(1) Қурбонлик ҳақида савол-жавоблар: қурбонлик фақат Аллоҳгадир

Қурбонлик фақат Аллоҳгадир

Савол:

Яқинда куёвим бир хўроз сўйиб: «Ҳазрат Довудга бағишладим. Уйга катта бир ҳожи ака келди», деб қолди.Куёвим ўзи Кореяда ишлайди. У ҳар йили шу ишни қилишини айтиб қолди. Мен унга бу амал ҳақиқий ширк экани ва Аллоҳдан ўзгага сиғиниш кечирилмас гуноҳ эканлигини илмим етганича тушунтирдим. Шундан кейин у ҳам: «Мен фақат якка Худони тан оламан», деб қилган ишидан пушаймон бўлгандай бўлди. Аммо «Нега ҳар йили шу ишни қиламан, лекин ўша ҳожи ака бу ҳақда ҳеч нарса демайди» деган ҳолда иккиланиб қолди. Сиздан илтимос атрофлича жавоб берсангиз.

Ҳурмат билан Отабек.

Жавоб:

Аллоҳ сизга ҳам куёвингизга ҳам доимо тўғрилик насиб этсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизга ибодат турлари ҳақида таълим бериб, буюрган:

{قُلْ إِنَّ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ}.

(الأنعام: 162).

«Айтинг: «Албатта менинг намозим, қурбонлигим, ҳаётиму мамотим оламлар Раббиси Аллоҳ учундир».

(Анъом: 162).

Дуо, намоз, садақа, қурбонлик каби амаллар ибодат турларига киради ва ибодат фақат Аллоҳга бағишланади. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш эса ширкдир.

Аллоҳдан бошқага сиғиниш куфр экани мана бу оятдан маълум:

{وَمَن يَدْعُ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ لا بُرْهَانَ لَهُ بِهِ فَإِنَّمَا حِسَابُهُ عِندَ رَبِّهِ إِنَّهُ لا يُفْلِحُ الْكَافِرُونَ}.

(المؤمنون: 117).

«Кимки Аллоҳ билан бирга яна бошқа худога ҳеч бир ҳужжатсиз ҳолда сиғинар экан, бас унинг ҳисобкитоби Раббисининг ҳузурида бўлажак. Шубҳасиз, кофирлар нажот топмайдилар».

(Мўминун: 117).

«Кимки Аллоҳ билан бирга яна бошқа худога ҳеч бир ҳужжатсиз ҳолда сиғинар экан», дегани Аллоҳ билан бирга бошқа худога дуо қилиш, назр аташ, жонлиқ сўйиш ёки ундан қўрқувга тушиш, умидвор бўлиш кўринишида ибодат қилиш дегани. «… бас унинг ҳисоб-китоби Раббисининг ҳузурида бўлажак. Шубҳасиз, кофирлар нажот топмайдилар». «Яъни, Аллоҳ таоло у банданинг ҳисоб-китоби билан Ўзи шуғулланади, амалига яраша муомала қилади, у банда очиқ ойдин зарарга кетади, чунки у кофирдир...«.

(Айсарут-тафосир, 3/54).

Отабек, сиз зикр қилган воқедан яна бир ҳақиқат исбот бўладики, одам боласининг қалби бир Илоҳга сиғинишга муҳтождир. Агар у ҳақ илоҳни топа олмаса ёки унга ҳақ Аллоҳни танишда ёрдам берилмаса, у адашиб ўзича ҳар кимни худо ўрнида кўриб юравериши, турли хурофотларни дин деб ушлаб олиши аниқ. Бунинг бир мисоли шуки, одам боласига фойдали таом нима эканини кўрсатиб тушунтирилмаса, у ўзига зарар бўладиган нарсаларни еб қорин тўйғазиб юравериши, охири бир кун заҳарланиб ҳалок бўлиши мумкин.

Сиз куёвингизга тўғри йўлни сабр ва мулойимлик билан тушунтириб боринг. У билмай қилиб юрган хатоларини тўғрилаб олади, иншоаллоҳ. Банда билмасдан хато ва гуноҳ иш қилган бўлсаю тўғри йўлни топгандан сўнг тавба қилиб, истиғфор айтса, Раббимиз албатта кечиради. Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларимизни кечирсин, куфр ва ширкдан, фисқ ва нифоқдан саломат сақласин.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1431 ҳ. 4 муҳаррам (2009 м. 21 декабр)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi