Эътиқодий масалалар

Бўлимлар: Рисолалар
  • Кириш сўзи;
  • Мусулмон ҳолда ўлган одам албатта жаннатга киради;
  • Ислом мукаммал дин, бидъатлар рад этилади;
  • Уммат 73 фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги ҳадис;
  • Бидъатларнинг умумий тақсимоти;
  • Адашишлар турли даражада;
  • Дунёда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади;
  • Кофирларга ҳам Исломий ахлоқ-одоблар асосида муомала қилинади;
  • Куфр амалини қилиб қўйган мусулмонни дарҳол кофирга чиқариш жоиз эмас;

 بسم الله الرحمن الرحيم

Кириш сўзи

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга, аҳли-оилаларига, саҳобаи киромларга ва уларга яхшилик билан қиёматга қадар эргашиб борадиган зотларга салоту саломлар бўлсин. Аммо баъд.

Таҳририятимизга анчадан буён турли тоифалар, ҳаракатлар ва уларга қандай муносабатда бўлишимиз лозимлиги ҳақида саволлар келиб туради.

Аслида бу мавзу жуда узун, уни устозларнинг ҳузурларида ўтириб илмий дарс сифатида ўрганиб чиқиш лозим бўлган алоҳида бир фан.

Бундай мавзуларни инсон ўзи мустақил равишда китоблардан ўқиб ёки мухтасар савол-жавоблар орқали ўрганиб олишга ҳаракат қилгани билан барибир тўла тасаввурга эга бўла олмайди.

Шундай бўлсада, биз иншоаллоҳ бу рисолада баъзи масалаларни Қуръону Суннатда собит бўлган далиллари билан мухтасар шаклда зикр қилиб ўтишга ҳаракат қиламиз, шояд фойдадан холи бўлмас.

Сўзларимиз ҳақиқатга мувофиқ бўлса, бу фақатгина Аллоҳнинг тавфиқи ила, хато қилиб қўйган жойларимиз бўлса ўзимизнинг айбу нуқсонимиз туфайлидир.

Ягона Аллоҳ ва Унинг Расулининг сўзлари барча айбу нуқсонлардан пок, мусаффо ва муқаддас бўлган ҳаққу ростдир.

Парвардигор Ўзи гуноҳларимизни кечирсин, барча ишларда Қуръону Суннатга мувофиқ бўлишимизни насиб айласин. Омин.

Мусулмон ҳолда ўлган одам албатта жаннатга киради

Маълумки, инсон шаҳодат калимасига иймон келтириши билан Исломга киради ва агар шу иймон билан собитқадам ҳолда, ширки акбар ва куфри акбар бўлган амалларни қилмасдан вафот этса, албатта, охир-оқибат жаннат аҳлидан бўлади.

Ширки акбар ва куфри акбардан кичкина бўлган гуноҳларни қилиб қўйган мусулмон киши тавба қилмасдан ўтиб кетган бўлса, дўзахга тушиб, гуноҳларидан покланиб, кейин жаннатга кириши мумкин бўлади, Аллоҳ унинг гуноҳларини дўзахга тушишидан олдин кечириб юборишни хоҳласа жаннатга тўғри кириб кетиши ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 48 ва 116 оятларида марҳамат қилади:

{إِنَّ اللَّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء‏}

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсани) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«من لقي الله لا يشرك به شيئاً دخل الجنة، ومن لقيه يشرك به شيئاً دخل النار». (رواه مسلم).

«Кимки Аллоҳга ҳеч қандай ширк келтирмаган ҳолда йўлиқса жаннатга киради. Кимки Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирган ҳолда йўлиқса дўзахга киради». (Имом Муслим ривоятлари).

Ислом мукаммал дин, бидъатлар рад этилади

Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, Исломни мукаммал дин қилиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ваҳйларидан бир дона ҳарфини ҳам яширмасдан умматларига етказдилар. Вафотларидан олдин видолашув ҳажида Аллоҳ таоло жума куни Арафот майдонида қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

{الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإسْلامَ دِينًا}. (المائدة: 3).

«… Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим …». (Моида: 3).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«من أحدثَ في أمْرِنَا هذا ما ليسَ منه فهو رَدٌّ». (متفق عليه).

“Кимки, бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, бас у рад этилади”. (Муттафақун алайҳ – Бухорий ва Муслим ривоятлари).

عن العرباض بنِ ساريةَ قال: صلى بنا رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ ذاتَ يومٍ، ثم أقبل علينا، فوعظنا موعظةً بليغةً، ذرفت منها العيون، ووجِلت منها القلوبُ. فقال قائلٌ: يا رسولَ اللهِ! كأن هذه موعظةُ مُودِّعٍ، فماذا تعهد إلينا؟ فقال: أوصيكم بتقوى اللهِ والسمعِ والطاعةِ وإن عبدًا حبشيًّا، فإنه من يعِشْ منكم بعدي فسيرى اختلافًا كثيرًا، فعليكم بسنتي وسنةِ الخلفاءِ المهديّين الراشدين تمسّكوا بها، وعَضّوا عليها بالنواجذِ، وإياكم ومحدثاتِ الأمورِ فإنَّ كلَّ محدثةٍ بدعةٌ، وكلَّ بدعةٍ ضلالةٌ». (رواه أبو داود وصححه الألباني). 

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай бир ваъз қилдиларки, ундан кўзлар ёш тўкди, қалблар қўрқувга тушди. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, бу видолашаётган одамнинг мавъизасига ўхшайди, бас бизга нимани васият қиласиз?” деди. Расулуллоҳ дедилар: “Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни, (мусулмон раҳбар) агар ҳабаший қул бўлса ҳам қулоқ тутиб, итоатли бўлишни васият қиламан. Сизлардан кимки ҳаёт бўлса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатим ва ҳаққа ҳидоят қилинган, тўғри йўлга бошловчи халифаларнинг суннатларини лозим тутинг, уларни маҳкам ушлангиз, (Динда) янги пайдо қилинган нарсалардан четланинг, зеро ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъатдир ва ҳар бир бидъат адашишдир». (Имом Абу Довуд ривоятлари, саҳиҳ).
Уммат 73 фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги ҳадис:

Инсон Қуръони карим, саҳиҳ ҳадислар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромларнинг сийратлари асосида ҳаёт кечиришдан узоқлашгани сари ҳақ йўлдан адашиб кетиш хатари кучайиб боради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ваҳйи ила келажак воқеалар ҳақида хабар бериб айтдилар:

«…تفترقُ أمَّتي على ثلاثٍ وسبعينَ ملَّةً، كلُّهم في النَّارِ إلَّا ملَّةً واحِدةً، قال: مَن هيَ يا رسولَ اللَّهِ؟ قالَ: ما أَنا علَيهِ وأَصحابي…»

«Умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади, уларнинг барчаси дўзахга тушади, магар бир тоифа (жаннатга киради)». У (жаннат аҳли бўладиган тоифа) ким, эй Расулуллоҳ, деб сўралганда жавоб бериб дедилар: «Мен ва асҳобларим (юрган) йўл(ни маҳкам тутган тоифа)». (Абудовуд, Тирмизий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган, саҳиҳ)

Бидъатларнинг умумий тақсимоти:

Уламолар инсонни ҳақ йўлдан адаштириб юборадиган бидъатларнинг даражасини умумий тақсимланганда икки қисмга бўладилар:

1- Куфри акбар ва ширки акбар деб ҳисобланадиган бидъатлар;
2- Куфр ва ширкдан кичкинароқ бўлган бидъатлар.

