Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди

Бўлимлар: Матбуот

(Аламзадалар ўқимасин – ўлиб қолади!)

  • 8 йил интизорликдан сўнг хушхабар
  • Кимга тўй, кимга аза
  • Обидхон қори – эл севган имом
  • Алмати аэропортида
  • Башаранг қийшиқ бўлса…
  • Жаҳлинг чиқса, бурнингни тишла!
  • Фойда неча пул?

“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди Охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди! Улар (мушриклар етказган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина суянган зотлардир”.

Наҳл сураси, 41-42-оятлар.

8 йил интизорликдан сўнг хушхабар

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг БМТ қочқинлар иши бўйича комиссарлиги томонидан Европа давлатларидан бирига кўчирилиши Ўзбекистон мусулмонлари учун ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеаси бўлди. Мамлакат ичкариси ва хориждаги неча ўн минглаб мусулмонлар ўз имомлари ва устозларининг қаерда эканлиги ҳақидаги хабарни роппа-роса 8 йилдан бери кутар эдилар. Улар бу йиллар мобайнида Обидхон қори аканинг хотиржам жойга чиқиб, ўзларини ошкор этишларини умид этиб яшашган, у киши ҳақларига дуода бўлган эдилар. 2006 йил, 15 март, чоршанба куни бўлган воқеа Ўзбекистон ва унинг ташқарисидаги холис ниятли аҳли Исломнинг қалбига шод-хуррамлик олиб кирди.

Жаҳоннинг бир қатор етакчи ахборот воситалари орқали кетма-кет янграган бу хабарни эшитиб, мамлакат ичкариси ва хорижда жуда кўпчилик инсонлар бир-бирларини табрикладилар. Бу ҳодисани иншоаллоҳ нусратнинг яқинлашаётгани аломати сифатида хушнудлик билан талқин этдилар. Қалб сўзларини шеърга солиб, бир-бирларига ҳадя этганларнинг ҳам гувоҳи бўлдик. Бўлиб ҳам бу кўчиш яширинча ва қоч-қочлар билан эмас, балки ғолибона ва ошкора тарзда ҳамда ҳурмат-эҳтиром билан амалга ошганини айтмайсизми! Бундай шов-шувли воқеа дарҳақиқат Ислом ва мусулмонларнинг ҳамиша ғолиб эканига рамзий ишорадир.

Кимга тўй, кимга аза

Бироқ яна шундай бир тоифа инсонлар ҳам борки, содир бўлган воқеа туфайли уларнинг юраклари алам, изтироб ва ғам-ғусса билан тўлди, эзилди. Бу одамлар Қори акани узоқ йиллар давомида изма-из таъқиб этиб келган, у кишини ушлаб ҳибс этмоқчи бўлган, аммо Аллоҳнинг иродаси сабабли истаганларига эришолмаган Ўзбекистон МХХ ходимлари ва каримовпараст кимсалардир. “Улар макр қилдилар, Аллоҳ ҳам “макр” қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг энг аълосидир”.

Ғаразли мақсадларига етолмаган ана шу аламзадалар энди қўлларидаги барча воситалар орқали бир ҳалол ва покиза инсонни ёмонотлиқ қилишга, у ҳақида чор атрофга туҳмату бўҳтонларни сочишга ҳаракат қиладилар. Уларнинг ана шу йўлдаги уринишларининг дастлабкиси 19 март куни интернетдаги “ЦентрАзия” саҳифаси орқали амалга оширилди. Бу веб-саҳифада Ўзбекистон МХХси “Аҳмад Ризаев” деган қалбаки имзо билан “Террорчидан қандай дўст чиқади?..” номли мақоласифат бир нарсани эълон қилди.

“Мақола”нинг сарлавҳасиданоқ ўзбекнинг омадсиз чекистлари уюштирган навбатдаги иғвонинг бадбўй ҳиди келади. Айни пайтда бу “мақола”ни ёзган МХХ югурдаклари билдирган даъволарнинг биронтаси исботга эга эмас. Аммо таъкидлаш лозим бўлган муҳим нуқта шундаки, “мақола”нинг сўнггидан ўқувчилар томонидан қолдирилган мулоҳазалар кишининг диққатини “мақола”дан ҳам кўра кўпроқ ўзига тортади. Биз бу мақолада ана ўша фикрлардан ҳам фойдаландик.

