Тоқатимиздан ташқари бўлган, илму ақлимиз идрок қилмаган нарсалардан эҳтиёт бўлайлик

Савол:

Биродарлар, яхшимисизлар? Аллоҳ рози бўлсин сизлардан …

Шаҳидлик масаласида, биз ҳам, алҳамду лиллаҳ, жуда қаттиқ орзу қиламиз.

Лекин, қайси жамоат тўғри ва қайси жамоат остида курашсак бўлади, шуни ҳечам билмаяпмиз, ҳайронмиз.

Шулар ҳақида Аллоҳ учун баён қилиб беринглар.

(М)

Жавоб:

Аллоҳ таоло сизни ҳам, бизни ҳам, барча биродарларимизни икки оламда эзгу ниятларимизга етказсин …

Биродари азиз!

Мусулмон киши Шариат илмларини ва шаръий сиёсат каби долзарб илмларни чуқур ўрганмасдан туриб хатарли масалаларга, кўпчиликка тааллуқли бўладиган ишларга қўл урмаслиги керак.

Илмсизлик билан иш олиб бориш энг улкан гуноҳлардан экани, бу борада кўпдан кўп ояту ҳадислар борлиги ҳаммамизга маълум.

Биз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам, барча мусулмонларни илм олишга, ибодат ва даъват майдонларидаги ҳаракатларни Шариат илмлари асосида ҳикмат, шижоат ва собитқадамлик ила кучайтириб боришга, энг аввало Аллоҳга бўлган холисликларини, тақвою ахлоқларини доимий тарзда ислоҳ қилиб туришга чақирамиз.

Бу ҳам шаҳидликка олиб борадиган энг буюк ва энг биринчи жиҳоддир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳиссалом айтадилар:

«أَفْضَلُ الْجِهَادِ كَلِمَةُ عَدْلٍ – وفي رواية كلِمَةُ حَقٍّ – عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ». رواه أبو داود وغيره وصححه أحمد شاكر وغيره .

 «Энг афзал жиҳод золим султон (давлат раҳбари) олдида адолатли сўзни – яна бир ривоятда ҳақ сўзни – айтишдир». (Имом Абу довуд ривоятлари, Аҳмад Шокир ва бошқа муҳаддислар: саҳиҳ).

Яна бошқа ҳадисда ҳам айтадилар:

«سيِّدُ الشُّهداءِ يومَ القيامةِ حمزةُ بنُ عبدِ المُطَّلبِ ورجُلٌ قام إلى إمامٍ جائرٍ فنهاه وأمَره فقتَله». رواه الطبراني وصححه المنذري والألباني

«Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва золим раҳбар қаршисида туриб, уни амри маъруф (яхши ишга даъват) қилиб, мункар ишдан қайтарганида қатл қилинган кишидир». (Имом Табароний ривоятлари, Мунзирий ва Албоний: саҳиҳ).

Ислом душманлари Ислом динига хизмат қилишда тинч йўллар орқали ҳаракат қилаётганларни ҳам ҳеч қачон ташлаб қўйишмайди.

Уларни турли йўллар орқали йўқ қилиш, суиқасдлар уюштириб шаҳид қилиш борасидаги ҳаракатларини тўхтатмайдилар. Уларнинг асосий «вазифалари»дан бири шу.

Устозимизга ва бошқа кўпдан кўп Ислом уламоларига қарши уюштирилган ҳужумлар маълуму машҳур.

Биз аҳли сунна вал-жамоатга мансуб ҳаракатлардан муайян бир тоифани «мана булар 100% ҳақ , булардан бошқалар хато йўлда» деб айтмаймиз.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, дунёнинг турли бурчакларида кўпдан кўп мусулмон жамоалар қўлларидан келганича илм олиб, амал қилиб, Ислом динига хизмат қилишда ўз ҳиссаларини қўшиб келаяптилар.

Аллоҳнинг дини ва бу динга амал қиладиган мўмин-мусулмонлар ҳеч қайси замонда бирор бир лаҳза ҳам тўхтаб қолмаган ва тўхтаб қолмайди ҳам, асло!

Фақат, биз тоқатимиздан ташқари бўлган, илму ақлимиз идрок қилмаган нарсаларга аралашмаймиз.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг охирги оятида марҳамат қилганидек:

{لاَ يُكَلِّفُ الله نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا …} الآية.

«Аллоҳ таоло ҳеч қайси бир жонга унинг тоқатидан ортиқ нарса (амал) юкламайди».

Талоқ сурасининг 7-оятида ҳам шу маънода марҳамат қилган.

Тағобун сурасининг 16-оятида ҳам айтадики:

{فَاتَّقُوا اللهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ} الآية.

«Бас, Аллоҳдан тоқатингиз етганича тақво қилингиз (Аллоҳдан қўрқингиз)…».

Талоқ сурасининг 2 ва 4 оятларида яна марҳамат қилади:

{وَمَن يَتَّقِ اللهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجاً ٭ وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لاَ يَحْتَسِبُ} الآية.

{وَمَن يَتَّقِ اللهَ يَجْعَلْ لَهُ مِنْ أَمْرِهِ يُسْراً}.

«Ким (Ягона) Аллоҳнинг Ўзидан тақво қилса (қўрқса) У Зот унинг йўлини очиб қўюр ва унга ўзи ўйламанган томондан ризқ берур …».

«Ким Аллоҳдан тақво қилса У Зот унинг ишида осонлик қилиб берур».

Илм аҳамияти ва уламоларнинг фазилатлари ҳақида Қори аканинг бир қанча маърузалари сайтимизда нашр қилинган.

Устозимизнинг кўпдан кўп дарсларини яқиндан кузатиб бораётган, такрор-такрор эшитиб турган биродарларимиз бу каби саволларга батафсил тарзда қониқорли жавобларни билиб олаётганликларига ишончимиз комил.

Аллоҳ таоло у кишига Ўз даргоҳидан шифойи комил ато этсин …

Ундан ташқари таҳририят томонидан ҳам илм ва уламолар мавзусида, яна бошқа муҳим масалалар ҳақида қўшимча мақола, рисола ва савол-жавоблар тақдим этиб борилади, иншоаллоҳ.

Ҳозирча ушбу қисқа жавоб билан кифояланамиз.

Валлоҳу аълам.

Раҳмону Раҳим бўлган Зотдан хато-камчиликларимизни, гуноҳ-маъсиятларимизни мағфират этишини , Ўзининг ҳақ йўлидан асло адаштириб қўймаслигини ва бутун дунёдаги мазлум ва мазлумаларга нусрат беришини илтижо қилиб қоламиз.

«Ислом Овози» таҳририяти