Обидхон қори Назаров билан суҳбат

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Обидхон қори диний-маърифий фаолиятини
давом эттириш ниятида / BBCUzbek

Би-би-си: Нима учун Ўзбекистондаги бошқа уламоларга эмас, балки айнан сизга босимлар ва айблаш даъволари бўлган, деб ўйлайсиз?

Обидхон Назаров: Фақатгина бизга эмас, балки бошқа айрим имомларга нисбатан ҳам бундай даъволар бўлган. Сабаби, биз бор гапни, ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилдик. Бу, албатта, баъзи бир кимсаларга ёқмаслиги табиий эди. Чунки Аллоҳ ва Расулининг сўзи унга амал қилиб яшашга иштиёқманд бўлган, иймон-эътиқоди бус-бутун инсонларгагина хуш ёқади.

Би-би-си: Хўб, сиз Ўзбекистондан чиқиб кетдингиз… «Беш йил давомида Қозоғистонда, Чимкентда бўлдим», – деб айтаяпсиз. Бу давр қийин давр бўлдими сизга?

Обидхон Назаров: Алҳамдулиллоҳ , сабр қилса бўладиган, яшаса бўладиган шароит.

Би-би-си: Яъни, сиз тўлиқ яшириниб яшашга мажбур бўлдингиз, шундайми?

Обидхон Назаров: Шундай. Лекин кўча-кўйларда юриш, баъзи бир зарур ишлар учун борди-келдини, алҳамдулиллоҳ, қилса бўларди…

Би-би-си: Мана Ўзбекистонда сизга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Сиз эса Чимкентда юрибсиз, бозорга борсам бўларди, деяпсиз. Сизни таниб қолишларидан, ёки ўғирлаб кетишларидан гумонингиз, шубҳангиз, қўрқувингиз йўқмиди?

Обидхон Назаров: Бу нарсалар жудаям кўп, бемалол тарзда эмас, лекин, ҳар ҳолда, Ўзбекистонга нисбатан, аввалгидек беркиниб ўтиришга нисбатан бир оз эркинроқ шароит бор эди. Лекин шунақа тазйиқ, қидирув бўлаётганлиги, ўғирлаб кетиш ҳаракатлари бўлаётганлиги сезилиб турди.

Би-би-си: Мана шу давр ичида сиз нима билан шуғулландингиз?

Обидхон Назаров: Асосан, алҳамдулиллоҳ, шу диний, таълим-тарбия ишларимиз билан машғул бўлдик.

Би-би-си: Иқтисодий нуқтаи-назардан яшашингиз қандай бўлди, яъни ?…

Обидхон Назаров: Энди Аллоҳ Қуръони Каримда айтади: «Шубҳасиз, Аллоҳ хоҳлаган бандасига ҳисобсиз ризқ ато қилади». Энди кўриниб туриладиган сабабларга келсак, тижорат билан шуғулланилган.

Би-би-си: Ҳозиргача сизни Ўзбекистонда Ваҳобийлик оқимининг раҳнамоларидан бири сифатида давомли таъкидлаб келишади. Бу даъволарда қанчалик асос бор, деб ўйлайсиз?

Обидхон Назаров: Ваҳобийлик деган нарса бу – тўқима нарса. Агар Ваҳобийлик дейилганда шу Муҳаммад Ибни Абдулваҳобга боғланадиган бўлса, у инсон ҳақида айтиладиган кўп гаплар туҳмат, ҳақорат гаплар ҳаттоки. Эътиборли инсонлар ҳам Муҳаммад Ибни Абдулваҳоб тўғрисида нолойиқ гапларни айтиб, ҳақорат қилишгача боришган. Булар ҳаммаси асоссиз нарсалар. Ҳолбуки, у инсоннинг ёзганларига қарайдиган бўлсангиз, китоби суннатга чақирадиган одам бўлган.

Би-би-си: Демак, сизни Ваҳобий дейишса, рад этмайсиз, шундайми? Яъни, уларнинг йўлини нотўғри демаяпсиз…

Обидхон Назаров: Авваламбор, Ваҳобийлик деган нарса нима ўзи, деган мазмун устида гап бошладим ҳозир. Лекин, бизни Ваҳобийликда айблаш асослими, йўқми деган масала бошқа масала. Агар қисқа айтиш керак бўлса, буни рад этамиз. Албатта бундай нарса йўқ. Билишимча, жиноят кодексида Ваҳобийлик деган жиноий модда йўқ. Фақат амалдорларнинг шахсий ғаразлари, истаклари учун қўлланилаётган ибора бу. Агар диний жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсангиз, айблашга яна асос йўқ. Чунки Ваҳобий деганда, ҳали айтганимиздай, Муҳаммад Ибни Абдулваҳоб тушуниладиган бўлса, у одам тўртта сунний, Исломий мазҳабдан бири – Ҳанбалий мазҳабида бўлган забардаст уламолардан бири. Буни Ваҳобийларга, қўштирноқ ичидаги Ваҳобийларга қарши бўлганларнинг ўзлари ҳам тан олишади, айтишадики: «Ҳа, улар Ҳанбалийлар, Ҳанбалий мазҳабидаги одамлар». Шундай экан биз, Ҳанафий мазҳабида бўлиб туриб, Ҳанбалий мазҳабига нисбатан адоват қилишимиз мумкин эмас…

Би-би-си: Яъни айтмоқчисизки, сиз Ҳанафий мазҳабидасиз, шундайми?

