Ўзбекистонга мактублар: Обидхон қори Собитхон ўғли

Бўлимлар: Матбуот

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм, мен Обидхон Собитхон ўғли 1958 йилда туғилганман. 2002 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига кўчиб ўтдим, 2006 йилгача яшириниб яшашга мажбур бўлдим. 2006 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг ваколатхонасига мурожаат қилиб, Оврўпо давлатларининг биридан бошпана олдим. Тошкентда Ислом институтини битирганимдан кейин, “Тилла Шайх” Жомъе масжидида ноиби имом бўлиб ишладим. Сўнгра, “Тўхтабой” масжидига имом бўлиб ўтдим, 1991 йилдан 95-йил охиригича у ерда имом бўлиб ишладим.

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: 1999 йилги феврал портлашлари ортидан қама-қамалар бошланиб кетди. Мусулмонларнинг устларига жуда ҳам мусибатли, оғир кунлар келди. Мана шу пайтда Тошкентда, Ўзбекистонда туришнинг асло имконияти қолмади. Бизни ҳам баҳона ва туҳматлар билан қамоққа ташлашлари аниқ бўлиб қолгач, у ердан ҳижрат қилиб чиқиб кетдик. Қозоқ ҳукумати ўзининг фуқароларига нисбатан, Ислом динида бўлган ўзининг мусулмонларига нисбатан, демак, сиёсатини анчайин юмшоқ ва айтиш мумкинки, оқилона тарзда олиб борар эди. Ана шундан биз мусулмонлар ҳам, қўшни мамлакатнинг мусулмонлари ҳам фойдаландик. Жуда бемалол яшадик, деб айтиб бўлмайди, эҳтиётимизни қилган ҳолда умр ўтказдик, ўша ерда илм билан машғул бўлдик.

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Биз Оврўпога келдик, алҳамду лиллаҳ… Оврўпо шароити ҳақиқатдан, айтганингиздек, бутунлай, 180 градус бошқача, ўзгача, ер билан осмонча фарқ бор. Бу ерда Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган эркинликлар бор. Ўзбекистонни, ўрни келганда, давлат арбоблари ҳам айтишади мусулмон давлати, деб. Лекин мусулмон давлатида мусулмонлар маҳрум этилган жуда кўп ҳуқуқлар бу ерда тақдим этилган, бемалол. Бу ерда шу нарса инсонни албатта ҳайратга солади. Унинг моддий жиҳатдан тўкин-сочинлиги бир ёқда турсин-ку, лекин маънавий, ҳуқуқий, сиёсий жиҳатдан ҳам у ерда эркинликларнинг қандай тақдим этилгани, албатта, ибратли ҳолат.

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Бу ерда, демак, қонунлари бемалол. Сиз мавжуд қонунларга хилоф келмаган ҳолда, бемалол ўзингизнинг динингизга амал қиласиз, хоҳланг ташкилот тузасиз, хоҳланг партия тузинг, хоҳланг мадраса очинг, масжид очинг, болаларни ўқитинг, “Қуръон”га ўқитинг, “Ҳадис” ўқитинг, бемалол. Ўзбекистонда эса, бу нарсанинг мутлақо акси. Бир масжид имоми агар ўнта болани масжидга тўплаб, унга “Қуръон”дан дарс берадиган бўлса, у, албатта, жиноятчига айланади. Бошқа оддий одамларни қўятуринг… Бу нарсанинг инсонларнинг онгги билан боғлиқ жиҳати ҳам бор. Яъни, давлат тепасида ўтирган, сиёсат юритаётган инсонларнинг онгига, уларнинг тушунчаси, аҳлоқи, уларнинг қалби, ниятлари, мақсадларига, демак, боғлиқ нарсалар…

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Бу ерда қайси миллат бўлса ҳам, ҳаммаси ўзининг урфу одатларига бемалол риоя қилади. Бу ердаги ҳукуматлар қайтага ўзлари айтиб турадилар: “Сизлар ўз тилингизни сақлашингиз керак, динингизни сақланг, урфу одатларингизни сақланг”, – деб. Ҳатто ўзингизнинг бир миллий марказингиз ёки исломий ташкилотингизни тузсангиз, бу ердаги ҳукумат шунга ёрдам беради, пул ажратади, сизни ҳар хил тадбирларга рағбатлантиради. Воажабо!..

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Ҳозир биз тил ўрганаяпмиз ва шу билан бир қаторда, динимизни ҳам, алҳамду лиллаҳ, ўрганаяпмиз. Мана, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга дарс бераяпмиз. Бундан ташқари, биз мана шу атрофдаги мусулмонларга ҳам дарс бераяпмиз, уларнинг кўпчилик фарзандлари, ўғил болалар, қизлар ва ҳаттоки катталар ҳам “Қуръон”дан сабоқ олишаяпти. Масжидга ва ҳам бизнинг уйимизга келиб, дарс олиб кетишаяпти.

