Шаъбон ойи бошланди

Саудия Арабистонидан келаётган хабарларга қараганда, бугун (2015 йил 18 май душанба куни) кун ботишига яқин Шаъбон ойи ҳилолини кўришга муваффақ бўлинди.

Шунга биноан, яна Аллоҳнинг марҳамати ила Рамазони карим остонасига етиб келдик, алҳамду лиллаҳ.

Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддис имомларнинг ҳадис тўпламларида ривоят қилинади, Оиша онамиз айтадилар:

عن عائشة رضي الله عنها قالت: «ما رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم استكمل صيام شهر إلا رمضان ، وما رأيته أكثر صياما منه في شعبان». رواه البخاري ومسلم.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойидан бошқа бирор бир ойни (бошидан охиригача) мукаммал тарзда рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбон ойидан бошқа ойларда эса Шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмаганман».

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойининг бошидан  охиригача эмас, балки кўп қисмида рўза тутар эдилар.

Имом Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадилар:

«Шаъбон ойи рўзаси муҳаррам ойларнинг рўзасидан афзал. Нафл (рўза)ларнинг афзали Рамазон ойига яқин – ундан олдин ва ундан кейин бўлганидир. (Бу рўза) худди фарз намозлардан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозларга ўхшаш мартабада бўлиб, фарз ибодатни бажаришда йўл қўйилган камчиликларни тўлдиради. Суннат намозлар умумий нафл намозлардан кўра афзалроқ бўлгани каби, Рамазондан олдинги ва кейинги рўза ҳам Рамазондан анча узоқ бўлган рўзадан афзалроқ бўлади». (Латоифул маъориф: 138).

Шу ўринда эслатиб қўйиш лозимки, Рамазондан олдинги ва кейинги суннат рўзага тарғиб этилишидан Рамазонга улаб тутиш тушунилмайди, албатта.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларда у нарсадан қайтарганлар. Хусусан Рамазон ҳайити – Фитр байрами куни рўза тутиш қатъиян ҳаром қилинган. Рамазондан бир кун олдин – шак кунида «Рамазон бошланиб қолган бўлса рўза тутган бўламан», деб рўза тутиш ҳам жоиз эмас.

Шаъбон ойида рўза тутишга тарғиб этилишининг ҳикматларидан яна бири, чунки бу рўза Рамазон ойига тайёргарлик ҳам бўлади.

Шунинг учун уламолар бу ойда кўпроқ рўза тутиб, Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиб туришни тавсия этишадики, мусулмон киши Рамазони карим ойига қалбию амаллари пок-мусаффо бўлган ҳолида кириши билан, унга энг улуғ ойнинг ибодатларини мукаммал даражада бажо этиши янада енгилроқ бўлади.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло Шаъбон ойида ҳам бизларга Ўзининг баракотларини ёғдирсин, Рамазон ойига ҳам етказиб, бутун ҳаётимизни улуғ тоат-ибодатлар билан ғанимат билишимизга муваффақ қилсин …