Зулҳижжа ойи бошланди!

“Ислом Овози” таҳририятига келган хабарларга кўра эртага 2013 йил, 6 октябр якшанба куни Зулҳижжа ойининг биринчи куни экани маълум бўлган. Шу сабабдан саҳифамиз ўз мухлисларига ушбу хушхабарни маълум қилишдан мамнунлик изҳор этади. Бу хабар бир неча исломий ахборот манбалари томонидан тарқатилди. Уларга кўра бугун шанба кечқурун янги ойнинг ҳилоли кўрингани, бинобарин, якшанба 1434 ҳижрий йил, Зулҳижжа ойининг биринчи куни бўлиши айтилган. Агар бу хабар мамлакат расмий идоралари томонидан тасдиқланса, 2013 йил, 14 октябр душанба арафа куни бўлади, иншоаллоҳ. Эртасига 15 октябр сешанба куни эса муборак Ийдул-Азҳо байрамидир.

Арафа ва ҳайит кунини аниқлаб, уларни мусулмонларга эълон қилишлик ҳар бир мамлакат ҳукумати ва диний идораларининг масъулиятларидир. Ўша минтақадаги аксар мусулмонлар қайсидир кунни ҳайит деб иттифоқ қилишган бўлса шунга риоя қилишлик лозим бўлади, гарчи ҳилолнинг кўринишига нисбатан хато белгиланган бўлиб қолса ҳам. Эътиборли уламолар Қуръон ва Суннатда собит бўлган шариатнинг умумий қоидаларига биноан шундай фатво беришган.

Қуйида Зулҳижжанинг ўн кунлигига оид устоз Обидхон қори аканинг аввал эълон қилган баъзи қисқа маъруза ва насиҳатлари билан танишишингиз мумкин. Кенгроқ маълумотларни юқорида ”Зулҳижжа” бўлимидан топасиз, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таолодан Ўзбекистон ва бутун олам мусулмонларига тинчлик ато айлашини, беморларимизга шифо, мазлумларга Ўз нусратларини юборишини ва қадрли Обидхон қори акани тезроқ ўз яқинларининг бағрига қайтаришини сўраб қоламиз.

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигини чиройли ибодатлар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб этсин.