“Тақдирлар” рукнимизда навбатдаги қаҳрамонимиз ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир (4)

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Ўзбекистонликлар мустақилликдан аввал ҳеч қачон миллионлаб сонда ва бутун бошли оиласи билан муҳожиротда кун кечиришмаган. Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан кузатилган оғир иқтисодий шароит сабаб юз минглаб фуқаролар ўз оилаларини боқиш учун бирор бир иш топиш илинжида муҳожиротга юз тутишмоқда.

 2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлийлар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган. Шундай экан, мажбурий муҳожирот ортидан ўзбекистонлик муҳожирларнинг йўқотганларию топганлари нима бўлди? Муҳожирлик ҳаёти уларнинг оилаларию фарзандларининг тақдирида қандай акс этмоқда? Уларнинг бугунги кечмишларию эртанги кунга бўлган умидлари қандай? «Тақдирлар» рукнимиз ўзбекистонлик ана шундай турфа тоифа муҳожирларнинг ҳикояларига асосланган. Навбатдаги қаҳрамонимиз бир неча йилдан буён Оврўпо давлатларидан бирида муҳожиротда истиқомат қилаётган таниқли уламо Обидхон қори Назаровдир:

12-қисм

Бу ерда судларнинг мустақиллиги ҳам аҳамиятга молик масала. Ҳамма ерда бўлгани каби бу мамлакатда ҳам мусулмонларга шубҳа кўзи билан қарайдиганлар учрайди. Ислом динига нафратини ошкор кўрсатадиган одамлар чиқади. Аммо бу ерда ҳар ҳолда қонунлар амал қилади. Ўз ҳақингизни ҳимоя қиламан десангиз, сизга йўл очиқ. Одамлар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб ютиб чиқишга ишонадилар. Ҳижобга қаршилик қилгани учун судга тортилиб, катта жарималар тўлаб қутулган амалдорлар ёки хизматчилар ҳақида хабарлар чиқиб туради. Ўзбек ҳукумати эса мусулмонлик даъво қилгани ҳолда «ибодат либоси» деган чучмал иборалар билан ҳижобга қарши қонун чиқариб қўйган. Маълумки, судлар ҳамма даврларда, Ислом мамлакатларида ҳам, ғайри исломий юртларда ҳам адолат рамзи бўлиб келган. Суднинг мустақиллиги ниҳоятда муҳим масала. Қанийди, бизнинг юртларда ҳам суд ҳокимияти мустақил бўлсаю ҳокимлар, вазирлар қора стулларга ўтқазилиб тергов қилинётганини Ўзбекистон телевидениеси суд залидан бевосита дунёга узатиб турса!.. Президентнинг судъялар рўпарасида туриб жавоб бераётганини-ку, одамлар тасаввур ҳам қила олмайдилар. Аммо Аллоҳга осон, хаёлда эмас, ҳаётда шу нарса амалга ошиб қолса-чи?! Унда одамлар дастлаб ўз кўзлари ва қулоқларига ишона олмай турсалар керак. 27 миллионли аҳолининг ҳаммаси бир вақтнинг ўзида, бирданига ва бир хилда ширин туш кўраётгандек бўлиб қолса керак.

13-қисм

Аммо душманлар ва мунофиқларни зир титратган ҳазрати Умардек забардаст халифа ўзига қарши ҳукм чиқарган бир олимни шу қилган иши учун Кўфа шаҳрининг бош қозиси қилиб тайинлагани афсона эмас, тарихий ҳақиқат. Ҳазрат Умар тайинлаган ана шу қози замонлар ўтиб, ҳазрати Али халифалик қилган даврда одамлар орасида ҳали ҳам адолат билан ҳукм юритаётган эди. Аллоҳ битган ажиб тақдирни қарангки, Умарнинг зарарига ҳукм чиқарган бу қози халифа Алини ҳам маҳкамада сўроққа тутади ва у кишининг ҳам зарарига ҳукм чиқаради. Биз бугунги тизимларнинг яқин тарихи ичида ўз қўл остидаги судъя (қози) томонидан тергов қилиниб, ўзига қарши ҳукм ўқилган президент ёки подшоҳ ёки ҳеч бўлмаганда бирор ҳоким ҳақида эшитмадик. Ислом адолати рамзларидан бирига айланган ўша машҳур қози ким экан:

