Аҳли китоблар таомини истеъмол қилиш мумкинми?

Савол: Бир насроний одам берган таомни истеъмол қилса бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Салоҳиддин.

Жавоб:  Уламолар насороларнинг таомини ейиш – агар таомга чўчқа, ароқ каби ҳаром нарсалар аралашмаган бўлса – жоиз, деб айтишган. (Исламвеб/97013).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

{ … وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ حِلٌّ لَّكُمْ … } (المائدة/5)

“… Китоб берилган инсонларнинг таоми сизлар учун ҳалолдир…” (Моида/5).

Ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли китоблар даъватига ижобат этганлари ривоят қилинган.

عَنْ  أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ يَهُودِيًّا دَعَا النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى خُبْزِ شَعِيرٍ وَإِهَالَةٍ سَنِخَةٍ فَأَجَابَهُ. (رواه أحمد).

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят. Бир яҳудий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни арпа нони ва эритилган, ҳиди ўзгарган ёққа таклиф қилди, Расулуллоҳ бордилар. (Аҳмад ривоятлари).

Таомнинг поклиги дин ва саломатликдир

Ҳайвон сўйиш, покиза таом тайёрлаш инсоннинг дину иймонига, соғлик-саломатлигига алоқадор мавзу бўлгани жиҳатидан Ислом дини бу масалага жиддий эътибор қаратади. Нафақат бошқа диндаги инсон, балки ҳатто мусулмон бўла туриб, ҳайвон сўйиш қоидасини билмаса, унинг сўйгани ҳалол бўлмаганидек, аҳли китобларнинг ҳам ҳар қандай гўшти ҳалол бўлавермайди.

Аллоҳ таоло айтган:

{ حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ والدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ.. } (المائدة/3)

“Cизлар учун ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди…” (Моида/3).

"Исламвеб" саҳифасида айни мавзуда эълон қилинган фатвода бундай дейилган: 

“Аҳли китобларнинг ҳаммага маълум йўл билан сўйган гўштлари бизга ҳалолдир. Бунда икки йўғон томир ва кекирдак кесилиши лозим. Ток бериб, бўғиб ёки шу каби ношаръий йўл билан ўлдирилган ҳайвон ўлимтик саналади ва мусулмон уни ейиши мумкин бўлмайди”. (Исламвеб/ 2326).

Маълумки, Исломда ҳам, яҳудийлик ва насроний динида ҳам ҳайвон сўйганда бўйиндаги икки йўғон томир ва ҳалқум кесилиши керак. Агар аҳли китоблар шу қоидага амал қилишларида шубҳа бўлмаса, уларнинг гўштлари ҳалол саналади.

فإن كنت تعلم طريقة الذبح التي تتم بها وأنها طريقة شرعية فلك أن تأكل من ذبيحتهم، وإن كنت تجهل طريقة الذبح فلك أن تأكل منها أيضا استصحابا للأصل إذا كان الذبح الشرعي هو الغالب، وأما إن شككت في طريقة الذبح أو كان يغلب على أهل هذه البلدة أنهم يقتلون ولا يذبحون، أو أنهم ليسوا أهل كتاب، فلا يحل لك أن تأكل منها لأن الحكم للأغلب. والله أعلم.

Агар улар амал қилаётган сўйиш тартибининг қандай эканини билсанг ва у йўл шаръий йўлга мос экани сенга маълум бўлса, уларнинг сўйганларидан есанг бўлади. Агар сўйиш тартибидан хабаринг бўлмаса ҳам, у ерда асосан шаръий сўйиш қоидаси амалда бўлса, аслга суянган ҳолда ейишинг мумкин. Аммо сўйиш тартибида шубҳа қилсанг ёки бу мамлакат аҳли орасида ҳайвонни сўйиб эмас, балки ўлдириб ейиш одат бўлган бўлса ёки улар аҳли китоб бўлмасалар, сенга уларнинг гўштидан ейиш ҳалол бўлмайди. Чунки ҳукмда кўпчилик эътиборга олинади. (Исламвеб/ 2326).