Рамазонда шом намозини уйда ўқишга далил борми?

Савол: Рамазон келиши билан Тошкентда шом намозини ҳамма уйида ўқийди. Масжидлар бўшаб қолади. Бир ой шомда жамоат бўлмайди. Рамазонда шом намозини уйда ўқиш тўғрисида бирон-бир далил борми?

Бахтиёр.
 

Жавоб: Бахтиёр, сиз жуда ҳам ўринли мавзуни тилга олгансиз. Бу одат кўп шаҳарларда тарқалган. Рамазон ойида шомни уйда ўқишга ўтиб олиш тўғри бўлмайди. Масжидда биронта ҳам намоз жамоатсиз қолиши мумкин эмас. Рамазон ойи масжидлар энг гавжум бўлиши керак бўлган фурсат.

Мусулмонлар шом намозини масжидда жамоат билан ўқиб, сўнг уйларга кириб ифтор қилишлари ҳам шаръан, ҳам ақлан тўғри ва фойдали иш. Бу динга ҳам соғлиққа ҳам мувофиқ келади. Чунки инсон қорни очган заҳоти тез овқат ейишга тушиб кетиши тиббий жиҳатдан ҳам мулоҳазали.

Масжид яқинида яшаб туриб масжидга чиқмаслик яхшилик аломати эмас. Рамазон ойида вақтнинг тиғизлиги бу ишга сабаб бўлмаслиги керак.

Аммо тарки одат амри маҳол деганларидек, кўп йиллар давомида одамлар ўрганиб қолган ишни бирданига ўзгартириш осон бўлмайди. Хато- камчиликларни бир-биримизга мулойимлик билан тушунтира билишимиз лозим. Рамазон ойида шом намозини масжидда жамоат бўлиб ўқишни йўлга қўйишда сабрли бўлиш талаб қилинади. Ихтилофли масалаларга киришишдан аввал бир-бирига хушмуомалали билан муносабатда бўлишни ўрганиш зарур.