Рўза ва ҳайит кунларидаги ихтилоф ҳақида

Савол:

Мен Қирғизистонданман. Бизда ҳайитни сешанба куни деб айтишяпти.
Сизларни сайтингизда эса душанба куни деб эълон қилинибди.
Биз кимга эргашайлик?

Билмайдиган нарсани биладиган аҳли илмлардан сўрангизлар, дейилгани учун сўраб оляпмиз. Безовта қилган бўлсам узр.

Аллоҳим яхши ниятларингизни амалга оширсин.

Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Бу борадаги шаръий тартиб-қоида қуйидагича:

Янги ҳилол чиққанлигини ўз кўзлари билан кўрган кишилар мусулмонларнинг раҳбарлари ёки қозиёт ҳузурига бориб гувоҳлик беришлари лозим бўлади. Раҳбарият уларнинг гувоҳликларини ё қабул қилади ёки йўқ.

Агар қабул қилса якун топаётган ой 29 кун билан тугайди, қабул қилмаса 30 кун қилиб тамомланади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам омма мусулмонлар ўзларининг диёрларидаги эътироф этилган диний раҳбарларнинг қарорига итоат қиладилар.

Ой хоҳ 29 хоҳ 30 кун бўлсин, зарари йўқ. Муҳими, 28 кунга камайтириб ёки 31 кунга кўпайтириб олинмаслиги керак.

Шунда ҳар бир минтақадаги инсонлар ўзларининг ҳудудларидаги мусулмонлар билан баробар рўза тутадилар ва биргаликда байрам қиладилар.

Ким қайси давлатда бўлса ўша ердаги мусулмонлар жамоасига эргашиши керак. Бундай ишларда озчилик бўлиб ажралволиш жоиз эмас.

Бу борада кенгроқ маълумотга эга бўлишни хоҳлаган ва араб тилидан бохабар бўлган толиби илмлар қуйидаги ҳавола орқали имом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг фатволари билан танишиб чиқишлари мумкин: islamway/fatwa6250

Бугунги кунда кўпчилик биродарларимизни иккилантириб қўяётган янги муаммо шуки, Ислом оламидаги баъзи ҳукуматларнинг диний идоралари янги ой кирганини исбот қилишда шаръий йўл бўлмиш ҳилол чиқишини кўз билан кузатишни эътиборга олмаяптилар. Бу албатта хато иш. Лекин унинг гуноҳи уларнинг ўзларининг зиммаларига тушади.

Мусулмон халқлар эса, модомики 29 кун ёки 30 кун рўза тутаётган эканлар, уларга ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Хулоса шуки, сизлар ҳам Қирғизистон мусулмонларининг эътиборли уламолари ва қозиларига эргашаверинглар.

Агар бордию, мусулмонлар жамоаси иккига бўлиниб қолсалар ва уларни битта раъйга жамлаш имкони бўлмаса, бундай ҳолда ҳеч қайси бир томонни инкор қилмасдан, умматнинг бирлигини сақлашга ҳаракат қилиниши даркор.

Жамоат бўлиб бажаришга буюрилган барча исломий ибодатларга эътибор бериб қарасак, улардаги энг буюк тарбиялардан бири, Шариати мутаҳҳарамиз мусулмонларнинг бирлигини сақлашга жуда ҳам катта эътибор қаратганига ва бу нарсани қайта-қайта таъкидлаб туриш жуда ҳам зарурлигига гувоҳ бўламиз.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчалармизни ҳақ йўлда бирлаштириб, комил ихлос, манфаатли илм ва етук ҳикмат насиб айласин.

* Мавзуга оид савол-жавоблар:

Мамлакатлар орасида Ийд кунидаги фарқнинг ҳукми

Рўза ва ҳайит кунлари ҳақидаги ихтилоф қандай ҳал қилинади?

«Ислом Овози» таҳририяти