“Аҳмад Ризаев”нинг ёзишича, Обидхон қори “Тўхтабой” масжидида имомлик қилган вақтида гўёки “жиҳоднинг ашаддий тарафдорларидан иборат катта бир гуруҳга раҳбарлик қилган ҳамда турли экстремистик ташкилотлар аъзолари учун ғоявий раҳнамо вазифасини ўтаган”.

“Ризаев”нинг гапига ишониладиган бўлса, Обидхон қори имомлик қилган ва “жиҳоднинг ашаддий тарафдорларидан иборат катта бир гуруҳга раҳбарлик қилган” 5 йиллик муддат ичида МХХ ҳушсиз, кўр, кар ва шол бўлиб ётган экан-да!

Яна “мақола”га кўра, Обидхон Назаров Андижон воқеаларидан бир оз олдин Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрига келиб, бу ерда экстремистларни тайёргарликдан ўтказган экан. Агар шунақа бўлса, билиб туриб ўша воқеанинг олдини олмагани, бу ҳақда ўз вақтида айюҳаннос солмагани учун “Ризаев” жиноятчи саналиши лозим эди. Бироқ, “Ризаев”лар бундай қилиши мумкин эмасди. Чунки бугун кўпчиликка ошкор бўлган ҳақиқат шуки, Андижон фожеаси ҳукумат органлари учун анча аввалдан маълум бўлиб, унга Каримов режимининг умрини узайтириш мақсадида атайлабдан шароит яратиб берилган.

Муаллиф Ўзбекистонда Обидхон қорининг кўплаб яқинлари, шогирдлари ҳамда мухлислари ҳибс этилгани, уларнинг нафақат мамлакатда диний адоват қўзғатиш, балки қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар сақлаш, босқинчилик, товламачилик каби жиноятларни содир этишганини ёзади.

“А. Ризаев”нинг фикрича, халқаро ташкилотлар ва хорижий элчихоналар О. Назаров кабиларга келажакда Марказий Осиёда уруш чиқариш ҳамда минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида ёрдам бермоқда.

Бироқ нималар деяётганини яхши англамаган нодон бу сўзлари билан ўзининг нафақат Обидхон қорига, балки умум мусулмонларга, Ўзбекистон халқига қарши чуқур адовати бор манфур инсон эканини намоён қилади. У нафақат диндорларга, балки, эркинлик ва ҳуррият истаган ҳар қандай инсонга душман эканини тан олаяпти. У ўзининг башараси ниҳоятда даҳшатли эканини сезади. Халқнинг 15 йиллик нафрати ва лаънати қурбони бўлиб кетишдан жуда-жуда қўрқади. Шунинг учун бу хоин ҳеч қачон ўз номини очиқ ёза олмайди. Аммо у ҳарчанд яширинишга уринмасин, барибир жазодан қочиб қутулиб қололмайди.

Обидхон Назаров яқинлари ва издошларининг истисносиз ҳаммаси туҳмат билан қамоққа олингани ҳеч кимга сир эмас. “Муаллиф” эса ҳукуматнинг мусулмонларга қарши қўллаётган қатағон жиноятларини адолатли иш даражасида мақтаган ва шу билан ўзининг барча мусулмонларга нисбатан нияти бузуқ душман инсон эканини кўрсатган. Бу ҳеч таажжубли нарса эмас. Зеро, МХХ ва ИИВнинг жуда кўп ходимлари табиатан ана шундай ноқис ахлоқда тарбия топган, ичи ҳасад ва алам билан тўлган инсонлардан иборат эканига кўп одамлар гувоҳ бўлишган.

Обидхон қори – эл севган имом

Обидхон қори аканинг масжидларига қатнаб маърузаларини эшитган, у киши билан мулоқотда бўлган минглаб одамлар имомнинг халқпарвар, адолатли ва ҳақгўй инсон эканларини таъкидлашади. Мунофиқлар нима деса десин, одамлар Қори аканинг кўплаб яхши фазилатлар соҳиби эканларини иншоаллоҳ то Қиёматга қадар гапириб юришади.

Ўзбек ҳукуматидаги номи сир тутилишини сўраган мансабдорнинг сўзларига қараганда, Қори аканинг террорчилик ва экстремистлик ғояларини тарғиб этганини ҳеч ким эшитмаган. Домланинг маърузалари ёзилган юзлаб аудиокассеталарни МХХ, ИИВ ва Бош прокуратура ходимлари тит-пит қилиб текширишган, битта қолдирмасдан эшитишган. У кишининг неча юзлаб шогирдлари ва дўстларини қийноққа солиб тергов қилишган. Аммо ўзларини “қувонтирадиган”, жиноят деб баҳоласа бўладиган, пичоққа илинадиган биронта сўз топа олишмаган. Негаки, Обидхон қори ака ўз маърузаларида доим одамларни ҳалол, покиза ҳаёт кечиришга, тўғри йўлдан юриб яхшиликларни кўпайтиришга чақирганлар. Аёллар ва ёшлар тарбиясига, оилани мустаҳкамлашга қаттиқ аҳамият қилганлар. Шунингдек, имом ўз ваъзларида жамиятдаги бузғунчиликлар, айрим амалдорлар амалга ошираётган жиноятларни танқид қилардилар. Шулар туфайли Қори ака минглаб мусулмонларнинг ҳурматига сазовор бўлгандилар. Аммо у кишининг мухлислари кўпайган сайин фосиқ ва золим амалдорларнинг ғазаби ортар эди.

Обидхон қори ака имомлик қилган “Тўхтабой” масжидига жума кунлари минглаб кишилар йиғиларди. Уларнинг ичида жамиятнинг турли хил табақаларига мансуб одамларни: оддий хизматчилар, талабалар, ўқувчилар, нафақахўрлар, зиёлилар, санъаткорлар ва ҳатто милиция ходимларини ҳам учратиш мумкин эди.

Албатта бу ҳолатлар ҳукуматга ёқмади. МХХ одамларнинг бир жойга йиғилишлари ҳамда бир одамнинг насиҳатларига қулоқ тутишлари ортида жамият покланишини эмас, ҳукумат барқарорлигига нисбатан таҳдидни кўрди. МХХ ўзида воқеликни тўғри баҳолай олиш ва Обидхон қори каби алоҳида талант соҳиблари билан тил топа билиш қобилиятини пайдо қила олмади. (Нима ҳам дердик, қозонда бори чўмичга чиқади). Оқибатда Обидхон қори акага нисбатан таъқиблар бошланди. У кишининг кўплаб яқинлари ва издошлари туҳмат айбловлар билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилдилар. Уларга нисбатан таъқиблар ҳамон давом этмоқда. Аламидан ўз хатти-ҳаракатларини идора қила олмай қолган МХХ О. Назаровнинг тўнғич фарзандлари Ҳусниддин Назаровни ўғирлаб кетди.

(“Ҳақиқатгўй муаллиф” ўз мақоласида Ўзбекистонда одам ўғирлаш жинояти мавжудлигини инкор этаётган бир пайтда, одамлар ўз уйларининг олдидан изсиз йўқолган қариндошларини йиллар давомида топа олмаяптилар ва МХХни одам ўғирлашда очиқ айбламоқдалар. МХХ эса ўзини одам ўғирлашда айблаётган инсонларни судга бера олмайди. Чунки ўғрининг қўли титраб туради).

Алмати аэропортида

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Кенжабўлат Бекназаровнинг “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати билан суҳбатда айтишича, агар Обидхон қори Назаров Қозоғистондан Европага олиб кетилган бўлса, бу иш халқаро қонунларга асосан амалга оширилган.

Бироқ “А. Ризаев”нинг ғазаб билан таъкидлашича, учоқ ҳавога кўтарилишига 15 дақиқа қолганида О. Назаров аэропортга БМТ қочқинлар иши бўйича идораси ходимлари ва журналистлар томонидан қуршаб олинган ҳолда кириб келган. Эмишки, аэропортда худди Рим папасини кузатаётгандек ҳолат вужудга келган.

Лекин гувоҳларнинг айтишича, Обидхон домла оила аъзолари билан аэропортга самолёт учиш вақтидан 1 ярим соат аввал етиб келишган. Билет ва юкларни расмийлаштириш ишлари бамайлихотир бажарилган. Аммо паспорт текшируви нуқтасига келишганда чегара – назорат ходимаси Обидхон қорининг ҳужжатларини алоҳида қилиб четга олиб қўйган. Кейин оиланинг бошқа аъзолари ҳужжатларини шошилмасдан текширувдан ўтказган ва оила аъзоларининг ҳаммасини ичкари залга киритиб қўйган. Кўринишидан ходимларга қандай ҳаракат қилиш лозимлиги аввалдан уқтирилган бўлган.

Навбат Обидхон қорига етганда текшириш чўзилади. Ҳолатни кузатиб турган гувоҳнинг сўзига қараганда, шу вақт ичида Назаров ҳақида Ўзбекистонга сўров юборилган ва қўшни хонадаги факсга дарҳол жавоб келган. Факсдаги хабарда Қори аканинг 1995 йилда паспорт учун олинган суратлари туширилган ва яна нималардир ёзилган эди. Шундан кейин ходимлар орасида жонланиш сезилади. Миллий Хавфсизлик Қўмитаси подполковниги БМТ хизматчиларига ва Назаровларни расман кузатиб юбориш вазифасини ўз зиммасига олган Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) ходимларига Назаровнинг қидирувда экани ва юқоридан уни тўхтатишга буйруқ бўлганини билдиради. Шундан сўнг МХҚ ходимлари худди Умар Мухторни қўлга туширган италянлардек Қори акага қизиқсиниб разм сола бошлайдилар.

БМТнинг Алматидаги ваколатхонаси ходимлари О. Назаров ва унинг оиласи БМТ ҳимоясига олингани, бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати олдиндан огоҳлантирилгани, ҳатто 2006 йил 15 март куни Назаровлар Алмати аэропортидан учиб кетишлари ҳақида Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасига маълумот юборилгани, бунга жавобан МХҚ Алмати департаменти бошлиғининг ёзма равишда розилиги олингани эслатилади. Аммо рус миллатига мансуб 35 ёшлардаги МХҚ подполковниги: “Бизга юқоридан буйруқ бўлди, улар қўйиб юборилсин ёки фалон қилинсин деб айтмагунича биз ҳеч нима қила олмаймиз” деб айтади.

Шу орада аэропорт кузатув залига тахминан 10 нафар аёл ва 10 нафар эркакдан иборат 20 дан ортиқ формали ва яна бир неча фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимлари кириб келишади ва залда саф тортиб, ўзаро нималарнидир пичирлашиб маслаҳат қилишади. Уларнинг Назаровлар оиласига, ёш болаларга қараб-қараб қўяётганлари сезилиб турарди. Яна бир формали ходим эса йўловчиларни таажжубга солиб, видеокамерасини ишга солади ва кузатиш залини, у ердаги жиҳозларни, шу баҳонада одамларни ҳам суратга тушира бошлайди.

Махсус хизмат ходимлари Қори аканинг ҳужжатларини олиб қўйиб, ўзларига ичкари залда кутиб туришни айтишади ва шу ҳодиса сабабли самолётнинг учиши ярим соатча кечиктирилади. Учувчилар ва йўловчилар бу ҳолатдан ҳайрон бўладилар. Вазиятнинг қозоқ ҳукумати берган ваъдага хилоф ўлароқ бундай тус олишидан безовталанган БМТ ва ХМТ ходимлари ҳукуматнинг юқори органларига телефон қила бошлайдилар. Ниҳоят, самолёт учиш вақтидан 25 минут ўтганда Остонадан “Назаровлар қўйиб юборилсин!” деган буйруқ келади. Обидхон қори ва оила аъзоларини БМТ, МХҚ ва ХМТ вакиллари алоҳида автобусда то самолёт трапигача кузатиб қўйдилар. “Ризаев”ларга алам қилса арзийди.

