулм ва зўравонликларидан озод этиш учун юборилган. Ислом қуллик ва хорликни мустахкамлаш учун хизмат қилмайди. Оят ва ҳадислар золимларнинг қўлидан тутиб, мазлумлар ҳаққини ундиришни талаб қилади.

Аллоҳ мўмин инсонларни мақтаб бундай деган:

“Улар шундай зотларки, агар зулмга дучор бўлсалар, албатта ғолиб бўлурлар”. (Шуро сураси, 39-оят).

“Ғалаба ва қасосни мадҳ этишнинг маъноси нимада, дейилса, жавоб шуки, золимни ҳақ йўлга қайтариш ва тегишли жазога тортиш билан уни ислоҳ этилади. Бу ниҳоятда мақтовга сазовор ишдир”. (Табарий).

Аллоҳ яна марҳамат қилади:

“Аллоҳ ошкора ёмон сўз айтишни яхши кўрмайди. Илло зулм кўрган инсон бўлса майли”. (Нисо сураси, 148-оят).

Демак, мазлум инсоннинг золимга қарши сўзлаш ҳаққи бор.

Бу оятнинг тафсирида Ибн Касир мана бу ҳадисни келтирадилар:

“Абу Ҳурайрадан ривоят: Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб қўшнисидан шикоят қила бошлади. Пайғамбар дедилар: “Бор, сабр қил”. У одам икки ёки уч марта келди. Кейин Расулуллоҳ дедилар: “Бор, нарсаларингни кўчага олиб чиқиб ташла”. У одам нарсаларини йўлга олиб чиқиб ташлади. Шундан кейин одамлар ундан нима бўлгани хақида сўрай бошладилар. У бўлган воқеани айтиб берар эди. Одамлар унинг қўшнисини лаънатлай кетдилар. “Аллоҳ уни у қилсин, Аллоҳ уни бу қилсин, фалон қилсин!” Шундан сўнг унинг қўшниси келди ва “уйингга кир, (энди) мендан бирор ёмонлик кўрмайсан” деди”. (Абу Довуд Ривояти)

Пайғамбар алайҳиссалом келажакда мусулмонлар устига золим ҳукмдорлар келишини билганлар ва ўша пайтда қандай йўл тутиш лозимлигини айтиб кетганлар.

“Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Абдуллоҳ, сизларнинг устингизга суннатни зоеъ қиладиган, намозни ўз вақтидан кечиктириб юборадиган амирлар келганда нима қиларкинсан?!” Ибн Масъуд сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ, мени нима қилишга буюрасиз?”

Расулуллоҳ дедилар: “Аллоҳ азза важаллага гуноҳ бўладиган ўринда махлуққа (бандага) итоат йўқ”. (Имом Аҳмад ривояти, 8/493).

Сиз агар ҳукуматнинг халқ манфаатларига ва Исломга тўғри келмайдиган фармонларини танқид қилсангиз, сизни ҳукуматга қарши чиқди деб айблайдилар. Агар шу гап рост бўлса, унда жуда кўп одам ҳукуматга қарши чиқаётган бўлади. Нима учун?

Бугун Европада ҳам, мусулмон мамлакатларида ҳам хоҳловчилар учун Қуръон ўқишни ўргатадиган кўплаб хусусий мактаблар ишламоқда. Уларнинг расмийлари ҳам бор, норасмийлари ҳам. Аммо сиз Ўзбекистонда уйингизда норасмий ёки расмий мактаб очиб, ёшларга Қуръон ўқишни ўргатаман десангиз, қонунга хилоф иш қилган бўласиз. (Ўзбекистонда Қуръон ўргатадиган мадрасалар бармоқ билан саналади. Бир миллион мусулмонга нари борса битта мадраса тўғри келади). Нима учун буни тақиқлаяпсизлар, ахир фарзандларимиз Аллоҳнинг китобини ўрганиши керак-ку, десангиз сиз ҳукумат қонунларига қарши чиққан бўласиз.

Охири сиз бундай режадан воз кечасиз. Қуръонни яширинча ўрганасиз, ўргатасиз. Энди айтинг-чи, сиз кимга итоат қилган бўласизу кимга қарши чиққан бўласиз?

Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: Жиҳоднинг қайси тури афзал?

У зот жавоб бердилар: “Золим подшоҳнинг олдида ҳақ сўзни айтиш”. (Насоий, 7834).

Убода бин Сомит разияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобларидан байъат олдилар. Байъат пайтида у кишига берган ваъдаларимиздан бири шу бўлдики, қаерда бўлмайлик ҳақ сўзни айтамиз – Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмаймиз. (Муттафақун алайҳ).

“Ториқ ибн Шиҳоб айтади: Ийд куни намоздан аввал хутба ўқишни пайдо қилган одам Марвон бин Ҳакамдир. У шундай қилган пайтда бир одам ўрнидан туриб: “Намоз хутбадан аввал-ку!” деди. Марвон айтди: “У нарсаларга ҳозир амал қилинмайдиган бўлиб кетган”. Шунда Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳу дедилар: “Бу одам ўз зиммасидаги бурчини адо этди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деётганларини эшитганман: “Сизлардан ким бирор мункар ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин. Агар бунга қодир бўла олмаса, бас тили билан тўхтатсин, бунга ҳам қодир бўла олмаса, бас дили билан қайтарсин. Бу эса энг заиф иймондир”. (Муслим ривояти).

Бу ҳужжатлардан кўриниб турибдики, агар қайси бир мусулмон Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган йўлга тескари иш тутаётган бўлса – гарчи у подшоҳ бўлса ҳам – тартибга чақирилиши керак. Мусулмонлар аввалги замонларда ҳатто халифалар (подшоҳлар) хато қилаётганини кўрсалар, унга ҳақ сўзни айтишдан чўчимаганлар.

Лекин баъзи одамлар тушунмасдан ёки атайлабдан золим раҳбарнинг зулм ва мункар ишларини ошкора рад этиш масаласини “унга қарши бош кўтариш” билан аралаштириб юборади. Агар биров ҳукумат раҳбарини танқид қиладиган бўлса, уни Ислом тарихида ўтган хаворижларга қўшиб қўяди. Аслида ақоид китобларида қайтарилган “золим ҳокимларга қарши чиқиш” деганда шубҳасиз, уларга қарши жанг қилиш кўзда тутилган. Насиҳат ёки танқид қилиш назарда тутилмаган.

Аммо хатони кўрсатиш албатта мулойимлик ва ҳикмат билан, холисона амалга оширилиши зарур. Аввало хато қилган одамнинг ўзига холи равишда насиҳат қилинади. Агар якка ҳолдаги насиҳат ва маслаҳатлар кор қилмаса ҳамда у одамнинг хатолари оммага зарар келтираётган бўлса, у ошкора огоҳлантирилади. Агар очиқ-ойдин жиноятлар қилаётган бўлса, уни очиқчасига рад этилади.

Маълумки, жиноятчи ёки хатокор одам давлат бошлиғи, вазир ёки амалдор бўлса, насиҳатгўйларни, танқидчиларни албатта ёмон кўради. Насиҳат ва танқиддан сўнг зулмини баттар кучайтириб юбориши мумкин. Бундай пайтда фойда ва зарарлар таққосланади. Агар камроқ зарар эвазига кўпроқ фойда ҳосил бўлиши аниқ бўлса, гуноҳ ишдан қайтаришга рухсат этилади. Аммо насиҳат жуда оз фойда муқобилида кўп зарарларга сабаб бўладиган бўлса, сабр қилинади. Аллоҳга чиройли ибодат ва дуо қилиш, ҳамда ўз камчиликларини тузатиш, ўз устида ишлаш баробарида нажот йўллари қидирилади.

Кимдир юқорида айтилган қоидаларни ўзига рўкач қилиб: “Агар мен шоҳга насиҳат қилсам, у барибир қулоқ солмайди ва мен билан қасдлашиб қолади”, дейди-да, ўзини узрли ҳисоблайди. У одам балки ҳақиқатан ҳам ожиздир, узрлидир. Балки ўз имкониятларини тўғри баҳоламаётгандир.

Аммо бундан келадиган аниқ натижа шуки, буни кўрган золим раҳбар ўйлайди: “Демак, мен зулм қилиш воситаси билан мақсад сари тўғри кетаяпман, шу йўлни истаганча давом эттирсам бўлади. Халқ мендан қўрқаяпти. Уларни шундай ушлаб туриш керак!”

Энди унга насиҳат қилинганда келадиган зарар билан уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш оқибатида келадиган зарарни ўзингиз ўлчаб кўринг.

Бир тоифа кишиларда ақидавий ёки исломий қоидаларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, масалани кенгроқ тушунтиришдан қочиш ҳам учраб туради. Кимлардир Қиёмат азобларидан қўрқмасдан Ислом аҳкомларини давлат раҳбарининг фойдасига буриб шарҳлаб беради. Бу золим подшоҳлар учун айни муддаодир. Бунақада золим мана бундай хулоса қилади: “Мени ҳимоя қиладиган уламоларим бор. Улар халқни менга қарши қўзғолон қилишдан албатта қайтаришади. Ҳатто бирор кимса менга қарши бир оғиз сўз айтадиган бўлса ўша заҳоти унинг оғзини оят ва ҳадис билан ёпишади. Демак, мен Худо олдида ҳам, халқ олдида ҳам хақман!”

Яна бир гуруҳ кишилар бор. Улар ҳукуматни четдан туриб танқид қилишни қоралайдилар. Давлат раҳбарини фақат унинг олдида танқид қилиш лозим, орқадан гапириш бидъат, дейдилар. Аммо ўзлари ҳукумат раҳбарининг олдига кириб насиҳат қилишга ҳаракат қилмайдилар. Ўзи қила олмайдиган ишни бошқалар ҳам қила олмаётган бўлса, инсон ўзини айблаши керак.

Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлга ҳидоят қилсин.

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си).

* Мавзуга оид суҳбатлар:

Золим подшоҳга қарши чиқиш нима дегани? (1)

Ҳанафийлар: Зулм туфайли бош кўтариш хуруж (бағй) эмас (2)

Қарши чиқиш ҳаром бўлган раҳбар ким? (3)

“Фитнадан омонлик бўлса, раҳбар азл этилишга лойиқ” (4)

Фатво ва илмий тадқиқотлар доимий ҳайъати Исломий жамоалар ҳақида (матн)

Фатво ва илмий тадқиқотлар доимий ҳайъати Исломий жамоалар ҳақида (аудио)

Қори ака “сулҳ” қилишлари керакмиди?

Сиёсий масалалар ҳақида савол-жавоблар