Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу қиссалари ва Табук ғазотидан сабоқлар

Бўлимлар: Илм ва уламолар

Тўхтабой масжиди
Тошкент, 1990 йиллар

Таҳририятдан:

Табук ғазотидан олинадиган ибратлар жуда ҳам кўп. Биз уларнинг баъзиларини, Қори аканинг ушбу маърузалари асосида, қисқа-қисқа нуқталарга ажратилган ҳолда ёзиб чиқдик:

  1. Аллоҳ таолонинг бугунги кунда кашф этилаётган мўъжизаларини саҳобалар кўрмаган бўлсалар ҳам, уларнинг У Зотга бўлган иймонлари, Ислом йўлида кўрсатган фидокорона хизматлари бизникидан миллион чандон кучли бўлган.
  2. Мадинаи мунавваранинг хурмозорларини ташлаб, жазирама иссиқларда, ҳалокатли саҳролар ичра юриб, юз минглаб аскарларга эга бўлган Рим империясига қарши жангга бориш мусулмонлар учун жуда улкан имтиҳон эди.
  3. 30 мингдан зиёд саҳобийдан фақат 80-85 киши иймони сусайишлиги ёки мунофиқ бўлганлиги туфайли Мадинада қолиб кетди.
  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатий деб башорат берган саҳобалар ҳам мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқиб турар эдилар.
  5. Зоҳиридан мусулмон бўлган инсонга мусулмондек муомала қилиш лозим, гарчи у мунофиқ бўлса ҳам. Зеро, қалблар Ягона Аллоҳнинг Ўзига маълум. Аллоҳ таоло қалбларни Ўзи хоҳлагандек ўзгартириб тургувчи Зот!
  6. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳақида ёмон гумонга борган кишига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу раддия бериб, мусулмон кишининг обрўсини ҳимоя қилдилар. Бу ҳам биз учун катта ибрат.
  7. Каъб ибн Моликнинг роҳат-фароғатга оз-моз берилиб қолишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чақириқларига «лаббай» деб боришдан чалғитиб қўйди.
  8. Ғассон мамлакатининг подшоҳи Каъб ибн Моликни Мадинада яккалаб қўйилган пайтлари ўзининг мамлакатига таклиф қилгани у кишига қандай таъсир қилди? Дунё фитнасига бир марта алданиб қолган кишининг муносабати бу сафар қандай бўлди? Қандай бўлиши лозим экан?
  9. «Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди» (ҳадиси шариф), «кўр ҳассасини бир марта йўқотади»(мақол).
  10. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазабларидан қутилиш учун турли баҳоналар етарли эди. Ҳавои нафс, шайтон ва ҳатто баъзи инсонлар ҳам ана шу баҳоналар билан қутилишга буюриб, гижгижлаб туришарди. Аммо ростгўй зотлар халойиқнинг эмас, фақат Аллоҳнинг ҳузуридаги шармандаликдан қўрқадилар.
  11. Аллоҳ ва Расулига итоат қай даражада бўлиши лозимлигини бутун уммат Каъб ибн Молик ва у кишининг шерикларидан юз ўгириб, ҳатто энг яқин дўстлари ҳам уларга умуман гапирмай қўйганликларидан ўрганамиз.
  12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юз мингдан ошиб кетган асҳобларини ёдларида сақлаб, уларнинг ҳол-аҳволларидан доимо бохабар бўлиб турардилар. Бизчи? Биродарларимизга ёрдам беряпмизми? «Халқпарвар» раҳбарларчи? Қўл остларидаги инсонларга қандай муносабатда бўлишяпти?
  13. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимни ҳеч қандай ишга мажбур қилмасдилар, узр сўраганларнинг узрини қабул қилардилар.
  14. «Аллоҳ таоло менга ростгўйлик (билан собитқадам турганим) учунгина нажот берди. Энди тавбам мукаммал бўлсин учун умримнинг охирига қадар фақат ростгўй бўлиб яшайман!». (Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу).