Қизларни 9 ёшдан турмушга бериш ҳукми қандай?

Бўлимлар: Шубҳа ва жавоб

Савол:

Аксар мусулмон мамлакатларда қизларни 9 ёшдан турмушга чиқаришади. Дин уламолари бунга рухсат беришаркан, улар Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам 9 ёшли Оиша онамизга уйланганини далил ўлароқ келтирадилар. Сиз қандай фикрдасиз? Раҳмат.
(Abdulla, Amerika)

Жавоб:

Ислом уламолари иттифоқ қилган машҳур қоида шуки, қайси бир ишнинг зарарли экани аниқ бўлса, у албатта ҳаром бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ла зарара ва ла зирор”, деганлар. “Исломда зарар кўриш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ”. (Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).

Шунга биноан қиз боланинг ёшидан қатъи назар, жисмоний ёки руҳий ҳолати оила қуришга тайёр бўлмас экан, уни турмушга бериш қатъий ҳаромдир.

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша онамизга уйланишларига келсак, Расулуллоҳнинг ўша пайтдаги ашаддий душманлари ҳам бу ҳодисадан ажабланишмаган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир қадамларини кузатиб айб қидирадиган қурашийлар бу борада у зотга таъна-маломатлар ёғдиришни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Айбловлар анча кейинроқ, араб миллатидан бўлмаган душманлар томонидан янграй бошлаган.

Қурайшийларнинг Пайғамбаримизнинг уйланишларига эътибор бермаганларининг сабаби – арабларда қизларнинг эрта балоғатга етиши ғайриоддий ҳолат эмас эди.

Уламолар ва тиббиёт ходимлари иссиқ диёрларда йигит-қизларнинг эрта балоғатга етишини айтишади. Хусусан қизлар саҳровий минтақаларда анча эрта бўйга етиши мумкинлиги, жисмонан ҳам бошқа ерларга қараганда кучлироқ бўлишлари маълум.

Оиша онамизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқишларида жуда кўп ҳикматлар мужассамдир. Оиша разияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳнинг ёнларида бўлиб, Ислом уммати олдида бажарган хизматларини ҳеч ким адо эта олмас эди. У аёл кечаю кундуз Расулуллоҳнинг ҳузурларида Аллоҳ юбораётган минглаб ваҳйларни ёд олардилар. Онамиз Пайғамбарнинг ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам шу буюк меросни умматга етказиш йўлида буюк кўприк вазифасини ўтадилар.

Оилавий масалаларда уламо саҳобалар Расулуллоҳнинг вафотларидан сўнг Оиша онамизга мурожаат қилишар эди. Пайғамбаримизнинг бошқа аёллари Оиша онамиз каби кўп ҳадис ёд олишолмаган. (Расулуллоҳнинг Оиша онамиздан бошқа ҳамма аёллари эрлари вафот этган ёки турмушдан ажраган тул аёллар бўлишган). Ҳатто Абу Бакр Сиддиқ ёки Умар разияллоҳу анҳумлар каби буюк саҳобалар ҳам Оиша онамизчалик ҳадис ривоят қилишмаган.

Аллоҳ таоло Оиша онамизга шундай чуқур зеҳн, улкан ақлу заковат, мислсиз ахлоқий фазилатлатларни ато қилдики, Ўзининг энг буюк Расулига айнан мана шундай аёл муносиб келишини азалда ирода этган эди.

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си).

* Мавзуга оид суҳбатлар:

Никоҳ аҳкомларига оид савол-жавоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша онамизга уйланишларини қандай тушунамиз?

Ёш йигитнинг ўзидан катта аёлга уйланиши

Ҳижобга қарши фитналар

Аёл киши жиҳод қилса бўладими?

Оила ва турмуш силсиласи