Эътикофдаги одамнинг вазифалари нималардан иборат?

Савол: Эътикофнинг шартлари борми? Эътикофдаги одам нималар қилиши керак ва нималардан сақланиши керак?
Абдулборий.

Жавоб: Эътикоф суннати муаккада бўлиб, Расулуллоҳ Мадинага келганларидан бери то вафот бўлгунларича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўлтирганлар. Эътикоф йилнинг қайси даврида бўлса ҳам жойиз.

Барча уламолар иттифоқ қилишганки, эътикоф ўлтириш эркак киши, аёл киши ва ақли кирган ёш бола томонидан бажарилиши мумкин. Жумҳур уламоларга кўра эътикоф арконлари тўртта: муътакиф (эътикоф ўлтирувчи), нийят, эътикоф манзили, масжидда истиқомат қилиш; (Ал-мавсуатул фиқҳийя).

Эътикоф – агар ихос билан адо этиладиган бўлса – улуғ ибодатлардан биридир. Ато айтади: “Муътакифнинг мисоли ҳожатманд кишининг подшоҳ эшигига бориб: “То ҳожатимни битириб бермагунингизча ҳеч қаёққа кетмайман” деб ўтириб олишига ўхшайди. Муътакиф: “То менинг гуноҳларим мағфират қилинмагунча ҳеч қаёққа кетмайман” деб Аллоҳнинг уйида ўлтиради”.

Имом Абу Ҳанифа эътикоф камида бир кун бўлади, деб айтадилар. Имом Муҳаммадга кўра нафл эътикоф энг ками бир соат бўлиши мумкин.

Шартлари: нийят, масжид, вожиб эътикофда рўза. Нафл эътикофда рўза шарт эмас. Вожиб эътикоф назр қилинган эътикофдир. (Инсон ўзига ўзи: “Мен ўзимга фалон миқдор эътикоф ўлтиришни вожиб қилдим” деб айтиши назр бўлади ва назрни бажариш шарт).

Эътикоф ўлтирган одам масжиддан заруратсиз ташқарига чиқмайди. Зарурат деганда таҳорат ушатиш, таҳорат олиш, ғусл қилиш, жума ўқиш тушунилади.

Масжидда овқатланиши, ухлаши, зарур ишлари ҳақида гаплашиши, керакли нарсани сотиб олиши мумкин.

Жинсий алоқа ва шу маънодаги ҳаракатлар жойиз эмас.

Эътикофдаги инсон жанозага қатнашмайди, касал зиёратига ёки меҳмонга бормайди.

Эътикоф пайтида турли ибодатлар билан машғул бўлади. Булар намоз, Қуръон тиловати, ҳадислар ўрганиш, Ислом билимларидан дарс олиш, таълим бериш, Пайғамбар алайҳиссалом сийратлари ва солиҳ инсонлар ҳаёти билан танишиш каби ишлардир.

Ал-мавсуатул фиқҳийя, Ал-Ихтиёр ва Фатовойи ҳиндия китобларидан.