Петиция

Швеция қироллиги ва Россия Федерацияси ҳукуматларига мурожаат
Петицияга қўшилиш учун ушбу линкни босинг

Бундан бир йил муқаддам, 2012 йилнинг 22-февралида Швециянинг Стрёмсунд номли кичик шаҳарчасида сиёсий қочқин мақомида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик таниқли ислом уламоси Обидхон қори Назаров отиб кетилган эди.

Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлари Ташкилотининг махсус қўмиталари, Европа Иттифоқи ва АҚШ давлат органлари томонидан репрессив, зулмкор давлат сифатида эътироф этиб келинади. Жумладан, Ўзбекистонда дин ва виждон эркинлиги мавжуд эмаслиги, мустақил ва адолатли судлов тизими йўқлиги, қийноқлар эса давлат даражасида кенг тарқалганлиги таъкидлаб келинади.

Имом Обидхон қори Назаров Ўзбекистон ҳукуматининг бетиним таъқибларидан қочиб, 2006 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар Олий Комиссарлиги орқали Швециядан бошпана топган эди.

2012 йилнинг 12-октябридаги кўплаб швед ва Россия оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон бўйича ихтисослашган интернет саҳифалари хабарига кўра, Россия Федерацияси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Обидхон қори Назаровга суиқасд қилишда гумон қилиниб, қидирилаётган Юрий Жуковский қўлган олинган. Бироқ, суиқасд амалга оширилганига бир йил тўлмоқдаки, ҳали-ҳануз суиқасд ижрочилари ва буюртмачилари қўлган олинмади, жиноятларига яраша жазога тортилмади.

Ушбу вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари Швеция ҳукуматига қуйидаги талаблар билан мурожаат қилади:

  1. Швеция давлати ва Европа Иттифоқи давлатларининг барча имкониятларини ишга солиб, Обидхон қори Назаровга суиқасдни амалга оширган шахслар ва буюртмачилар топилсин! Агар суиқасд ижрочилари ва буюртмачилари швед суд тизимидан бўйин товлайдиган бўлишса ва уларга нисбатан айблов билдириш учун етарлича ашёвий далиллар тўпланган бўлса, сиртдан судлов жараёни назарда тутилсин!
  2. Жамоатчиликни ушбу тергов жараёнлари борасида тўлақонли ахборот билан таъминлаб борилсин!
  3. Швецияда истиқомат қилаётган бошқа ўзбекистонлик қочқинлар хавфсизлигини кафолатлаш борасида қўшимча чора-тадбирларни амалга оширилсин!

Россия ҳукуматига мурожаат:

  1. Россия ҳукумати И.Каримовнинг зулмкор тизими истиқболга мутлақ эга эмаслигини инобатга олишини сўраймиз. Ўттиз миллионлик Ўзбекистон жамияти учун режим тўлалигича ва батамом обрўсизланган. Ўзбекистон жамоатчилигининг шу нарсага ишончи комилки, Юрий Жуковский Россия куч ишлатар тизимлари қўлида сақланмоқда. Юрий Жуковскийнинг Россия Федерациясидан Швеция суд тизими ҳукмига экстрадиция қилиниши, ўзбекистонликлар назарида, Россия томонидан қилинган унутилмас тарихий воқеа бўлар эди. Биз, Юрий Жуковскийнинг экстрадиция қилинишини сўраймиз!

Петицияга қўшилиш учун ушбу линкни босинг