… Халифа ҳазрати Умар бир аъробий (саҳройи араб)дан от сотиб оладилар. Отни миниб бир оз юрганларидан кейин унинг яхши чопа олмаётгани маълум бўлади. От айбли экани яққол кўринади. Умар от сотган одамнинг олдига қайтиб борадилар ва: «Отингни ол, у яроқсиз экан» дейдилар. Аъробий: «Сотаётганимда менинг отим-соппа соғ эди, қайтариб олмайман» дейди. Умар: «Бўлмаса сан ўзинг бирор ҳакам топгин, у бизни келиштириб қўйсин», дедилар. Аъробий асли яманлик Шурайҳ ибн Ҳорис исмли кишининг отини айтади. Умар рози бўладилар ва аъробий билан Шурайҳнинг олдига борадилар.

Шурайҳ томонларни тинглаб бўлиб халифадан сўрайди:

– Эй Амирулмўминин, сиз отни олган пайтингизда у соғмиди?

Умар жавоб берадилар:

– Ҳа.

Шурайҳ:

– Унда сиз ё отни ўзингизда олиб қолинг ёки отни олган пайтингиздаги каби соппа-соғ ҳолида қайтаринг.

Умар ибн Хаттоб бу ҳукмни эшитиб, отни ҳам эсдан чиқардилар. Таажжуб ичида:

– Ҳукм дегани мана бундай бўлибди!! – деб юбордилар.

Умар бундай ҳаққоний ҳукмдан хурсанд бўлган эдилар. У зот шу заҳоти Шурайҳга буюрдилар:

– Мен сени бугундан эътиборан Кўфа шаҳрига қози қилиб тайинладим!

Умар давлат бошлиғига қарши ҳукм чиқара оладиган бу ҳакамнинг энг адолатли қози бўла олишини англадилар ва ҳеч иккиланмасдан шу мансабга тайинладилар. Умар ибн Хаттоб бундай қарорга келиб янглишмаган эдилар. Қози Шурайҳ узоқ умри давомида шу мансабда қолди ва учта халифа Умар, Усмон ва Али замонларида қозилик мансабида барқарор давом этди. Бирор маротаба на ўзининг ҳавосига эргашди, на бировнинг таъсирига тушди. Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатларидан бир қадам четга чиқмади.

14-қисм

Қози Шурайҳнинг ўғли бир гуруҳ одамлар билан низолашиб қолади. Шунда ота-бола ўртасида мана бундай савол-жавоб бўлиб ўтади:

Ўғил:

– Отажон, шу масалада мен ҳақманми ёки улар хақми, айтиб берсангиз. Агар мен ҳақ бўлсам, уларни маҳкамага тортаман, агар улар ҳақ бўладиган бўлсалар, ўзим улар билан келишиб оламан.

Шурайҳ:

– Сен уларни маҳкамага тортавер.Ўғил отасининг сўзидан хурсанд бўлиб кетади ва мен ҳақ эканман деб ўйлаб хусуматчиларни маҳкамага тортади. Маҳкама пайтида Қози Шурайҳ ишни ўз ўғлининг зарарига, хусуматчиларнинг фойдасига ҳал қилади. Бу ҳолатдан ҳайрон бўлган ўғил отасига айтади:

– Отажон, нега мени шарманда қилдингиз? Агар менинг ноҳақ эканимни аввалдан айтганингизда мен уларни маҳкамага тортмасдан ўзим келишиб олган бўлар эдим-ку.

Қози Шурайҳ жавоб беради:

– Ўғлим, сен мен учун бу хусуматчиларнинг мингтасидан кўра суюклироқсан. Аммо мен сенинг ноҳақ эканингни аввалдан айтсам, сен ўз раъйингга суяниб улар билан келишишга ҳаракат қилардинг. Оқибатда уларнинг ҳақидан бирор улуш сенда қолиб кетиши мумкин эди, мен шундан қўрқдим.Яна бир куни Қози Шурайҳнинг ўғли бир қарздор инсонни ўз кафиллигига олади, у одам эса қарзни тўламасдан қочиб кетади. Шундан сўнг Қози қарздорнинг кафили бўлмиш ўз ўғлини қамоққа олди ва то қарздор қайтиб келмагунча ўғлини қамоқдан озод қилмади. Ўғли қамоқда ётар экан, Қозининг ҳар куни унга ўзи овқат ташиганини ҳикоя қилишади.

