«Биз қамоқда жумъа намозини сал кечроқ ёки эртароқ ўқишимиз жоизми?»

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол:

Ассалому алайкум … Биродарлар, мен Русия давлати қамоқхонасидаман. Бу ерда жумъа намози ўқиймиз. Фақат соат 3 да ўқияпмиз. Аслида пешин вақти 12.40 да киради. Бизда у вақтда тўпланишга имкон йўқ. Чунки бу ер ходимлари рухсат беришмаяпти. Баъзи биродарлар «фарз вақтини ўтказворяпмиз, вақт кечикяпти», деб пешин ўқишяпти. Шундай ҳолда нима қилишимиз тўғри бўлади?

Ҳали қиш фасли келса у пайт аср намози вақти соат 3 да киради. Ўша кунларда жумъани пешин вақти киришидан олдинроқ ўқишимиз жоиз бўладими? Пешин соат 12 атрофида бўлса, биз соат 11 да жумъа ўқисак бўладими?

Иложи бўлса, Аллоҳ учун, ҳужжатлари билан жавоб берсангиз. Биз учун жавобингиз зарур.

Сизлардек биродарлар борлиги учун алҳамду лиллаҳ. Аллоҳ таоло шайхимизни ҳам Ўз ҳимоясига олсин ва сизларга фойдалик илм ато этсин, жазакумуллоҳу хойрон.

М.

Жавоб:

Ваалайкум ассалом. Аллоҳ таоло Ўзи сизларга мадад ва нусрат берсин …

Имом Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил-Бухорий китобида айтадилар:

«Қамоқда жумъа ўқилмайди, ҳатто 40 киши жам бўлсалар ҳам. Бу масалада (яъни, маҳбусларга жумъа вожиб эмаслиги борасида) уламолар ихтилоф қилганликлари маълум эмас. (Яъни, деярли ҳамма уламолар маҳбусларга жумъа вожиб эмас, деб иттифоқ қилганлар). Қамоқдагиларга жумъа вожиб эмас деб айтган (машҳур) уламолардан яна баъзилари қуйидагилар: Ҳасан (Басрий), Ибн Сийрийн, Нахаъий, Саврий, Молик, Аҳмад, Исҳоқ ва бошқалар…».

«Қамоқдагиларга жума вожиб эмас», деган сўздан улар жумъа ўқишлари жоиз эмас деган гап келиб чиқмайди. Балки, вожиб бўлмаса ҳам вақти чиқиб кетмасдан туриб ўқишга имкон топиладиган бўлса жумъа ўқишлари афзал бўлиши мумкин.

Бир қанча уламолар шу маънода фатво берганлар. (Кенгроқ маълумот учун қуйидаги ҳаволага мурожаат қилишингиз мумкин: 59023 , 62194).

Мадинаи мунавварадаги олим – шайх Мустафо Махдум Кароматуллоҳ ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари ҳам ушбу масала бўйича бундай деганлар:

«ما دام الوقت باقيا فيصلون الجمعة ولو في آخر الوقت. وإذا كانوا لا يجتمعون إلا بعد الوقت فيصلونها ظهرا فرادى. وليحرصوا على الجماعة بقدر الطاقة فإنها تقوي قلوبهم. أسأل الله لهم الفرج والعون».

«Модомики вақт бор экан (яъни, аср вақти кириб қолмас экан), жумъа ўқийверсинлар. Аммо вақт ўтиб кетганидан сўнг жамланадиган бўлсалар пешинни ўз вақтида ўзлари алоҳида ўқийверадилар. Имконлари борича доим жамоат бўлиб ўқишга ҳаракат қилсинлар, чунки жамоат бўлиб туришлари уларнинг қалбларини – иймонларини бақувват қилиб, кучайтириб туради. Аллоҳ таолодан уларга ёрдам ва нажот сўрайман».

Қиш фасли келганда ҳам шу жавоб: аср вақти кириб қоладиган бўлса пешинни ўз вақтида жамоатсиз бўлса ҳам ўқиб оласизлар. Аср вақти кирганда жамоат бўлишларингизга имкон топилса жамоат бўлиб аср ўқийверасизлар.

Жумъа намози вақти худди пешин намози вақти каби Қуёш тиккага келиб мағриб томонга мойил бўлганда киради. Баъзи уламолар фақат жумъа намозининг вақти зуҳо вақтидан бошланади, деб айтган бўлсаларда, аммо бу қавл заиф – далили кучсиз қавл.

Жумҳур – аксарият уламолар, жумладан имом Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеий  жумъа вақти худди пешин вақти кабидир, деб айтганлар ва кўп далилларни келтирганлар.

Мисол учун, имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ва имом Муслим Салама ибн Ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларда «Жумъа намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Қуёш заволидан кейин – кун ботиш томонга мойил бўлганидан сўнг ўқир эдик» деб айтилган.

Аллоҳ ҳаммадан яхшироқ билувчи Зотдир.

“Ислом Овози” таҳририяти

 

Мавзуга оид яна:

Жумъа намозига бормасликка узр борми?

Мактабда жумъа ўқиш жоизми?

Жумъа куни пешинни жамоат бўлиб ўқиса бўладими?

Жумъанинг фарзидан аввал суннат ўқиладими?

Жумъа одоби, озодалик ва тартиб-интизом аҳамияти

Жума куни суннатлари, дажжол ва бошқа фитналардан сақланиш йўли

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg