Биринчи кеча: Эзгулик мавсуми бошланди

Мана бундан бир неча соатлар муқаддам китобларда кўп ва хўп таъриф этилган муборак Рамазон ойи юртимизга ташриф буюрди!

Ислом оламида эзгулик мавсуми бошланди! Бугунги оқшом намозининг азонидан кейинок яхшиликлар ойининг нафаси сезила бошлади… Бадавлат хонадон соҳиблари Рамазоннинг ҳар куни фақиру камабағалларни йўқлаш фикрини дилларига тукканлар. Кўпгина мусулмон давлатлари ҳукуматлари ўз фуқароларига кенг имтиёзлар тақдим этишади. Улар Ислом аҳлига меҳрибонлик кўрсатиб, қулай шароитлар яратишга, иш соатларини камайтиришга йўл берадилар…

Одам зурриётин йўқлаб ҳар замон
Нурлар улашгали келгай Рамазон.
Бежиз эмасдир бу, демак, унутма:
Оламда эзгулик ҳокимдир ҳамон!

Бу шундай мавсумки, замину осмон
Покланур, ўзгарур яхшию ёмон.
Яхшилик ичрасен – сен ҳам яхши бўл!
Шундан иборатдир матлуби иймон.