Обид қорига суиқасд: Швед полицияси 2 шахсни қўлга олди

Бўлимлар: Матбуот

Швед матбуотига кўра, ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд қилишга алоқадорликда гумонланиб, ёшлари ўттизларда бўлган икки шахс қўлга олинган.

Швеция шимолида нашр этилувчи Östersund Posten газетасининг хабар беришича, асли ўзбекистонлик бўлган мазкур икки шахс кеча Швеция жанубида қўлга олинган.

Бу ҳақда журналистларга маълум қилган тергов раҳбари Кристер Петтерссон қўлга олинган шахсларнинг суиқасдга алоқадорлиги юзасидан «ҳақиқатга яқин сабаблар ва гумонлар» мавжудлини айтган.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров 22 феврал куни пешин намозига чиқаётган пайти, ўз уйи йўлагида яқин масофадан отиб кетилганди.

Тошкент режимининг ашаддий танқидчиларидан бўлган 54 ёшли имом 2006 йилдан буён Швецияда яшаб келаётганди.

Унинг ҳозир ҳам кома ҳолатида экани айтилади.

Кристер Петтерсонга кўра, ҳозирда икки шахсни ҳибсда сақлашни сўраб маҳаллий ҳакамга талабнома киритилган.

Асли ўзбекистонлик бўлган шахсларни ушлаш қарори афтидан ўтган жума куни олинган, дейилади швед матбуотида.

Кристер Петтерсон Обидхон қорига суиқасд амалининг асосий ижрочиси ҳамон очиқда қолаётганини айтган.

«Ҳужум қилган шахс афтидан бу мамлакатда эмаслигига оид маълумот бор,» деб айтган жаноб Петерссон.

Қўлга олинган асли ўзбекистонлик икки шахсдан бири инглизча ва шведча билиши, иккинчиси эса ўзбекча ва русчада яхши гапириши маълум қилинган.

Манба: Би-би-си