Рўза ва ҳайит кунлари ҳақидаги ихтилоф қандай ҳал қилинади?

Савол:

Бизнинг Қирғизистонда 21 август куни рўзанинг биринчи куни деб эълон қилинган ва биз шу кундан бошлаб рўза тутдик. Аммо жума куни бир масжиднинг имоми рўза шанба кундан, деб эълон қилди ва рўза тутганлар рўзасини очсин, билиб очмаганлар гуноҳкор бўлади, деб айтди. Биз рўзани очмадик. Биз очмаганимиз учун гуноҳкор бўламизми ва рўзани қандай тугатамиз? Қайси куни ҳайит ўқиймиз?Отабек.

Жавоб: Маълумки, рўза ва ҳайит кунлари янги ойнинг чиқишига қараб белгиланиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

قال النبي صلى الله عليه وسلم‏:‏

«صوموا لرؤيته وأفطروا لرؤيته‏»‏ ‏[‏رواه البخاري‏‏]‏،

«Рўзани ойни кўриб бошланглар, ойни кўриб тугатинглар».

(Бухорий).

Шунинг учун ойни кузатиш ва янги ой чиққанини кўриб, шунга амал қилишга ўрганишимиз лозим. Исломий одатга кўра ойни кўрган одам мусулмонлар раҳбарига ёки у тайин қилган қозига хабар қилади ва шундан кейин масъуллар рўза бошланганини халққа эълон қиладилар. Шундай қилиб бир минтақада яшаётган мусулмонлар рўзани бир хил вақтда бошлайдилар. Ҳайит кунини ҳам худди шу услуб билан белгиланади. Яъни икки кишининг шаввол ойи ҳилолини кўргани маълум бўлса, ҳамма мусулмонлар  Рамазон байрамини биргаликда нишонлайдилар.

Аммо ойни кўриш мамлакатдан мамлакатга фарқ қилади. Бу ҳолат қадим саҳобалар замонларидан бери давом этиб келади ва бирор китобда ҳамма мамлакатларнинг мусулмонлари рўзани бир кунда бошлашлари шарт деган талаб қўйилмаган. Рўза бошини белгилаш ҳар бир мамлакат ўз уламоларининг ижтиҳодлари, кузатишлари ва ҳисоб-китобларига асосланади.

Битта мамлакатда яшаётган мусулмонлар агар бир идорага бирлашган бўлсалар ва уларни бошқараётган марказий ташкилот мавжуд бўлса, ўшанинг тавсиясига амал қилишлари лозим. Ҳар бир масжид ўзига алоҳида бўлиб олиши тўғри эмас.

Агар бир масжид аҳли ўзи ойни кўриб тутиш, кўриб очишни йўлга қўйган бўлса, бу жуда яхши. Аммо масжид аҳли шу ишни марказий идорага таклиф қилишлари, улар билан маслаҳатлашиб қарор қилишлари керак. Ўз юртларида мусулмонларни бошқаришга даъво қиладиган диний идора бўлгани ҳолда бошқа мамлакатдаги мусулмонларнинг сўзлари билан рўза тутамиз десалар, орада ихтилоф ва низолар чиқишига олиб келади. Бундан сақланиш лозим. Ислом оламидаги, жумладан Саудия Арабистонидаги фатво ҳайъатлари ва уламолар ҳам рўза ва ҳайит кунларини ўтказишда ҳар бир юрт ўзининг ижтиҳоди ва қарорига эга бўлишини айтишган.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1430 ҳ. 9 рамазон (2009 м. 30 август)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi