Тоғдан чиқадиган шифобахш сувдан соғлик умид қилиб ичса бўладими?

Савол: Азиз устоз, Раббим сизга шифо берсин. Саволим қуйидагича: Тоғдан чиқадиган шифобахш сувдан соғлик умид қилиб ичса бўладими? Яъни, ширк бўлиб қолмайдими, тавҳидимизга зиёни йўқми?

Абдуллоҳ.

Жавоб:

Аллоҳ таоло дуоларингизни қабул айласин.

Ҳозирча саволларга Қори ака жавоб бермайдилар, балки «Ислом Овози» таҳририяти (Қори аканинг баъзи шогирдлари) жавоб бериб туришга ҳаракат қиляпмиз. Аллоҳ таоло хатоларимизни Ўз мағфиратига олсин.

Тоғдан чиқадиган тоза ва табиий сув билан даволаниш масаласи:

Маълумки, шифони Ягона Аллоҳнинг Ўзи беради. Бошқа нарсалар фақат сабаб бўлиши мумкин холос.

Сабаблар икки қисмга ажратилади:

Биринчи қисм: шаръий сабаблар.

Шаръий сабаблар қаторига Қуръони карим, саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган зикр ва дуоларни ўқиб руқя қилиш – дам солиш киради.

Иккинчи қисм: кавний сабаблар.

Кавний сабаблардан мурод Аллоҳ таоло маълум бир касалликлардан шифо топишга сабаб бўладиган қилиб яратган нарсалар кўзда тутилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«ما أنزلَ اللهُ داءً إلا قد أنزلَ لهُ شفاءً عَلِمَهُ من عَلِمَهُ وجَهِلَه من جَهِلَه» (رواه أحمد وصححه أحمد شاكر والألباني).

«Аллоҳ таоло қандай касаллик туширган бўлса албатта унинг шифосини ҳам нозил қилиб қўйган. Уни билганлар билади, билмаганлар билмайди». (Имом Аҳмад ривояти, Аҳмод Шокир ва Албоний: саҳиҳ).

Аллоҳ таоло шифога сабаб бўладиган қилиб яратган нарсаларни ўрганиш йўли ва жоиз бўлиш шарти иккита:

1. Шариат рухсат берган ҳалол нарсалардан иборат бўлмоғи лозим;

2. Ишончли инсонларнинг тажрибаларига асосланиш даркор.

Сиз саволда зикр қилган ўша тоғдан чиқадиган сувда ҳақиқатан ҳам шифога сабаб бўладиган маълум бир хусусиятлари борлиги ўз исботини топган бўлса албатта уни ичиш ва шифога сабаб деб эътиборга олиш жоиз бўлади.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти