Нима учун диний эътиқод ва ахлоқ биринчи ўринда туриши керак?

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Савол:

  1. Сиздек ғайри динга бошпана берган Европа дунёси мусулмон дунёсидан устун эмасми?
  2. Мусулмон дунёсидаги барча инқирозлар диннинг моҳиятидан келиб чиқмаганми?
  3. Ҳозирда айрим оилалардаги каби фарзандларини мактаб ёшидан масжидга етаклаётган ота-оналарга аввал уларга билим олиш керак, кейин диний эътиқодга вақт келади, деб ўйламайсизми? …

(Benjamin, Uzbekistan)

Жавоб:

1. Ҳозир Европа ва мусулмон дунёсини мутлақ бир-биридан устун ёки кам деб айтиш тўғри бўлмайди. Баъзи масалаларда Европа устунлик қилса, баъзи жиҳатлардан мусулмон олами устунлик қилади. Тафсилотларга киришиш учун эса бу суҳбат кифоя қилмайди.

2. Аллоҳга чин дилдан иймон келтирган ва Ислом динидан тўлиқ хабардор одам бундай деб ўйламайди.

3. Йўқ, унақа деб ўйламайман. Чунки фарзандларимиз ёшликдан бошлаб иймонли ва илмли бўлиб ўсишлари керак. Акс ҳолда бола тарбиясида кеч қолинади.

Эътиқод кейинги ўринларда турадиган масала деб ўйлаш ўта зарарли фикр. Эътиқод ва тарбия бир бутун нарса. Эътиқодсиз ўсган бола тарбиясиз бола бўлади. Тарбиясиз болалар кўпайса юртимиз обод бўлолмайди.

Бу мамлакатни хароб қилаётган одамлар ҳам ёшликда яхши тарбия олмаган. Шунинг учун ҳам улар ёшларга фойда бўладиган таълим-тарбия йўлларини кенг очиб бермаяптилар.

Агар раҳбарлар жамият ва давлат учун яхши ахлоқнинг фойдалари қанчалик муҳим эканини билсалар эди, ахлоқсизлик келтираётган кулфатларни ҳис қилаётган бўлсалар эди, Туркия ва Европадаги каби ҳам дунёвий, ҳам исломий хусусий мактаблар йўлини очиб қўярдилар. Шу билан бир қаторда давлат мактабларида (мусулмонларнинг фарзандлари учун) Ислом ахлоқи деган фан киритардилар.

Болаларда илмга қизиқиш, ота-она ва катталарга ҳурмат, халққа меҳр-муҳаббат ва шафқат, ҳалолликка интилиш, мазлумларга ёрдам қилиш, саховат, холислик, хақгўйлик каби хислатларни ёшлик чоғидан бошлаб шакллантиришимиз керак.

Бировга ҳасад қилиш, худбинлик, молпарастлик, очкўзлик, халққа зулм ўтказиш, ғийбат, ўзи қилган (ёки қилмаган) ишлар билан мақтаниш каби иллатлардан ўзимизни ҳам, фарзандларимизни ҳам сақлашимиз керак.

Ёшларнинг чуқур илм ва юксак ахлоқ соҳиби бўлишлари учун бугун, ҳа бугун қаттиқ ҳаракат қилинсагина мамлакат бир неча йиллар ўтиб, иншоаллоҳ обод ва тинч юртга айланади. Одамлар фароғатда яшайдилар.

Ҳозир гўёки чўлда турибмиз. Қўлимизда ёш ниҳоллар тайёр. Уларни бугуноқ экишга киришиш зарур. Шунда ўн йиллардан сўнг янги боғларнинг нишонаси кўринади.

Аммо сиз айтганингиздек яна ўн йиллар ўтказсак, кўчатлар қуриб битган бўлади.

Афсуски, сизнинг сўзларингиз фақат золим ўзбек ҳукуматининг сиёсатини ифодалайди.

Ҳукумат – сўзларингизга қараганда эҳтимол сиз ҳам – яқин келажакда халққа йўл бермоқчи эмассизлар. Ёшларга жавр қилаяпсизлар.

Аслида ҳукумат мусулмончилик урф-одатларидан фойдаланган ҳолда тарбия беришни йўлга қўйиши керак. Шунда болаларнинг замонавий илмларни олишларида сезиларли ўсиш бўлади.

Аммо сизлар ёшларни диндан қайтарганингиз билан уларнинг дунёвий илмлари орқага қараб кетаяпти холос.

Ахлоқий фазилатларни биз мусулмонлар фақат Ислом дини манбаларидан топамиз.
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«إنما بعثت لأتمم مكارم الأخلاق». (رواه البخاري في الأدب المفرد).

“Мен яхши хислатларни камолига етказиш учун юборилганман”, деганлар (Имом Бухорий Адабул-муфрадда ривоят қилганлар, Албоний: саҳиҳ) ва ахлоқнинг ҳозирда жуда кўп одамларда йўқ бўлиб кетган 70 дан ортиқ турларини кўрсатганлар.

Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида сўралганларида:

«كان خلقه القرآن». (رواه أحمد والبخاري في الأدب المفرد).

“У кишининг хулқлари Қуръон эди”, деганлар. (Имом Аҳмад, имом Бухорий Адабул-муфрадда ривоят қилганлар, Албоний: саҳиҳ).

Шундай экан биз нима учун фарзандларимизни Қуръон ва ҳадис ўргатиладиган тарбия ўчоқларидан узоқлаштиришимиз керак?

Сиз болаларни ҳозир айни тарбия оладиган пайтида масжидлардан тўсиб қаерларда тарбия қилмоқчисиз?! Қиморхоналардами? Тунги барлардами?

Агар сизда Қуръон ва ҳадисларда санаб ўтилган яхши хислатларни ҳосил қилишга олиб борадиган бошқа бирор муқобил таклиф бўлса, эълон қилишингиз керак эди.

Болаларни бир яхши нарсадан маҳрум қилган одам, ундан кўра яхшироғини бериши шарт.

Қани, нима бор халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб бўлган тарбия услубларининг ўрнини босадиган?!

(Обидхон қори, 2007 йил, Би Би Си)