Обидхон Назаров: Шундай. Биз ёшлигимиздан бошлаб Ҳанафий мазҳаби бўйича илм олганмиз. Бизнинг кейинги фаолиятимиз ҳам шу Ҳанафийлик мазҳаби асосида. Масжидда ишлаган даврдаги ибодатларимиз ҳам Ҳанафий мазҳаби асосида бўлган.

Би-би-си: Сизни Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ҳам боғлашади: гўёки, сиз раҳнамоларидан бири бўлгансиз, гўёки, Тоҳир Йўлдош, Жума Намангонийлар билан иртиботингиз бўлган, алоқангиз бўлган ва гўёки, сиз Ўзбекистонда қуролли ҳаракатларни дастаклаган бир раҳнамо сифатида кўриласиз….

Обидхон Назаров: Албатта, биз бу даъволарга қўшилмаймиз. Буни рад этамиз. Лекин бу даъволар қаердан келиб чиқади? Бу ҳам худди, ҳали юқорида айтилганидай,
Ваҳобийлик деган сўз нима учун келиб чиқди ва у кимларга қўйилади, шунга ўхшаш нарса. Ўшанинг узвий давоми. Қуролли ҳаракат аслида, демак, мавжуд бўлса ҳам, лекин унга алоқаси бўлмаган одамларниям ўшанга алоқадор, деган айблар билан, туҳматлар билан ҳукм қилиш, қамаш ёки бошқа ҳолатлар содир бўлган. Кўпчилик бунга гувоҳ. Юқоридан бир нарсани буйруқ сифатида берилса, ўшани «тўхталаринг, бўлди энди, бу метод, бу услуб эскирди, энди мана бу услубга ўтларинг!» демагунча қўлланаверадиган нарсага ўхшайди.

Би-би-си: Қуролли ҳаракат бўлган ҳақиқатдан ҳам. Ўзбекистон ҳукуматини ағдаришга уринишлар бўлган. Ўзбекистонда исломий давлатни қуролли йўллар билан қуришга уринишлар бўлган. Бундай услубни қўллаб-қувватлайсизми ўзингиз шахсан?

Обидхон Назаров: Йўқ. Исломий даъват тинч йўллар билан олиб борилиши керак. Чунки, Аллоҳ мусулмонларни сабрга чақириб, ҳақ йўлда собитқадам бўлиб туришга буюрган.

Би-би-си: Айнан Қозоғистондан нима учун чиқиб кетдингиз сиз? Тинч эди, деяпсиз. Нима учун Қозоғистондан чиқиб кетдингиз Оврўпога?

Обидхон Назаров: Қозоғистонда, демак, тинчлик бўлмагандан кейин, у ерда ҳам ўзбек ва қозоқ махфий хизматлари бирлашган ҳолда, келишган ҳолда ўзбекистонлик мусулмонларга қарши амалиётларни давом эттириб, кучайтириб, ҳатто, демак, бир неча
бизнинг биродаримизни ҳибс қилиб, тўғрироғи, ўғирлаб кетишди. Шундан кейин у ерда, демак, безовталик пайдо бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожат қилишга мажбур бўлдик.

Би-би-си: Ўзбекистон ичкариси билан алоқангиз борми?

Обидхон Назаров: Ўзбекистон билан алоқа қилиш – осон нарса эмас. Имконият бўлса, ҳамма ҳам ёру-дўстлари, биродарлари билан алоқа қилган бўларди-ку..

Би-би-си: Тошкентдаги 2004 йилги портлашлар ҳамда ўтган йилги Андижондаги ҳодисаларга ҳам сизни қандайдир боғлаш уринишлари баъзида билиниб қолади. Бу портлашлару Андижондаги ҳодисалар ортида қандай кучлар турган бўлиши мумкин?

Обидхон Назаров: Қандай кучлар турганини айтиш, аниқ айтиш қийин. Лекин бир нарсани айтиш мумкинки, халқнинг тинчлигини сақлашда масъул бўлган, давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда масъул бўлган органлар шу нарсани билмасликлари асло мумкин эмас. Агар билмаса, билмагани учун жавоб бериши керак. Билган бўлса, билиб туриб, шуни олдини олмагани учун ҳам жавоб бериши керак.

