Рўзадор киши кундузи чарчаб қолган пайт ухлаб дам олиши жоиз

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ. Азиз устозимизга Аллоҳдан шифо тилайман ва сизларни Рамазон ойи муносабати билан табриклайман. Рўзадор ухлаши мумкинми? Жавобингларни кутаман.

(Абдуллоҳ)

Жавоб:

Дуоларингизни Аллоҳ таоло қабул этсин, устозимизга шифойи комил берсин, Рамазон ойини барчамиз учун баракотли қилиб, улуғ кунларни ғанимат билишга муваффақ айласин ва Ўз даргоҳида улуғ мақомларга кўтарсин.

Рўзадор киши кундузи чарчаб қолган пайт ухлаб дам олиши жоиз. Чунки, уйқу рўзани бузадиган амаллардан эмас.

Бироқ, баъзи бир дангаса одамлар қимматбаҳо лаҳзаларни уйқу билан ўтказиб юборишлари жуда ҳам ачинарли аҳвол.

Муборак Рамазон ойини ибодатлар билан ғанимат билиб олиш ўрнига уйқу ёки бефойда нарсалар билан ўтказиб, Аллоҳ берган мана бу қисқагина умрни исроф қилиб юборган киши шак-шубҳасиз ўзига ўзи чексиз зулм қилган бўлади. Аллоҳ асрасин.

Қуйидаги ҳаволада шунга ўхшаш саволга шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг жавобларидан ҳам фойда олишингиз мумкин (http://www.almoslim.net/54253).

Вассалому алайкум …

«Ислом Овози» таҳририяти