(Маорижул-қабул китоби, Ҳофиз Ҳакамий)

Адашишлар турли даражада:

Ислом уламолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар тутган йўлдан адашиб кетган 72 фирқа ҳақида, балки ҳатто Исломдан бутунлай чиқиб кетган тоифалар ҳақида мусулмонларни уларнинг адашган йўлларидан огоҳлантириш учун кўпдан кўп китобларни ёзганлар.

Бидъатларга кириб кетган тоифаларнинг номларини, адашиб кетиш даражаларини тайинлашда илмлари етганича ижтиҳод қилганлар ва умматга ўз насиҳатларини тақдим этганлар.

Ислом оламида пайдо бўлган баъзи оқимлар мусулмонликни даъво қилса ҳам, улар Ислом динидан бутунлай чиқиб, кофиру мушрик бўлиб кетган. Ундай тоифалар ҳадисда ишора қилинган 72 фирқадан деб ҳисобланмаган.

Имом Бухорий ўзларининг «Халқу афъолил-ибод» китобларида ана шундай тоифалардан бири – Жаҳмийялар ҳақида салафи солиҳларнинг сўзларидан ривоят қилиб келтирадилар.

Ривоятлардан бирида имом Вакийъ ибн Жарроҳ бундай дейдилар:

«أَحْدَثُوا هَؤُلاءِ الْمُرْجِئَةُ الْجَهْمِيَّةُ، وَالْجَهْمِيَّةُ كُفَّارٌ… وَعَلِمْتُمْ كَيْفَ كَفَرُوا، قَالُوا: يَكْفِيكَ الْمَعْرِفَةُ، وَهَذَا كُفْرٌ، وَالْمُرْجِئَةُ يَقُولُونَ: «الإِيمَانُ قَوْلٌ بِلا فِعْلٍ»، وَهَذَا بِدْعَةٌ…» (رواه البخاري في خلق أفعال العباد)

«Жаҳмий муржиалар (динда) янги нарсаларни пайдо қилдилар. Жаҳмийялар кофирдирлар … Улар қандай кофир бўлганлигини билдинглар. Улар: «Билиб қўйишинг ўзи етади» деб айтдилар. (Яъни, Аллоҳнинг илоҳ эканини билиб қўйсанг бўлди, иймон шу, бундан ортиғи шарт эмас, деган куфрий бидъатни пайдо қилдилар). Бу куфрдир. Муржиалар эса: «Иймон фақат сўздир. Амал эмас» (яъни, амаллар шарт эмас, инсон иймон келтирганини тили билан айтса бўлди), деб айтадилар. Бу бидъатдир! …» («Халқу афъолил-ибод» китоби, 15-бет)

Худди шунингдек бошқа уламолар ҳам эътиқодда адашган тоифалар ҳақида ёзилган илмий китобларда Ислом умматини каттаю кичик бидъатлардан огоҳ этганлар ва баъзи тоифаларнинг туғёни ҳаддан ошиб, бутунлай кофир бўлиб кетишгача борганлигини баён қилганлар.

Аллоҳ таоло Ўзи бизларни залолат йўлларидан саломат сақласин.

Дунёда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади

Ислом дини бировларнинг устидан уларнинг махфий ҳолатларига асосланиб ҳукм чиқаришдан қайтаради.

Ким ўзининг мусулмонлигини эълон қилиб, шаҳодат калимасини айтса унга мусулмон сифатида, «мусулмон эмасман» деса кофир сифатида муомала қилинади.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам зоҳиридан мусулмон бўлиб олган мунофиқларга ҳам мусулмонлар қаторида муомала қилганлар.

Ҳатто жиҳод майдонида кофирлар қатл бўлиб кетишидан қўрқиб, зоҳиридан Исломни қабул қилиб, таслим бўлса биз уларни мусулмонлар сифатида қабул қилишимиз керак.

