Соғинч мактуби

Бўлимлар: Шеърият

Устозимиз муҳтарам Обидхон қори акага

Беш ой ўтди… Мана, келди Рамазон,
Кутмоқдамиз, аммо сизсизмиз ҳамон.
Оламга ҳар куни офтоб чиқару
Лекин гўё ҳечам боқмас биз томон.

Йигирма икки йил ўтди-ю кетди,
Шу кун туғилганлар вояга етди.
Кимга кўп, кимга кам – Ислом аҳлига
Яхшилигингиздан насиба етди.

Илм ва маърифат, Ислом ва иймон
Маслагингиз эди Сизнинг ҳар замон.
Бизни руҳлантириб, Сиз айтган сўзлар
Қалбларда жаранглаб турар ҳар қачон.

Ўргатдингиз бизга Ислом, иймонни
Тушунтирардингиз ҳадис, Қуръонни.
Синовлар келганда эслатардингиз,
Саҳобалар сабот кўрсатган онни…

***

Ҳадисдан эҳтимол кўплар хабардор:
Олим учун Пайғамбардан мерос бор!
Расулу набийлар илм қолдирган,
Мерослари эмас дирҳаму динор!

Билардик, олимлар анбиёлардек
Аллоҳнинг динини етказади, лек
Билмаган эканмиз, кўп синовлар ҳам
Олимга келаркан, пайғамбарлардек.

Шундай… Пайғамбарлар эди муҳожир,
Эмасдилар дунё истаган тожир.
Аллоҳнинг динига даъват қилсалар,
Қуварди уларни фосиқу фожир.

Яъқубнинг қалбини этиб садпора,
Йўқолиб қолганда Юсуф бечора,
Сабр-ла кутдилар, йўл пойладилар.
Аллоҳдан синов бу, ўзга начора.

Пайғамбарлар отаси ҳазрат Иброҳим
Дердилар доимо: Аллоҳ – илоҳим!
Ҳатто шоҳ Сорани асир олса ҳам,
Дедилар: Нажот бер ўзинг Аллоҳим!

Пайғамбарлар тинмай кўрарди озор,
Золимлар уларни қақшатарди зор.
Ҳатто азм этдилар истаб ўлдирмоқ,
Шунчалик Иймондан эдилар безор.

***

Золим кўп интилди ойлару йиллар,
Машъум фитналарга бирлашди тиллар.
Сизни ҳибс этмоқ ё йўқотмоқ-чун,
Жосус-айғоқчилар кезди манзиллар.

Йиллар ўтди, кўп фитналар тузилди.
Ўн тўрт йил. Режанинг кўпи бузилди.
Бир кун келиб сизни тутқун қилмоқдан
Малъунлар қалбида умид узилди.

Золим ғазабланди, бўлмай кўнгли тўқ
Буйруқ берди: Тезда ҳозирлангиз ўқ!
Минглаган мил нари, узоқ юрт сари
Қотилин юборди қилмоқ учун йўқ.

***

Тақдир… Дунё бизни ғафлатга солди,
Манфур ортингиздан ўқ ота олди.
Пасткаш ўққа қалқон бўлолмай юрак
Эзилиб, умрбод армонда қолди.

***

Ёш-кекса қилмоқда дуо-илтижо,
Умидворлик, ишонч қалблардадир жо.
Сизни йўқотгандан ўксинган диллар
Шифони Аллоҳдан этади рижо.

Соғиндик… Интиқлик ила кутамиз,
Соғинч ёшларини ичга ютамиз.
Аллоҳ шифо берар, Қори ака ҳам
Соғаярлар, дея умид этамиз.

***

Мактубим сўнггида айтар сўзим бор,
Улуғ пайғамбардан саҳиҳ ҳадис бор:
Осмону ердаги бутун махлуқот
Олимнинг ҳаққига айтар истиғфор.

Аллоҳ, фаришталар, аҳли ер само,
Индаги чумоли унсиз, бесадо,
Инсонларнинг олим устози учун
Яхшилик сўрабон айтадир сано.

Булар ҳам майли-ку, бошқа бир гап бор,
Билингиз, олимга Аллоҳ Ўзи ёр!
Аллоҳнинг дўстига ким душман бўлса,
Раббим уруш очиб, уни қилур хор!

Ҳабибуллоҳ Асад

1433 йил, 1 Рамазон – 2012 йил, 20 июл

Стрёмсунд шаҳри. Швеция.