Ислом адолатининг рамзи ва фахри бўлмиш Қози Шурайҳ 108 йил умр кўрди. Умар ибн Хаттоб уни 47 ёшида қозилик мансабига тайинлаган бўлсалар, у 107 ёшга етгунча узлуксиз 60 йил шу вазифани адо этди. Ўлимидан бир йил аввал мансабидан истеъфо берди. У зотга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин. Расулуллоҳ ҳадисларида келади: «Қозилар уч тоифа бўлади. Уларнинг икки тоифаси дўзахда, бир тоифаси жаннатдадир. Нохақ ҳукм чиқарган ва буни ўзи ҳам билиб турган қози дўзахдадир. Ўзи билмаган ҳолда одамларнинг ҳаққини йўққа чиқарган қози ҳам дўзахдадир. Қайси қози ҳақ билан ҳукм қилса у жаннатдадир». Термизий ривояти. Ўзбекистонда неча минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритган қозиларнинг қандай аҳволга тушишларини одамлар яқинда Қиёмат куни кўрадилар. Уламолар айтадилар: агар давлат адолат билан ҳукм юритар экан, у кофир давлат бўлса ҳам Аллоҳ давомли қилиб қўяди. Давлат агар адолатдан айрилса, у исломий бўлса ҳам албатта қулайди. Чунки Аллоҳ бандаларига зулмнинг узоқ давом этишига рози бўлмайди. Биз яшаётган мамлакат адолат борасида Ўзбекистон учун ибрат ва намуна бўла олади.

15-қисм

Бу айтилганлар билан бир қаторда бу ернинг ўзига хос мураккаб томонлари, қийинчиликлари ҳам мавжуд. Аммо инсон ўз иймонида ва ҳақ сўзида мустаҳкам бўлса, қаерда бўлса ҳам иншоаллоҳ Аллоҳнинг мадади ва нусратига мушарраф бўлади.

Швед ҳукуматининг болаларга бўлган эътибори жуда ҳам кучли экани биз ўзбекистонликлар учун ниҳоятда муҳим. Бу мамлакат мусулмон мамлакати эмас, шунинг учун эътиқод, урф одат ва аҳлоқи, турмуш тарзи ўзига хос. Бироқ бу ерда болалар ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамма нарсадан устун туради. Ўзбекистонда эса бу йил ҳатто 8 ёш болаларгача далага олиб чиқилгани ҳақида матбуотда ёзилди. Бу ерда боғчаларни қўяверасиз, аммо мактаблару касалхоналарнинг ҳаммасида, кўпгина магазинларда болалар учун алоҳида бўлимлар ташкил қилиниб, турли-туман ўйинчоқлар қўйиб қўйилган бўлади. Буларни кўриб юртимиздаги синиб, эскириб кетган ўйинчоғи бор болани кўрганда ҳавас билан қарайдиган болалар кўз олдимизга келади. Бу ерда мактаб ўқувчилари ниҳоятда қадрланади. Таълим системасининг афзал томонлари кўп. Мактабда ўқув шароитлари жуда кенг. Мусулмонларнинг фарзандлари учун қўшимча шароитлар яратилган. Мактабга қандай кийимда келиш ўқувчининг ўзининг ихтиёри. Муслима қизлар дарсга ҳижобда қатнашади. Намоз ўқиш учун мусулмон ўқувчиларга алоҳида хоналар берилган. Мактабда улар учун алоҳида қозонда ҳалол овқат тайёрланади. Агар битта мактабда, масалан, бешта ўзбек боласи бўлса, шулар учун мактаб маъмурияти она тилларини ўқитадиган алоҳида ўқитувчи ёллайди. Фарзандларимиз алҳамдулиллоҳ мактабда ўз она тиллари – ўзбек тилини ҳам ўқияптилар. Яқинда мактаб ўқувчилари учун бир ҳафтали каникул таътил берилди. Бир биродаримиз ўзининг 8 ёшли ўғлини каникулда дам олиб кетиш учун биз турган шаҳарга юборди. У бола бир ўзи 900 км узоқдаги шаҳардан самолётда учиб келди. Швеция ҳаво йўллари хизмати доирасида болаларнинг сафар қилишлари учун алоҳида хизмат турлари ташкил қилинган. Қайси бир ота-она боласини бошқа шаҳарга юбормоқчи бўлса, аэропротга олиб чиқади. Аэропорт ходимлари болани қабул қилиб оладилар ва сафар давомида унга ҳамроҳ бўладилар. Самолёт манзилга қўнганда болани кутиб турган қариндошига топширадилар.

