Болалар учун Ийдул-Фитр совғаси

Той болажонлар

Диллари оппоқ,
Ой болажонлар!
Кўзлари қувноқ,
Той болажонлар!

Аллоҳим берган
Асал қизларим!
Исломдан менинг
Асар-изларим!

Саҳарликларда
Ухлаб бўлса ҳам,
Кундузи бир-бир
Улаб бўлса ҳам,

Катталар билан
Рўза тутдингиз.
Ифторликларни
Бирга кутдингиз.

Ҳайитда ҳам сиз
Биз билан бўлинг!
Бугун барчангиз
Шодликка тўлинг!

Байрам сизларга
Муборак бўлсин!
Ёшингиз юзу
Ҳам чорак бўлсин!

Ўйнаб кулишсин
Ҳамма болалар!
Меҳмон бўлишсин
Амма-холалар!

Акажонлари,
Қани бир эринг –
Ҳайитликларни
Каттароқ беринг!

Шайх Обидхон қори
2000 йил, Чимкент