“Мақола” муаллифининг О. Назаров БМТ қочқинлар иши бўйича идораси биносида яшагани ҳақидаги сўзлари ҳам болалар боғчаси даражасидаги заифгина тўқимадан иборат. Бундан ўзбек МХХсининг топқирлиги ва сезгирлиги ҳақидаги арзонбаҳо афсонанинг ҳақиқий нархи қанча эканини билиб олса бўлади.

Обидхон қорининг қаерда яшагани билан қизиқадиганлар учун энди қуйидагиларни айтиш мумкин: Назаровлар то БМТ ваколатхонасига боғлиқ ишлари тамомига етгунича Алмати шаҳридаги уйлардан бирида ижарада яшашди. Бу ҳақда қозоқ МХҚси билмаслиги мумкин эмас эди. Аммо бечора ва ношуд “Ризаев” билмай қолгани аниқ. Ҳақиқатда эса қозоқлар ўзларининг қулоқлари тинч бўлсин учун ёки “Ризаев”лар Назаровга нисбатан бирор жиноят содир қилиб қўймасин дея МХХчиларга: “Назаровлар БМТ идорасида яшаяпти, биз уларни тутиб бериш учун у ерга кира олмаймиз” деб қутулган бўлиши керак. Болакай “Ризаев” шу қозоқча гапга ишониб қолган кўринади.

Башаранг қийшиқ бўлса…

“Ризаев”нинг “мақола”сида акс этаётган нодонлик шу даражадаки, “Аҳмад Ризаев” ўзбек халқининг қашшоқ ҳаёт кечираётганига ҳам Обидхон Назаровни сабаб қилиб кўрсатади. Унинг айтишича, одамларнинг тинч ва бойроқ ҳаёт кечириши учун сарфланиши мумкин бўлган маблағлар О. Назаров ва унинг “тиш-тирноғигача қуролланган” издошларига қарши кураш йўлида сарфланаётган экан.

Аслида Обидхон қори ва у кишининг оддий издошлари, олий маълумотли шогирдлари ўзларининг илмлари, ҳалол меҳнатлари билан мамлакат иқтисоди ва жамият тараққиётига улкан манфаатлар келтираётган инсонлар бўлишган. Аммо “Ризаев” кабиларга бу керак эмас эди. Чунки “Ризаев”лар ўзбек халқининг бахтли бўлишини ҳеч қачон хоҳлашмаган. Улар ўзбекларнинг Совет даврида бўлгани каби фақат қул бўлиб яшашидангина манфаатдор, холос. “Ризаев”лар мана шундагина халқни осонгина бошқара олар эдилар. Обидхон қорилар эса халқнинг кўзини очишди, ёшларга ҳуррият, озодлик, ҳалоллик ва диёнат нима эканини ўргата бошлашди. Бу нарса “Ризаев”ларнинг ўтакасни ёриб юбораёзди. Агар “Ризаев”ларнинг бунақа қўрқоқлиги бўлмаганда, Обидхон қорилар таъқиб остига олинмаганда, Каримовлар мамлакат иқтисодини исканжада тутиб турмаганда, ҳатто майда савдогарларнинг молини тортиб олишдек пасткашликка бормаганда, ҳозирда Ўзбекистон иқтисоди камида Қозоғистон билан тенглашган, балки собиқ совет республикалари ичида энг илғор давлатга айланган бўлур эди.

“Ризаев”лар ўз отини очиқ ёзишга хам қўрқиб, аравани қуруқ олиб қочаётган бир пайтда Қозоғистон президенти Тошкентга келиб, Каримовнинг шундоқ ёнида туриб, қозоқлар ерида ишлаётган ўзбекистонлик мардикорларнинг Қозоғистон иқтисодига бир йил ичида неча миллион доллар фойда келтирганларини (балки атайлаб) гапириб “мақтаб” ўтди. Халқини ўз юртида иш билан таъмин эта олмаган, қўшни юртларда хорлаб, мардикор қилиб қўйган Каримов бунга миқ эта олмади. Жаноб “Ризаев”, мана сизга Обидхон қорини айблаш учун энг янги факт!

