Қурбон ҳайити ҳақида қисса (6-қисм)

АЛЛОҲНИНГ МЎЪЖИЗАСИ

Иброҳим яхши билардики, Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради. Аллоҳ агар бир инсонга зарар етишини хоҳласа, ўша инсонга зарар етади. Агар Аллоҳ хоҳламаса, ҳеч зарар етмайди. Аллоҳ бир одамнинг ўлишини хоҳласа, ўша одам ўлади. Агар Аллоҳ хоҳламаса, уни ҳамма одамлар ўлдирамиз, десалар ҳам ўлдира олмайдилар. Аллоҳнинг Ўзи уни ҳимоя қилади. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.

Кофирлар Иброҳимни оловга улоқтириб юбордилар. Улар бу ишларидан жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Шу пайт нима ҳодиса юз берди, денг. Мўжиза содир бўлди! Аллоҳ осмондан оловга буйруқ юборди: “Эй олов, совугин ва Иброҳимни саломат сақлагин!”

Оламдаги ҳамма нарса Аллоҳники. Осмон ҳам, ер ҳам, ўт ҳам, сув ҳам Уники. Ҳамма нарса Аллоҳнинг буйруғига бўйсунади. Олов ҳам Аллоҳга бўйсунди.

Иброҳим келиб тушган ердаги ўт ловуллаб ёниб турган эди. Бирданига унинг иссиғи йўқолиб, совуб қолди. Олов Иброҳимга заррача ҳам зарар етказмади. Иброҳимнинг ҳатто битта туки ҳам куймади.

Мушриклар эса: “Иброҳим куйиб кул бўлди, ўлиб, йўқ бўлиб кетди! Ундан қутулдик!” – деб кулаётган эдилар.

Орадан бир неча кун ўтди. Олов ҳали ҳам ёнар, унга ҳеч ким яқинлаша олмас эди. Етти кундан кейин гулхан пасайди. Мушриклар Иброҳимга нима бўлганини кўриш учун гулханнинг олдига бордилар. Улар қарасалар… Иброҳим… тик туриб, намоз ўқияпти!  Унга ҳеч нарса бўлмабди! Во ажабо!

Одамлар ҳайрон бўлиб, қотиб қолдилар. Баъзилар бақириб юбордилар:

– Иброҳим тирик!

– Иброҳим ёнмабди!

– Қаранглар, олов уни куйдирмабди-я!

(Давоми бор)