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Биз турган жойларда ҳам қочқинларга муносабатлари жуда ўзгача. Ўзларининг фуқаролари билан баб-баробар, тенг кўришади. Бирор бир жиҳатдан камситиш ва ёки ҳуқуқларини чеклаш йўқ. Илм беришади, ўзларининг тилларини ўргатишади, ана шу тилларини ўргансангиз, ўқиш даврингиз сиз учун меҳнат ҳисобига ёзилади ва улар сизни бемалол, етарлича маош билан таъминлайдилар. Бола-чақангиз нечта бўлишидан қатъий назар, оила-жонингиз неча киши бўлса ҳам, ҳаммасини етарли даражада маблағ билан таъминлашади. Демак, иқтисодий жиҳатдан бу ерда ҳеч қандай қийинчилик йўқ, алҳамду лиллаҳ! Халқнинг фаровонлигини ниҳоятда қадрлашади ва инсоннинг ҳуқуқлари – ҳам диний ва ҳам сиёсий ҳуқуқларини ниҳоятда ҳурмат қилишади. Бу жиҳатдан олиб қараганингизда, яна қалбимиз шу Ўзбекистонимизга, у ердаги халқимизга, мусулмонларимизга қараб кетади… Уларнинг ҳолига ачинасиз. У ерда на исломий, на диний ва на иқтисодий ҳуқуқлар қадрланаяпти ёки ҳисобга олинаяпти…

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Ҳукумат ўзининг сиёсатини ўзгартириши, жуда катта ўзгаришларни қилиши лозим эди, лекин уни қилмади. Ҳукумат ундай ўзгаришларни қилишда ўзида сиёсий ирода топа олмади. У ерда Исломга нисбатан сиёсатни 180 градус орқасига қайтариш керак, ўзгартириш керак. Диний маҳбусларни озод қилиш керак. Йўқолган, ўғирлаб кетилган инсонларни ўзларининг уйларига, хонадонларига қайтариш керак. Ҳеч бўлмаса, мана шу Оврўподаги шароитлар, Оврўподаги имкониятларни, эркинликларни бериш керак. Майли, исломий давлатлар, мусулмон мамлакатларини айтмай қўя қолайлик, агар ривожланган давлатларнинг тажрибаси керак бўладиган бўлса, марҳамат, Оврўпонинг тажрибасини олишлари керак ва Исломга, мусулмонларга имкониятларни, эркинликларни қайтариб беришлари керак.

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Бугунги вазиятда агар мусулмонларнинг ичларидан кимлардир хато қилган бўлса, уларнинг хатосига қилинаётган муомала асло бундай бўлиши керак эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада қилаётган даъволари асоссиз. Агар нимадир бор бўлса ҳам, бунга ҳукуматнинг ўзининг қаттиққўллиги сабабчи. Агарда ҳукуматнинг ўзи мулойимлик билан, оқилона йўл тутганда, Ўзбекистонда ана шундай ҳолатлар вужудга келмас эди. Мана, марҳамат қилиб, Оврўподаги мусулмонларга берилган эркинликларни тақдим қилиш керак, мана шу оқилона йўл бўлади. Унинг оқибатлари, унинг ортидан келадиган хавфу хатар, дейдиган бўлсак, буни ҳам асослаш қийин. Агар мусулмонларнинг эрклари ўзларига берилса, мусулмонларнинг ичларида, алҳамду лиллаҳ, уламоларимиз бор, яхши-яхши инсонлар, илмли, оқил, доно, инсофли, раҳму шафқатли инсонлар бор… Ўшаларга имконият бериладиган бўлса, улар қўлларидан келганча меҳнат қиладилар, ҳаракат қиладилар, мусулмонларни тинч-тотувлик билан яшашга кўндирадилар ва ўргата оладилар, иншоаллоҳ.

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Бу ерда ўзингизнинг Ватанингиз, туғилиб, ўсган юртингиздан олисда эканингиз ва дўст, ёру биродарларингиз, қавму қариндошларингиз, ота-онангиздан узоқда, фироқда эканингиз инсонга оғир бўлади, албатта. Қанчадан-қанча бизнинг биродарларимиз, шогирдларимиз ёки устозларимиз, яхши инсонлар қамоқхоналарда азоб чекаяптилар. Бундай нарсалар, албатта, инсонга тинчлик бермайди, унинг оромини ўғирлайди…

* * *

Обидхон Собитхон ўғли: Имконият берилганда, албатта, ҳамма қайтади. Лекин ҳозирги давлатни бошқараётган одамларнинг назаридаги, тушунчасидаги имконият – бу имконият эмас! Улар бугунги ҳолатни имконият дейишади, улар мусулмонларга катта нарсани бериб қўйганмиз, кенг имкониятларни яратиб берганмиз, шунга шукр қилишмаяпти, деб айтишади. Шунинг учун ҳам, имконият деганда, уни қандай тушунишга боғлиқ.

12 апрел, 2007 йил
«Би-би-си»