16-қисм

Агар Ўзбекистон диёри мусулмонлар учун эркин мамлакатга айланса, биз иншоаллоҳ ҳаммамиз албатта қайтамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда муаммоларнинг ҳал бўлиши, жамият тараққиёти, унинг покланиши, турли иллатлардан халос бўлиши мусулмонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигига боғлиқ. Ўзбекистондаги муаммолар ва уларни ислоҳ қилиш йўллари жуда кўп жиҳатдан давлат ва дин орасидаги муносабатга боғланиб қолган. Агар давлат мусулмонларга нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирса, аҳвол ҳам тубдан ўзгаради.

Бугунги муаммолар тугунини қисқача қилиб икки нуқтада ифодалаш мумкин:

1. Давлат идоралари функциясининг бузилиши; Давлатнинг мусулмонларга қарши сурункали тазйиқ ўтказиши оқибатида давлат идораларининг ўз функциясини бажаришида бузилишлар юзага келган. Давлат бошқаруви, ҳатто ўз-ўзини бошқарув идоралари асосий куч ва имкониятларини диндорларни жиловлашга беҳуда сарф қилиб ётибди. Бу жуда катта маблағлар ва йўқотишлар эвазига амалга ошаяпти. Фараз қилайлик, агар бунча қувват ва имкониятлар таълим-тарбияни ислоҳ қилиш, иқтисодни ўнглаш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида сарф қилинганда эди давлат жуда катта ижобий ютуқларга эришган бўлар эди. Ҳозирда давлат идораларининг фаолият чегаралари бузилгани, жамиятда ҳалқ назоратининг умуман мавжуд эмаслиги оқибатида бу идоралар халқ ичида ўз обрўсини йўқотган ва ўз вазифасини қониқарли бажара олмайдиган ҳолга тушиб қолган.

Давлат ўзи қўллаган қўрқитув сиёсати сўнггидан ўзи ҳам ўз фуқароларидан қўрқадиган бўлиб қолган. Энди у омма халққа ишона олмайди. Давлат ўз хизматчиларини оддий мусулмонлардан ҳадик билан яшашга, уларга гумон ва нафрат билан қарашга, мусулмонлар ҳаётидаги оддий воқеа ҳодисалардан ҳам қора доғлар қидиришга, бегуноҳ одамларни шубҳа ва туҳмат билан жазолашга ўргатди. Бу эса сон-саноқсиз муаммолар занжирини яратди.

2. Ислом билимларининг сиқиб қўйилиши; Маълумки, Ўзбекистонда омма халқ учун Ислом мўтабар таълимот. Ислом халқнинг урф-одат ва турмуш тарзига сингиб кетган. Аммо давлат шу воқеликка мувофиқ сиёсат юритиш, халқнинг қалби билан муроса қилиш, бир-бирини тушуниш ўрнига, Ислом билимлари ва аҳлоқини ёйишга кескин қаршиликлар кўрсатиб келмоқда. Шу туфайли одамлар ўз динларининг яхшиликларидан баҳраманд бўла олмай қолганлар. Бу эса жамиятда саводсизлик, текинхўрлик, ўғрилик, порахўрлик, алдамчилик, гиёҳвандлик, зино, шафқатсизлик каби иллатларнинг ривожланишига олиб келган. Бунинг устига Ислом номи билан боғлиқ турли яширин фирқалар ҳам Ислом таълимотининг эркин эмаслигидан пайдо бўлган.

Ўзбекистондаги аҳволни яхшиланиши учун мана шу икки тугун ечилиши, хатолар тузатилиши керак. Шундагина одамларнинг ўз куч-қувватларини халқ манфаатлари йўлида сарф этишларига имкониятлар пайдо бўлади.

Манба: Би-би-си