Би-би-си: Ўзбекистонда Исломий радикал кучлар бор, деб ўйлайсизми?

Обидхон Назаров: Исломий радикал кучлар, деганда нимани тушунилади? Бу ҳам
мавҳум тушунча ўзи. Лекин, агар биз Исломий тил билан айтадиган бўлсак, Пайғамбар алайҳисалом: – «Динда чуқур кетишдан сақланинглар» – деганлар. Алоҳида бир гуруҳни ман кўрсата олмайман «ҳозир Ўзбекистонда мана шунақа радикал бир гуруҳ бор » – деб.

Би-би-си: Дин давлатдан айри бўлиши керакми?

Обидхон Назаров: Агар, мадомики, ҳозир қонунлар шундай экан, » айри» деган экан, шунга амал қилиш керак. Энди шу қонунни тасдиқлаганлар, шу қонунни чиқарган ва шу қонунга амал қилиши лозим бўлган гуруҳлар, доиралар бунга амал қилишлари керак.

Би-би-си: Жамиятнинг ривожланишида, давлат ишларида Ислом қандай роль ўйнаши керак, деб ўйлайсиз?

Обидхон Назаров: Бу – мураккаб масала. Буни бир оғиз сўз билан баён қилиш қийин. Исломнинг асоси Қуръон ва Ҳадис экан… Қуръон ва Ҳадисда ҳамма нарса бор. У ерда фарзанд тарбиясидан бошлаб давлат бошқарувига таалуқли барча-барча кўрсатмалар берилган. Динимиз – мукаммал дин. Қуръон – мукаммал бир китоб. Демак, агар бундан очиқ кўнгил билан, кенг юрак билан, соф ният билан оламан деса, сиёсатчилар учун ҳам етарли панд, ўгит ва кўрсатмалар бор. Аллоҳ – ҳамманинг Роббиси.

Би-би-си: Агарда, Ўзбекистондан ташқарида бўладими ёки ичкарида, қайси бир гуруҳ чиқиб туриб, Исломий партияни тузса ва ўзини бугун Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда эканлигини эълон қилса, Обидхон Назаров бу партияга қўшилган бўлармиди?

Обидхон Назаров: Умуман олганда, партия тузиш, гуруҳ ташкил қилиш – нисбий нарса. Маълум бир вақтда шу нарса зарур бўлса, қилиш жоиз, агар ўринсиз бўлса, қилиниши ҳаром бўладиган ижтиҳодий масала. Буни бир жойда ўтириб олиб «ҳамма замонга, ҳамма маконга мана шу – қоида ёки қонун» деб айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳозирги замондаги уламоларнинг ҳам фатволаридан келиб чиқадиган маънолар шу. Ўрни келади шундай Исломий партиялар бўлса, зарур бўлган бўлса, ўша макон учун шу лозим бўлса, шу лойиқ бўлса, шусиз иш битмайдиган бўлса, улар учун жоиз, лозим, балким вожибдир. Лекин, бусиз ҳам Ислом иши юриб турадиган бўлса, у ерда қандайдир жамоат ташкил қилиб, партия ташкил этиш мусулмонларнинг бирлигига путур етказадиган бўлса, одамларни ҳайратга соладиган бўлса, «нима учун бу керак бўлиб қолди?» – деб одамлар ўртасида шубҳа ва ихтилофаларга сабаб бўладиган бўлса, унда ҳаром бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистон ичкарисида ва ташқарисида бўлган дунёвий мухолифатга қандай муносабатдасиз?

Обидхон Назаров: Пайғамбар салаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингга хоҳ у золим бўлсин, хоҳ у мазлум бўлсин, ёрдам бер» – дейдилар. Бухорийдан ривоят қилинади. Демак, мазлум инсонга ёрдам бериш – фарз. Дунёвий сиёсий ҳаракатлар, партиялар шу мазлум халқнинг қайсидир бир ҳожатини битириш учун, уларга қайсидир жиҳатдан ёрдам бериш учун ҳаракат қилаётган экан, бу нарсани албатта қўллаш керак бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистондаги халқни сиз «мазлум» деб айта оласизми бугунги кунда?

Обидхон Назаров: Энди кимдир айтиши мумкиндир: «Ман мазлум эмасману, лекин нимага мани номимдан биров мазлум дейди?» – деб. Лекин, бизни билганимиз кўп одам, биродарларимиз, танишларимиз, биз билган кўп мусулмонлар – мазлум.

Би-би-си: Сиз мана Оврўподасиз. Келажакда нималар қилиш ниятидасиз?

Обидхон Назаров: Асосий ишимиз – Исломий даъват, илмий-маърифий ҳаракат. Илмий-маърифий йўлда фаолиятимизни давом эттирамиз, иншааллоҳ.

Манба: Би Би Си – Ўзбек хизмати