Аёллар номаҳрамлар олдида юзларини ёпишлари лозим

Савол:

Аёллар номаҳрамлар олдида юзларини ёпишлари вожибми?

Жавоб:

Аёллар бегона эркаклардан юзларини ёпиб юришлари афзаллигида шак-шубҳа йўқ. Бу нуқтада барча уламолар иттифоқ қилганлар.

Аммо ундан қуйироқ даража – аёл киши фақат юзини очиб юриши (юзига ҳеч қандай зийнат аралаштирмаган ҳолида, яъни лаблари ва кўзларига ҳар-хил нарсаларни сурмасдан, табиий ҳолатда очиб юриши) жоизми ёки ҳаромми деган нуқтада бироз ихтилоф бор.

Аксарият уламолар аёллар юзларини ёпиб юришлари вожиб деб айтадилар. Улар Қуръону Суннатдан келтирган далилларининг баъзилари қуйидаги ҳаволаларда (араб тилида) батафсил баён қилинган:

1. Юзни ёпиш вожиблигига далиллар: (islamweb.net)

2. Юзни ёпиш ҳукмига батафсил далиллар: (islamqa.info)

2. «Ҳижоб – Шариат ва фитратда» китоби / шайх Абдулазиз Тарифий (altarefe.com)

Бизнинг қалбимиз ҳотиржам бўладиган қавл, бу масала бугунги кунда минтақадан минтақага ва ҳолатдан ҳолатга фарқ қилади.

Илгарилари, балки Ислом тарихида, қадим-қадим замонлардан муслима аёллар муҳим ҳожат туфайли кўчага чиқиб келишга мажбур бўлиб қолсалар ёки масжидлардаги жамоат савобига эришиш учун намозга чиқсалар, юзларини ёпиб, паранжи кийиб олар эдилар.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, охирги даврларда, хусусан кофир давлатлар мусулмон мамлакатларни босиб олганидан сўнг, муслима аёлларнинг паранжиларини ечтириш, юзларини очиб юришга қизиқтириш ва беҳаёликларни тарқатиш авж олиб кетди.

Ҳатто баъзи диёрларда муслима сингилларимиз юзларини ёпиб юрамиз десалар, Ислом душманлари томонидан қаттиқ таҳдидларга учрайдиган бўлиб қолдилар.

Ана шундай ҳолатларда уламолар уларга Қуръону Суннат далилларига асосланган шаръий қоидалар асосида енгиллик берилишини баён қиладилар. Яъни, хавф-хатар остида қолишлари мумкин бўлган аёллар юзларини очиб юришлари жоиз.

Валлоҳу аълам.

«Ислом Овози» таҳририяти