Бу борада саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлган Усома ибн Зайд ва Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумнинг қиссаларидан ибрат олишимиз мумкин.
Агар кимдир ўзининг мусулмонлигини билдирмасдан юрса, унга ҳам унинг зоҳирий ҳолатига биноан – яъни худди кофирдек – муомала қилинади.
Бунга Бадр жангида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга бўлган муносабатлари далил бўлади.
Келгуси қисмларда бу қиссалар билан балки батафсилроқ танишиб ўтармиз, иншоаллоҳ.

Ҳозир эса кофирларга ҳам Исломий ахлоқ-одоблар асосида муомала қилиш лозимлигини эслаб ўтамиз.

Кофирларга ҳам Исломий ахлоқ-одоблар асосида муомала қилинади

Ўзининг мусулмон эмаслигини очиқ-ойдин айтадиган одамга кофир сифатида муомала қилинади, дейилиши уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлиш керак, дегани эмас.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади:

{لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ * إِنَّمَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ قَاتَلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَأَخْرَجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ وَظَاهَرُوا عَلَىٰ إِخْرَاجِكُمْ أَنْ تَوَلَّوْهُمْ ۚ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ}. [الممتحنة: 8-9].

«Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан — уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан — улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир». (Мумтаҳана: 8-9 оятлар).

Раҳмону Раҳийм бўлган Парвардигор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун оламга раҳмат қилиб юборган.

{وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ}. [الأنبياء:107].

«(Эй Расулуллоҳ), дарҳақиқат, Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб (яъни, Аллоҳнинг раҳмати-марҳамати бўлган ҳолингизда) юбордик». (Анбиё: 107).

Ўзимизни у зотнинг умматлари деб билсак у зот бутун башариятга қай даражада раҳм-шафқатли бўлган бўлсалар, биз ҳам ана шундай бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Одамларни Исломга тарғиб этиш, адашган тоифаларни турли-туман хурофотлар ботқоғидан олиб чиқиш каби буюк ибодатларни бажо қилиш учун энг аввало чиройли муомалани билишимиз, доимо гўзал хулқли бўлишимиз даркор.

Нима қилсак кофирларда Исломга муҳаббат пайдо бўлиб, ўз ихтиёрлари билан мусулмон бўлишади ва бидъатчилар Суннат йўлига қайтишади, бу инсонларни Охират азобидан қутқариб қолишимиз учун қандай гўзал услубларни қўллашимиз мумкин, деган масъулият ва ҳақиқий Исломий ғам-ташвиш устида кўпроқ бош қотирайлик.

Куфр амалини қилиб қўйган мусулмонни дарҳол кофирга чиқариш жоиз эмас

Мусулмонлигини эълон қилиб турган муайян бир шахс куфрий ва ширкий иш қилиб қўйса ёки ана шундай бир сўз айтса унга нисбатан «бу одам Ислом динидан чиқди, кофир бўлди», деб ҳукм чиқариш энг хатарли масалалардан ҳисобланади ва бундай оғир масъулиятлар фақат уламолар ва қозиларга топширилади.

Уламолар ҳам назарий далиллар билан чекланиб қолмасдан, воқеликни атрофлича ўрганишлари, ҳар томонлама текширувлар ўтказиб кейин ҳукм чиқаришлари лозим бўлади.

Баъзида инсон ўзи билмасдан ширк қилиб қўяди, яна баъзида уни кимдир ёки нимадир мажбур қилганлиги туфайли куфр сўзни гапириб қўйган бўлади.

Ислом тарихидан маълумки, адашган тоифаларнинг эътиқодларига куфрий ва ширкий бидъатлар аралашиб кетган, шундай бўлса ҳам Аҳли сунна уламолари уларнинг аксариятларини кофирга чиқаришмаган.

Чунки улар жуда кўп ҳолатларда илмсизликлари ва қалбларида пайдо бўлиб қолган турли-туман шубҳалар туфайли ўзларининг хатоларини тушунмайдилар.

Шунинг учун уламолар эътиқод китобларида бу қоидани ҳам ҳужжатлари билан батафсил баён қилганлар …