Ҳозирги кунларда Ўзбекистонда давлат амалдорларининг халқнинг қашшоқлашиши ҳисобига ўз чўнтакларини қаппайтириш, данғиллама ҳовли-жойлар қуриш, завод-фабрикаларни сотиб олиш ёки шахсий манфаат йўлида сотиб юбориш, чет эл банкларида бойлик тўплаш билан машғул эканлари оддий ҳолатга айланиб улгурган. Яқиндагина собиқ мудофаа вазири Қодир Ғуломовнинг Лондонга қочгани ҳақида интернетда хабарлар тарқалди. Уларнинг бирида Ғуломовнинг Ўзбекистонда қарийб 1 миллион (бу жуда кам) долларни ўзлаштиришда айблангани ёзилган. Ҳа, бу ёзилгани холос. Ёзилмагани, эҳтимол умуман ёзилмайдигани, агар ёзилса, Каримов ва “Ризаев”ларники ҳам очилиб кетиши мумкин бўлгани қанчайкин?!…

(“Жаноб Ризаев”, сиз Гулнора Каримова “хоним”нинг иқтисодий жиноятлари ҳақида хеч нима сезмаяпсизми ёки эшитмаяпсиз ҳамми? Ҳа, шу сўзимнинг ўзигаёқ қўрқиб кетаяпсизми?)

Юқорида айтганимиздек, “ЦентрАзия”да чоп этилган “Ризаев”нинг мақоласидан ҳам кўра унга нисбатан ёзилган акс садолар эътиборлироқ. Ўша ерда бир одам Аҳмоқ Ризаевга деб жавоб ёзган. (Узр, қўпол ибора бизники эмас). Унинг жавобларидан келиб чиқадиган мантиқ ҳамма учун ҳам ибратли: “Ризаев”нинг ўпкалашича, битта имом Европага кетса кетибди-да, Ўзбекистон аҳолиси Обидхон қориларсиз ҳам яхши яшаши мумкин. Аммо савол туғилади: Унда нима учун Обидхон қори чиқиб кетганига 8 йил бўлибдию ҳалиям одамлар яхши яшай олмаяпти?!…

Мақолни сал ўзгартириб, башаранг қийшиқ бўлса, Обидхон қоридан ўпкалама, десак бўлади.

Жаҳлинг чиқса, бурнингни тишла!

БМТ қочқинлар иши бўйича идораси таниқли ўзбек имоми ва Ислом олими Обидхон Назаровни Европага чиқариб юборгани каримовчиларни қаттиқ аччиқлантиргани аниқ. Куни кеча ўзбек ҳукуматининг Тошкентда жойлашган БМТ қочқинлар иши бўйича идораси ваколатхонасини ёпиш қарорига келгани ҳам ана шу алам устида ўйламай қўйилган хато қадамдир.

Ҳақиқатан ҳам ўзбек ҳукумати Қори акани худди Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг изларидан қувиб келганидек, Тошкентдан 800 километр масофагача изма-из таъқиб қилиб келди, аммо кўзлаган ифлос мақсадига эришолмади. Фиръавн Мусонинг кейинларидан таъқиб қилиб келиб, “ана тутдим” деган жойида алданиб қолди – Пайғамбарнинг изларидан денгизга тушди-да, сувга ғарқ бўлди. Каримовнинг малайи МХХ ҳам қозоқларнинг ваъдасига учиб, Обидхон қорининг изларидан Алмати аэропортигача келди-да, шу нуқтада қоқилди, бурни ерга ишқаланиб, дунё олдида шармандаси чиқди! Агар МХХ Обидхон қорини Алмати аэропортида ушлаб қолишга уринмаганда эди, у кишининг чиқиб кетишлари бу қадар шов-шувга сабаб бўлмас эди. Ўзбек ҳукумати ўзининг неча бор тўкилган обрўсини яна бир бор тўкмас эди.

Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи Каримов ва МХХнинг ҳийлаларидан ҳамиша устундир.

БМТ қочқинлар иши бўйича олий коммиссарлигининг Алматидаги ваколатхонаси раҳбари Нарасимха Раонинг “Озодлик” радиоси билан суҳбатда айтишича, 2006 йилнинг 24 феврал куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида вақтинча яшаётган икки ўзбекистонлик – Абдувосит Содиқов ва Хайрулло Тожиевлар яшаётган уйларида қозоқ полициячилари томонидан ҳибс этилдилар. Полиция идорасида уларни Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари сўроқ қилишган. Улар асосан Обидхон қори Назаров яширинган манзилни айтишни талаб қилганлар. МХҚ ходимлари билан ҳамкорликни рад этганлари тақдирда, ушланганларга ўғирлаб кетиш ва яширин тарзда Ўзбекистонга бериб юбориш билан таҳдид қилишган. Кейинроқ халқаро ташкилотларнинг аралашуви сабаб бу икки мусулмон қўйиб юборилган.

Айрим кузатувчилар бу ишни қозоқ МХҚ томонидан ўзбек ҳамкасбларининг кўнгли учун қилинган шунчаки сунъий ҳаракат деб баҳоламоқдалар. Ўзбекистон МХХсидаги номини ошкор қилишни истамаган манбанинг ҳикоя қилишича, ўзбек “чекистлари” Назаровнинг Алматида яшаётганини яхши билишган. Аммо улар қозоқларга ишониб, “Назаровни ана ушладик, мана ушладик, деб ўзларини хурсанд қилиб юраверишган”. 15 март куни эса улар кутмаган иш бўлди. Қозоқ “кеэнбечилари” ўзбек ҳамкасбларининг қулоғига икки қаричлик лағмондан тўрттасини илиб, Оқсаройга жўнатиб юборишди. Ўғрини қароқчи урса шунақа бўлади.

Буниси хам етмагандек, Назарбоев Назаровни Алмати аэропортидан “ҳурмат билан” учириб юборгандан сўнг орадан 5 кун ўтиб, бу хизматининг эвазига Тошкентга бориб Каримовнинг ошини еб келди. Қандингни ур!

Энди Каримов БМТ қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигини террористларни ҳимоя қилаётган ярим террорист ташкилотдек қоралайверади. Аммо “террористларга” Алматидан жой бериб қўйган Назарбоевга миқ эта олмади. Аксинча, Обидхон қорига жой берган, уни ҳурмат билан манзилга кузатиб юборган қозоқ президентини Тошкентга меҳмонга чақириб зиёфат берди. Аллоҳнинг санъатига қойил қоласизми, йўқми?!

Фойда неча пул?

Ҳақиқатдан ҳам МХХ учун кетма-кетига алам қиладиган ишлар бўлмоқда. Халқаро ташкилотлар ўз ишларига холис ёндошиб беайб мусулмонларни ҳимояларига олаётганлари, бунинг устига қозоқ чекистлари Чимкентда қилганлари каби Алматида ўзбек қочқинларини тутиб бермаётганлари Каримовни ғазаблантирмоқда. Шу сабаб аламзада ўзбек МХХси оммавий ахборот воситалари орқали Обидхон қорига қарши туҳмат мақолалар ташкил қилиш ҳамда бу билан жамоатчиликка таъсир кўрсатиш васвасасига тушган. Аммо бунақа “приём”лар мустақилликнинг илк йилларида ўтиши мумкин эди. Энди эса аҳвол бутунлай бошқа. 16 феврал воқеалари, 2004 йилги портлашлар ва Андижон қирғинидан кейин бундай услубларнинг эътибори тушиб кетган. Ёлғончилиги билан ном чиқарган режимга ҳеч ким ишонмай қўйган. Ёлғончининг рост гапи ҳам ёлғон.

Кеча сир саналган нарсалар бугун ошкор бўлиб бормоқда. “А. Ризаев” хизмат қилаётган қонхўр режимнинг ўз халқига қарши жиноятлари кун сайин фош бўлиб бораяпти. Қизиғи шундаки, “А. Ризаев”га ўхшаш бечоралар ўзларининг телба-тескари, аҳмоқона ва ғаразли мақсадларни кўзлаган мақолалари билан худди товуқ ахлат титиб, ўзининг айбини ўзи очгани каби ўз кирдикорларини очиб юборишаяпти. Улар бунақа фитнали мақолалардан қўлларини қанчалик тийишса, ўзларига шунчалик кўпроқ фойда бўларди. Бироқ нодон кимса фойда билан зарарнинг фарқига борармиди.

25 март, 2006 йил
«Мусулмон Ўзбекистон»