Намоз пайтида олдидан ёш бола ўтиб кетса намоз бузиладими?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Бир ёшли ўғлим бор. Намоз ўқиётганимда жойнамознинг устига чиқиб кетади ёки олдимдан ўтиб кетади. Шундай пайтларда намозни тўхтатиб қайтадан бошлашим керакми ёки давом эттираверсам бўладими? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз. Олдиндан сизларга раҳмат.

Шоҳида.

Жавоб:

Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ёш бола ўтиб кетса намоз бузилмайди. Аммо инсон қаерда бўлса ҳам агар намоз ўқиганда олдидан биров ўтиши эҳтимоли бўлса, аввал сутра қўйиб, кейин ўқиши керак. Сутра намоз ўқиганда олд томонга қўйиладиган тўсиқ. Саволнинг қисқа жавоби шу.

Энди намоз ўқиётган одамнинг олдидан кимдир ёки нимадир ўтиши масаласида бир оз тўхталамиз.

Саҳиҳи Муслимда келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётган одамнинг олдидан аёл киши ўтса намоз бузилади деган сўзлари ривоят қилинган.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: « يَقْطَعُ الصَّلاَةَ الْمَرْأَةُ وَالْحِمَارُ وَالْكَلْبُ وَيَقِى ذَلِكَ مِثْلُ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ ». رواه مسلم.

Шу ҳадисда «Эгарнинг ёғочи баробаридаги нарса намозни сақлайди» дейилган. Уламолар бундан сутранинг баландиги икки қаричдан иборат бўлишини истинбот қилишган.

Сутра «Сатара» ва «сатр» калимасидан олинган бўлиб тўсиш, ёпиш деган маънони билдиради. Cутра ҳақида иншоаллоҳ, бошқа вақт сўзлаймиз. Ҳозир эса намоз ўқиётган одамнинг олдидан биров ўтса намоз бузиладими ёки йўқми шу ҳақда гапираяпмиз.

عن عائشة رضي الله عنها أنها قالت كان النبي صلى الله عليه و سلم يصلي من الليل وأنا معترضة بينه وبين القبلة كاعتراض الجنازة. رواه مسلم.

Оиша разиялоҳу анҳодан ривоят. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда намоз ўқирдилар. Шунда мен у киши билан қибла орасида худди жаноза каби кўндаланг ётган бўлардим». 

(Муслим).

Бу ҳадисга кўра жумҳур уламолар агар намоз ўқиётган одамнинг олдидан хоҳ аёл, хоҳ эркак киши ўтса, намоз бузилмайди, деб хулоса қилишган.

وقال مالك وأبو حنيفة والشافعي رضي الله عنهم وجمهور العلماء من السلف والخلف لا تبطل الصلاة بمرور شيء من هؤلاء ولا من غيرهم وتأول هؤلاء هذا الحديث على أن المراد بالقطع نقص الصلاة لشغل القلب بهذه الأشياء وليس المراد إبطالها. )شرح النووي على مسلم – (4 / 227)

«Молик, Абу Ҳанифа ва Шофеий разияллоҳу анҳумлар ва салафу халаф жумҳур уламолар бу айтилган нарсалардан биронтаси ёки булардан бошқа бирор нарсанинг ўтиши намозни бузмайди, дейишди. Бу олимлар намоз бузилади, деган ҳадисдан мурод намоз ботил бўлади дегани эмас, балки намознинг ажри ноқис бўлиб қолади, деганидир, деб айтганлар. Чунки қалб шу нарсаларга чалғийди».

(Нававий, Шарҳи Муслим).

Намоз пайти келганда агар бола ўйинчоқ ўйнайдиган бола бўлса, ўйинчоқ билан овутиб қўйиш керак. Агар жуда кичик бўлсаю унга қараб турадиган одам бўлмаса ва бола йиғлаётган бўлса уни кўтариб ўқиш ҳам мумкин.